Миллат генофондини ўйлайдиган вақт келмадими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги депутатлардан тамаки ва алкоголни чеклаш тўғрисидаги Қонунни тезлатишни сўради.
Вазирлик 2022 йилнинг 9 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги Ялпи йиғилишида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқилишини сўрамоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мазкур Қонуннинг Янги таҳрирда маъқулланиши миллат генофондини алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қилишга хизмат қилишини айтмоқда.
Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма еттинчи Ялпи мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 21 декабрда қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилган эди. 7 июнда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунда эса табиий ва кўпикланадиган винолар билан бирга пивони чекланган тарзда реклама қилишга рухсат берилган бўлиб, кўриб чиқилаётган Қонунда пиво рекламасини тўлиқ тақиқлаш кўзда тутилган эди.
Ушбу номувофиқликни ҳамда қатор жузъий камчиликларни бартараф этиш учун Қонун Қонунчилик палатасига қайтарилган.
Айни вақтда қуйи палата томонидан Келишув комиссияси тузилиб, Қонун Сенатнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилди.
Эртага, 9 август куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг навбатдаги Ялпи йиғилишида Қонун бўйича келишув комиссиясининг хулосаси кўриб чиқиш режалаштирилган.