Давлат Экология Қўмитаси дастурлаш тизимини яхшилаш учун 515.000.000 сўм ажратган. Ишламаётган илова ва бот яратган компания тизимни яхшилаш учун биринчи мартта қўмитадан маблағ олаётгани йўқ.
Ўзбекистон экология қўмитасига миллиардлар ажратилади, лекин экологик муаммолар ечими топилмаяпти, дарахткушлик эса кундан кунга авжига чиқиб бормоқда. Мухбиримиз қўмита харажатларини ҳисоблаб, бир қанча саволларга дуч келди.
Давлат Экология Қўмитаси - давлат органи ҳисобланади. Бир йиллик бюджет тақсими 38 миллиард бўлиб, ўтган йилгига қараганда 15 % кам ажратилган. Аввалги йили бу кўрсаткич 45,7 миллиардни ташкил этганди.
Бу маблағларни қаерга, қандай сарфлангани ва қанчалик самарадорликка эришилгани алоҳида мавзу. Диққатингизни аниқ лойиҳага қаратмоқчимиз.
Июнь ойида Давлат Экология Қўмитаси дастурлаш тизимини яхшилаш учун 515.000.000 сўм ажратган.
Бундан "Ecofund" автоматлаштириш тизимининг функционалини кенгайтириш учун 126.000.000 сўм.
Унинг иккинчи қисмини ишга тушириш харажатлари эса 150.000.000 сўм деб белгиланган.
Эътибор қилинг «Эконазорат» телеграм - ботини ишлаб чиқиш учун 76.000.000 сўм яъни 7,5 минг доллар ажратилган бўлиб, бозор нархидан бир неча баробар қиммат хизмат кўрсатилганига гувоҳ бўласиз.
Соҳа вакиллари билан суҳбатлашганимизда, бот яратиш нархи 600 - 1000 доллар деб таъкидлашди. Бизни қизиқтирган масала - 7,5 минг доллар тўланганда қандай фавқулодда бот ишлаб чиқилар экан?
Кейинги хизмат - «ЭкоНазорат» Android мобил иловасини ишлаб чиқиш бўлиб, ушбу илова 2021 йилдан бери Google Playда мавжуд. Ўша вақтда ҳам бепул қилинмаган аввалдан мавжуд иловага ҳозир яна 8000 доллар нима учун ажратилди? Энг асосийси у ҳамон яхши ишламайди!
Google Playда иловани юклаб олиб, рўйхатдан ўтмоқчи бўлдик. Лекин, авторизация учун юборилган кодни киритганимизда тизим қабул қилмади ва хато деган ёзув чиқаверади, ёки умуман код тасдиқланмайди, loading деб тураверади. Ушбу муаммога фақат биз дуч келмаганимизни илова остига ёзилган изоҳлардан ҳам кўришингиз мумкин.
Дастур тарғиб қилинади, лекин у ишламайди
Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Ekopoytaxt телеграм-канали бир неча маротаба "EkoNazorat" ахборот-тизими ишга тушганини ёзди.
Каналда қолдирилган ҳавола эса ишламайди. Лекин, кўрсатилган ишонч- телефонида жавоб беришаяпти.
Ярим миллиардлик лойиҳани ким амалга оширмоқда?
Давлат харидлари электрон тизимида жойлаштирилган (лот рақами #22110025594212 остида) ҳужжатга кўра Давлат Экология Қўмитаси ва Furor Progress МЧЖ билан шартнома июнь ойида тузилган.
Ҳозир август, нима ўзгарди?
Тайёр бот қаерда? Нега «ЭкоНазорат» ишламаяпти?
Furor Progress қандай МЧЖ ва нима билан шуғулланишини текшириб кўрдик.
Orginfo.uz веб-сайтидан ушбу МЧЖ 2013 йилда ташкил этилган ва раҳбари Холдоров Илҳомжон Ғуломович, манзили Фарғона вилояти эканини аниқладик.
Қизиқ томони шундаки, худди шу МЧЖ бошқа манзилда ҳам бор.
It.market.uz сайтида Furor Progress ўзининг манзили деб Тошкент шаҳридаги Навои кўчаси 16А уйни белгилаган ва яна эски телефон рақамини қолдирган.
Ва шу веб-сайтда ўз лойиҳалари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилган.
Биринчи катта лойиҳа сифатида "ECOFUND" турибди, февраль 2020 йил санаси билан.
Бу тасодифми ёки бир дастур бир неча марта молиялаштирилганми?
Давлат Экология Қўмитасининг анча йиллардан бери ҳамкори бўлиб келган Furor Progress 2016 йилда қўмита учун "Clean City" дастурини яратган.
Ушбу лойиҳа биллинг тизими бўлиб, чиқиндиларни олиб кетадиган фирмаларни бирлаштирган дастури ҳисобланади.
Лекин ҳеч қандай ижтимоий лойиҳаларга алоқаси йўқ.
Orginfo.uz ва It.market.uzда кўрсатилган рақам бўйича боғланганимизда улар Тошкентда жойлашганини ва кичик лойиҳаларни олмаслигини айтишди. Ҳар бир лойиҳани ўзининг нархи борлигини таъкидлашди.
Давлат Экология Қўмитаси давлат бюджетидан олинган ярим миллиард сўм нега бундай сарфлангани бўйича тушунтириш берармикин ёки яна бирон майдароқ лавозимдаги ходимни ишдан бўшатармикин? Furor Progressдан эса дастурлари ва бот нега ҳозиргача ишга тушмаганига изоҳ кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, сайтимизда аввалроқ "«Mercedes», «Тoyota 200», «E-bora” ва «Volkswagen ID-6» — Экоқўмита раиси Н.Обломуродов хизматида» эканлиги ҳақида хабар берган эдик.
Давлат экология қўмитаси буни «асоссиз хабарлар» дея қайд этди ва қўмита раҳбарияти хизмат автомашиналаридан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга асосан фойдаланиб келаётганини маълум қилиб раддия берганди. Ваҳоланки, бир неча нашрлар 2021 йилдан буён қўмита раиси автомобиллари хусусида ёзиб келишади.