Ҳеч бир ишни эплай олмаётган Журналистлар уюшмаси энди раддияшуносликка ўтди...(ми?)

14.08.2022 08:20

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси журналистика аслида нима эканини биладиган саводли раҳбарга муҳтож экани кундан кунга ойдинлашиб боряпти…

Rost24.uz'да эълон қилинган “Экология қўмитаси дарахт кесилиш машмашасида айбдор деб журналистни жазолади — АОКА, Масс медиа ва Журналистлар уюшмаси жим...” мақоласига Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раддия берибди. Эмишки, матбуот котибларига муносабат билдириш уларнинг вазифасига кирмас экан.

***

Уюшма фаолиятини кузатар эканмиз, шу вақтгача тизим учун арзирли бирор бир иш қилганини кўрганимиз йўқ. Бу ташкилот раҳбарларининг аъзолик ҳужжатларини тантанали равишда топшириб юрган суратларигагина кўзимиз тушаяпти холос.

Уюшма фахр билан тарқатаётган аъзолик гувоҳномалари аслида совет иттифоқи замонларидан қолган “ёдгорлик” экани ҳаёлларига ҳам келмаса керак. Гувоҳнома, кўкрак нишони топшириш маросимлари, журналистларни тўплаб ҳокимлик медиатурида иштирок этиб мақтовли мақолалар эълон қилдириш, тутуриқсиз постлар ёзиш, "оғзидан чиққан гапни қулоғи эшитмаслик" — нима деяётганини ўзи билмаслик бизнинг-ча, бугунги кун талабидаги уюшма вазифаси эмас.

Балки шунинг учун ҳам унда-бунда бериб қўяётган муносабатларининг кучи ҳам таъсири ҳам ҳеч кимга сезилмайди. 

Ташқарида эса журналистлар, матбуот котиблар фаолиятида бўронлар бўлмоқда. Очиқлик, эркин фикр, танқидий қарашга кўника олмаган айрим амалдор ва коррупционерларнинг ОАВга  босими тўхтагани йўқ. Турли йўллар, турли усуллар билан журналист аҳлини обрўсизлантиришга ўтган. 

Уюшма эса ўз дунёсида яна ҳисобот, PR учун учрашув ва тантанали ҳужжат топшириш маросимлари авж олган. Балки, бунда уюшма раҳбариятида бугунги кун замонавий журналистикаси ундаги муаммоларга теран назар билан қарай оладиган илмий ва амалий тажрибага эга мутахассисга эҳтиёж бордир.

Дарвоқе, Журналистлар уюшмасининг бугунги кунда эплаяпман деяётган ягона иши ўзини ҳимоя қилиб, раддияшунослик қилиш бўлиб қолмоқда.

Ўзи оддий ҳолатда ҳам оммавий ахборот воситаларини матбуот котибларининг биронта фактларга асосланмаган (асосли раддиялар ҳам бор) раддиясифат жавоблари босиб кетган. Асосли муаммолар кўтарилган мақолаларга аксар ҳолларда ҳисобот учун номига раддия берилмоқда. Ва бу раддияшуносларнинг ёнига энди Журналистлар уюшмаси ҳам келиб қўшилибди. Ажабланарлиси, асли вазифаси журналистларни ёнида туриш, уларни ҳимоя қилиш бўлса-да, бу нодавлат ташкилоти ўзини ҳимоя қилиш билан банд.

Медиамайдон ана шундай бир таранг вазиятга келганда, матбуот котиблари “виждони уйғоқ” адвокатларга айланаётган бир вақтда журналистлар уюшмаси раҳбари Олимжон Ўсаров матбуот котиблари уюшма томорқасига тегишли эмаслигини айтмоқда. Матбуот котиблари ва журналистларнинг фаолияти бир бири билан боғлиқ. Матбуот котибларининг очиқлиги журналистлар фаолиятига ижобий таъсир қилади. Айнан шунинг учун ҳам Rost24.uz сайти ҳар йили матбуот котибларини очиқлик даражасига журналистлар томонидан баҳо беришни анъанага киритган.

Журналистлар ижодий уюшмасида медиамакондаги юқорида айтилган вазиятларни тушуниб, унга муносабат билдирувчи, ёлғон раддиячи бўлмаган матбуот котибини қўлловчи мутахассис топилмайдими?

Журналистлар уюшмаси вазифасига медиамаконимиздаги раддиясифат жавоблар кўпайиши, раҳбарият хатоларини ёлғон билан яширолмаган матбуот котибларининг айбсизлиги каби муаммоларга эътибор қаратиш кирмайдими? Ёки Уюшма ҳам ўша “раддиябашара” жавоблар берувчи, юқори ҳисоботи учун ишловчи ташкилот ва котиблар қаторига кириб улгирганми?

Бугун медиамаконимизда журналистлар ва матбуот котибларининг муносабати таранг. Матбуот котибларининг асосий вазифасини эса раҳбариятлар ҳамон тушуна олмаётгандек. Мана шундай вазиятда балки уюшма “матбуот котиблари журналист эмас” биз улар ҳақида фикр билдирмаймиз, деб қочмасдан давра суҳбатлари уюштириши керакдир. Ана шундай масалалар юзасидан фаол ва устоз журналистларни тўплаб муҳокамалар уюштириш мавриди келди, назаримизда.

Хулоса ўрнида юқорида айтганимиз яна ўша гап: Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси журналистика аслида нима эканини биладиган саводли раҳбарга муҳтож экани кундан кунга ойдинлашиб боряпти…

Раддияшуносдан эса раддия кутамиз.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
30
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.08.2022 03:57
Офарин
15.08.2022 13:28
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси журналистларни ҳимоя қилиш ўрнига уларнинг ҳуқуқларини топтайдиган ташкилотга айланиб қолди.
14.08.2022 22:46
Ассалому алайкум! Ушбу мақолада, бош планга олиб чиқарилган суратни қуйилишига қаршиман. Ушбу суратни жойлаштиришда, кимдан, қачон рухсат олинган. Бу ҳолатга изоҳ беришингизни сўрайман. Ғ.П
14.08.2022 22:23
Bu muhokamani oldin viloyat va tuman hokimliklari matbuot kotiblarining mutaxassisligi jurnalistmi yoki lyuboy diplom bo'lsa ham ishga olaveramiz 4366-sonli PQning bizga ahamiyati yo'q degan hokimlardan boshlash kerak menimcha. Qolaversa matbuot kotiblarini suhbat va asosiysi tajribasi asosida ishga olish tizimi joriy etilishi kerak. Fikri ojizimcha agronom, matematik, fizik..... mutaxassisliklariga ega xodimlar matbuot xizmatida emas balki o'z soxasida faoliyat yuritishsa mana shunday tushunmovchiliklarning oldi olinib, barcha soxalarda o'sish bo'lardi.