Тошкентнинг Чилонзор кўчасида дарахтлар кесилиши аҳоли томонидан катта норозиликларга сабаб бўлган эди.
Экология қўмитаси бу норозиликларнинг айбдорини топган кўринади. Қўмитанинг матбуот котиби Бунёд Абдуллаев айнан шу норозиликлар сабабчиси сифатида ишдан олинганини айтмоқда.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев иккинчи бор ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берди. Бунга сабаб: "Чилонзордаги воқеада жамоатчиликнинг муҳокамасини, Экология қўмитасига эътирозларини тўхтатиб қололмаганлигим эмиш. Шу баҳона билан раис мени хонасига чақириб, оғир гаплар айтди. Чиқибоқ , ўз хоҳишимга биноан ишдан бўшашни сўраб ариза ёздим", дейди у Qalampir.uz сайтига берган интервюсида.
Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигининг асосий вазифаси сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига идоравий бўйсунувидаги матбуот хизматларининг сифатли фаолият юритиши, улар олдига қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, уларни малакали мутахассислар билан тўлдирилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юкланган.
Шу ўринда ушбу АОКА ташкилот вазифасини тўлиқ бажариб келаётган Бунёд Абдуллаевнинг ишдан четлатилишига очиқ муносабат билдирмаган. Шунингдек, одатда журналистларни ҳимоячиси сифатида кўрилган Масс медиа фонди ва Журналистлар уюшмаси ҳам Абдуллаев масаласи юзасидан чиқиш қилмади.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳолат Бунёд Абдуллаевнинг биринчи бор ишдан бўшатилиши эмас. Бундан олдин ҳам 2021 йилнинг 10 февралида Бунёд Абдуллаев бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида ўтган қўмита коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида турли хил босимлар остида ("штабдан" берилган топшириқни бажармагани сабабли) ҳайдалган эди.
Ишдан озод этилганидан сўнг орадан деярли бир йил ўтиб, 2022 йил январь ойида Бунёд Абдуллаев қўмита Матбуот хизмати раҳбарлиги лавозимига қайта тикланган.