АДОЛАТСИЗЛИК: Амалдорлар ва депутатлар банкоматдан пулини 0 фоизга нақдлаштиради, Сиз эса 1 фоиз тўлайсиз

28.07.2022 12:51

Адолатсизлик қаердан бошланади? Нега амалдорлар, вазирлар, депутатлар текинга пулини нақдлаштиради-ю, ўқитувчи, шифокорлар ёки оддий деҳқонларга бундай имтиёз берилмаган.  

Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, Олий Мажлис депутатлари банкоматлардан пластикдаги пулларини фоизсиз нақдлаштириб олишини биласизми? 

Банк мутасаддиларининг Rost24.uz'га маълум қилишича, бундай фоизсиз пул нақдлаштирадиган ташкилотлар Ўзбекистонда ўнга яқин. 

Ҳа, катта эҳтимол билан қолганлари ҳам бошимизда турган амалдорлару назоратчилар ишлайдиган давлат идоралари бўлса керак.  

Бу амалдорлар учунгина яратилган яна бир имкониятдир. Сизнинг-ча, бу адолатданми?

“Халққа нисбатан адолатсизлик!”


Ўзбекистон давлат амалдорлари фақатгина текин қора ойналарда юриш имконияти билан халқдан ажралиб турмайди. Улар учун яратилган имтиёзларнинг бири сифатида Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб келаётган банкоматларда пул ечишда фоиз ундирилмаслигини айтиш мумкин. Одамлар банкоматларда картадан пул ечиш фоизлари бирдан уч фоизга кўтарилишидан хавфсираб турган бир вақтда давлат амалдорлари пул нақдлашда маошларидан банкка фоиз бермайдилар.

Бир ой давомида меҳнат қилиб олган пулингизнинг бир фоизига банкларнинг шерик бўлиши нақадар адолатли? Қолаверса, айрим амалдорларнинг маошига банклар шерик бўлмайди. Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниевнинг айтишича, у иш жойидаги банкоматлардан деярли фойдаланмаган ва фоизлари миқдори ҳақида ахборотга эга эмаслигини айтади. “Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги банкоматлардан пул ечишда фоиз ечилмаса бу халққа нисбатан, адолатсизлик”, дейди Дониёр Ғаниев.

“Ипотека банк”нинг 10 та сирли мижозлари


Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўрнатилган банкомат “Ипотека банк”ка тегишли бўлиб, айнан шу банк мижозларидан фоиз ечилмайди.

Rost24.uz сайти “Ипотека банк” матбуот хизматига мурожаат қилиб қуйидагиларни аниқлади. “Ипотека банк” айрим мижозларига корпаратив хизмат сифатида ана шундай қулайлик яратиб берган ҳамда бу қулайликлар махсус танланган мижозлар учун бўлиб, банк улар номини очиқламади. Ана шундай мижозлар 10 га яқин бўлиб, банк уларни номини очиқлай олмаслиги, бу мижоз ва банк ўртасидаги сир эканлигини айтди. 

Аммо амалдорлар, хусусан, Админстрация, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси “Ипотека банк” мижозлари бўлгани учун фоиз ундирилмаслиги сир тутилиши тўғрими?

Халқ давлат амалдорлари ҳамма тўлаётган 1 фоиз ундирмадан қочганликларидан хабардор бўлиши керак эмасми?

Биз амалдорлар маоши ва тўловлари халқ учун шаффоф бўлиши лозимлигини тушунтиришимизга қарамасдан “Ипотека банк” сирли ва ҳукумат тарафдаги мижозлари тарафини олди ва сирни ошкор этмади.

Бироқ Rost24.uz'га айрим манбалар орқали шу маълумки, Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлисдаги банкоматлар ўз банки мижозларидан фоиз ечмайди. Бу имтиёзга ўқитувчи ёки бошқа бир соха вакили эга эмас. Айнан ана шу ҳукуматдаги амалдорларимизга берилган. Тушунгандек бўлаяпсизми?

