«Mercedes», «Тoyota 200», «E-bora” ва «Volkswagen ID-6» электр автомобиллари — Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раҳбари Нарзулло Обломуродовга худди ана шу энг сўнгги русумдаги замонавий машиналардан фойдаланади.
Бу пайтда эса худди шу тизимда фаолият юритаётган қўмитанинг вилоят бўлимлари ходимлари эса муаммоли жойларни чиқиб ўрганишга ҳам маошлари етмайди. Қўмитанинг вилоят бўлимлари танг аҳволда қолмоқда. Яъни, қўмита раиси Н. Обломуродов энг сўнгги русумдаги электрокарларда юрган бир вақтда Экология қўмитасининг ҳудудий бўлимларида ходимлар 1,5 млн. - 2 млн. сўм ойликка қаноат қилмоқда.
Хусусан, ўтган йили Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкентдаги «Юксалиш» умуммилий залида йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда қўмитанинг Жиззах бўлими вакиллари: вилоят бўлимларидаги аҳвол оғир эканлигини, маошлари бор йўғи 1 миллион 200 минг сўмни ташкил этишини, қўшимча тўловлар билан аранг 2 миллионга етишини айтишган.
Шунингдек, ўша йиғилишда ҳудудлар зарур техникалар билан жиҳозланмагани таъкидланган. Яъни дарахтларни илдизи билан кўчириб ўтказиш мосламаси фақатгина Тошкент шаҳридагина мавжуд, у ҳам бўлса бир дона эканлиги афсус билан тилга олинган. Бу ҳақида сайтимизда “Ўзбекистон экологияси кам маош, техникаси ва ваколати йўқ, абгор ҳолатдаги қўмита қўлида қолмоқда” мақола эълон қилинган эди.
Rost24.uz сайти Обломуродовнинг 4 та хизмат машиналари ҳақидаги маълумотни ишончли манбадан тасдиқлади.
Бутун бошли қўмитада бир дона дарахтларни илдизи билан кўчириш ускунаси бор бўлса-ю, раҳбарининг ўзига энг сўнги русумдаги 4-5 та машина хизмат қилса?! Rost24.uz'да бундан олдин “Экология соҳасида деярли ҳеч нарса қила олмаган экопартия раиси, энди Экология қўмитасига раҳбар бўлди” мақоласи ҳам эълон қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз: Н.Обломуродов республиканинг етакчи нашрларидан бири бўлган "Халқ сўзи" газетаси Бош муҳаррири Ўткир Раҳматовнинг куёви ҳисобланади.