Ўзбекистонда Маънавият ва маърифат маркази учун бюджетдан жорий йилнинг ўзида 62,3 млрд. сўм маблағ ажратилган. 2021 йилда бу маблағ 90 млрд. сўмни ташкил этган эди.
Рақамларни ўқисангиз сонияда оддий сонлар ҳаёлингиздан ўтиб кетиши мумкин, лекин сонлар ичидаги миллиардлар кичик ҳажмдаги маблағ эмас. Хўш бу пуллар қаерга кетаяпти. Самарали сафланди, дея оласизми?
Марказнинг 2021 йил ҳисоботида жойларда ташкил этилган маърузалардан бошқа жиддий илмий текширишлар, фейк ва дезинформацияларни ўрганиш бўйича тадқиқотларига кўзимиз тушмади. Балки, шунинг учун Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистондаги сепаратчи гуруҳлар фаолиятини ҳам пайқамай қолгандир. 2022 йил 1 июль санасида рўй берган воқеалар марказнинг Қорақалпоғистондаги фаолияти қанчалар самарасиз бўлганини кўрсатди. Худди шунингдек, бу марказнинг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидаги рус пропогандасини ўрганиш ва унга қарши бирон чора кўришига ҳам кўзимиз етмайди.
Маънавият ва маърифат маркази бюджетнинг миллиардлаб пулларини сарфлаб, амалга ошираётган ишлари, тарғиботи сезилмаётган бир вақтда Россиядаги ўзбек диаспораси раҳбарларининг чақирувлари самара бергандек. Ҳар иккиси ҳам тарғибот ва "провакация" билан шуғулланади, аммо негадир бюджетдан миллардлаб маблағ олаётган марказ тарғиботи мевалари кўринмаяпти.
Жамоатчиликни эса саволлар қийнайди: Бугунги кунда Россия фаолият юритаётган ўзбек мигрантлари Маънавият ва маърифат марказининг тарғибот ва маърузалари билан ўстирилган фуқаролар эмасми?
Ушбу марказнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳудудий бўлинмалари ва бюджетдан маош олиб ишлаб келаётган ходимлари бор. Улар ватанпарвар фуқароларни тарбиялай олмаганми?
Умуман олганда Марказ ўз низомида кўрсатилганидек ватандошларимизни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялай олмади. Бугун, ўзбекистонликлар нафақат Россияда, балки юртимизда ҳам Россия дезинформацияси билан йўғрилаётганда Маънавият ва маърифат марказининг ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида қандай тадқиқотлар амалга оширилаётганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Россиянинг Перм вилоятида ўзбек диаспораси раҳбари сифатида кўриладиган Жаҳонгир Жалоловнинг "Амир Темур" номидаги ўзбек кўнгиллилар батальони ташкил этиш ва ўзбекларни аскар сифатида Украинага жангга боришга чақириқ ҳақидаги видеолари тарқалган эди. Ушбу видео ортидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлишини огоҳлантирган.
Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров бошқа давлатлардаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга чақираётган ўзбекистонликлар фуқароликдан маҳрум этилиши ва мамлакатга киритилмаслиги кераклигини айтган. Қодировга кўра, ўзга юртларда ҳарбий ҳаракатларга ёлланишни беш йил озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш самара бермайди. Россиядаги бу ҳаракатлар “Миллий тикланиш” партияси раисини безовта қилгани тайин. Бироқ, бу вазиятни жимгина ҳазм қилаётган бюджет ташкилотлари ҳам бор.
Ҳозирча Маънавият ва маърифат маркази «Амир Темур» батальонини ташкил этишни таклиф қилган ва Ўзбекистон фуқароларини ўзга юртда жангга чорлаган Жаҳонгир Жалоловга нисбатан бирон муносабат билдирмади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига кўра, Маънавият ва маърифат маркази учун бюджетдан 62,3 млрд. сўм маблағ ажратилган. 2021 йилда бу маблағ 90 млрд. сўмни ташкил этган эди.
Rost24.uz сайти Маънавият ва маърифат марказининг йиллик фаолияти таҳлилига бағишланган алоҳида мақола эълон қилади. Сайтимиз иккинчи тараф муносабатини ўрганиш мақсадида бир неча ойдан буён марказ раиси билан алоқага чиқишга уринади. Аммо, ҳаракатларимиз самарасиз якунланмоқда. Марказ раиси бизни саволларимиз учун вақт топа олмаяпти. Марказ фаолиятини таҳлил қиларканмиз раис Минҳожиддин Мирзо нима иш билан банд эканлиги ҳақида ҳамон бош қотирмоқдамиз.