Rost24.uz сайтида “Россияда ўзбеклар аскарликка чорланмоқда, бюджетдан миллиардларни сарфлаётган Маънавият маркази эса уйқуда” мақола эълон қилинган эди.
Шундан сўнг Россияда аскарликка ёлланаётган ўзбекистонликлар юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо Ҳожиматов расмий муносабат билдирди:
“Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари Жаҳонгир Жалолов Россияда ишлаётган ва яшаётган Ўзбекистон фуқароларидан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши учун батальон тузиш ташаббуси билан чиққани бугунги кунда ватандошларимизга нисбатан янги маънавий таҳдидлар пайдо бўлаётганини кўрсатмоқда.
Жаҳонгир Жалоловнинг бу чиқиши, ўзбекларнинг нафақат у бошчилик қилаётган жамиятга бўлган ишончини сусайтирмоқда, балки Ўзбекистон халқини, Ўзбекистонда яшаётган қанчадан-қанча ота-оналар, турмуш ўртоқларини кечаю кундуз дуои-жонини қилиб турган келинлар, уларнинг фарзандларини ҳам жиддий ташвишга солмоқда.
Дунёда энг оғир гуноҳ бу ўз ватандошларинг, сенга ишонган одамларга ҳиёнат қилмоқ, уларни ҳалокатга бошламоқдир. Боз устига бундай гуруҳни Амир Темур номи билан аташни Ўзбек халқига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаш ўринлидир.
Албатта, тарихан бир бўлган икки биродар халқ ўртасида юзага келган урушни оқлаб бўлмайди. Бундай шахслар зиддиятни бартараф этиш, урушни тугатиш борасида ташаббус билан чиққанлари чин маънода инсонийлик, маънавиятлилик бўлар эди.
Ғурури, ори, ҳамияти бор инсон ўз ватандошларини бундай нафақат қонунга хилоф, балки миллий қадриятларимизга хилоф йўлларга бошламайди. Биз Россияда, Украинада яшаб, ишлаётган фуқароларимиздан ҳамиша огоҳ бўлиб, оқилона иш тутишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон тинчликсевар мамлакат. Биз ҳамиша тинчлик ва яхшилик йўлидаги ҳамкорлик тарафдоримиз. Юртимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг маъно-мазмуни ҳам ана шунда. Давлатимиз ташқи сиёсатда ҳамиша турли ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муаммоларни тинчлик ва музокаралар йўли орқали ҳал этиш йўлини тутади. Бу мамлакат тинчлиги, ободлигини таъминловчи энг инсонпарвар йўлдир. Шу боис биз Россия ва бошқа хорижий мамлакатлардаги ватандошларимиздан ҳамиша ҳушёр, мулоҳазали бўлишни, турли ахборот хуружлари, хавф-хатарлардан огоҳ бўлишларини сўраб қоламиз”.
* * * * * * * *
P.S.: Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари уйғондими?
Танқиддан сўнг марказ раҳбари ўзга юртда ҳарбий ҳаракатларга чақирилган ўзбекистонликларга ўз муносабатини билдирди. Аммо шуни таъкидлаш ўринлики, ақл ва маънавият марказлари ёнғиндан кейинги ўт ўчирувчи каби ҳаракатланмаслиги керак. Аслида, улар юзага келаётган касални аввалдан билиб, уни олдини олишлари керак эмасмиди? Фожиадан кейин афсусланадиган ақл марказларига бюджетдан миллиардлар сарфлашни тўхтатиш вақти келмадими?