Пул нақдлашда фоиз бермайдиган амалдорлар, халқ бўйнидаги 1 фоиз ундирманинг 3 фоизига кўтарилишига қанчалик қайғуриши мумкин. Банкоматлардаги ундирма 3 фоизга кўтарилиши ҳақидаги хабарларни Марказий банк рад этди, аммо қонунчиликка кўра, тижорат банклари пул нақдлашдаги комиссия тўловини мустақил белгилаши лозим.

Банклар нега маошимизга шерик бўлади бу тўғрими?
 

Табиий савол туғилади, ишлаб топган маошингизни нақдлаб олишда нима учун унинг 1 фоизини банкка беришингиз керак? Бу қанчалар адолатли? Мазкур саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қуйидагича жавоб берди:

“Банклардаги 1 фоизлик комиссия тўловига келадиган бўлсак, мени буни ноқонуний иш демаган бўлардим. Чунки, бу қонун билан белгиланган. Банк мижозга хизмат кўрсатаяпти, истеъмолчини пулини сақлаб бериб истаган жойида нақдлаш учун имконият яратиб бермоқда. Бироқ, буни адолатсиз, деган бўлар эдим. Чунки, бир фоиз бу жуда юқори кўрсаткич. Жаҳон тажрибасига назар солсак, банк ўзини мижозларини кўпайтириш учун, аҳоли гавжум жойларга банкомат қўяди ва хизматни бепул кўрсатади. Нафақат ўзининг мижозларига, балки бошқа банк мижозлари ҳам истаган банкоматдан фоизсиз пул нақдлаб олаверади.

Бизда эса ҳозир банкларни бепул пул ечишга зўрламаган маъқул. Чунки, бизда банкоматлар энди кўпаймоқда. Буни ўзига яраша харажатлари бор. Комиссия тўловини олиб ташлаш, банкоматларни кўпайишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бизда ҳозир банкоматлар кўпайиши керак. Банкларга инвестиция қилиш керак, лекин ҳар ҳолда ҳар битта банк ўз мижозларига, ўз банкоматларидан пул ечишда фоизсиз хизмат кўрсатса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Барча ҳудудда инфратузилма ривожланиб, банкоматлар кўпайгачгина, истеьмолчилар пул ечишда фоиз ечимини олиб ташлашни сўраса тўғри бўлар эди.

Марказий банк вакиллари билан суҳбатлашганимда, улар ҳам жаҳон тажрибасини тан олаяпти. Яъни, марказий банкдагилар мижозга қулайлик яратиш мақсадида пул ечишда тўловлар йўқлиги тўғрилигини қўллаб қувватлашади.  Аммо, ҳар битта тўлов учун тадбиркордан банк хизмат хаққи олиши тўғри. Агар, нақд пул ечишдаги тўловлар олиб ташланса, ҳар битта ҳарид учун тадбиркордан 0,02 фоиздан тўлов ечиш керак бўлади. Чунки, банк ҳаражатларини барибир қаердадир қоплаши керак”, дейди Дониёр Ғаниев.
 

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк маълумотига кўра, 2021 йил январь ҳолатида Ўзбекистон бўйича 12 180 та банкомат ва инфокиоскалар мавжуд бўлган. Банк карталари миқдори 23 миллиондан ортиқни ташкил этади. Чекка қишлоқларда эса ҳамон банкоматлар танқислиги кузатилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
31
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
31.07.2022 09:56
Яшанглар, ажойиб материал бўлипти. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар шунча безовта бўлишди лекин оқсуяклар жим. Аслида "оқсуяклар"ни ўзидан чиқиши керак эди бу хабар.
31.07.2022 03:55
Одам булиши кийин бу .....
30.07.2022 19:47
Битта саволга хеч хам жавоб тополмаяпман. Давлатимиз жахон банкларидан кичик процентга, атиги 1-2% га карз олади ва Марказий банк оркали хусусий тижорат банкларга таркатиб беради. Лекин фукарога эса бу банклар кредитни 25% дан кам булмаган фоизларда беришади. Хуш, уртадаги 24% нимага сарфланади? Тадбиркор кредит олиб бунака % и канака тулаши мумкин? Ишлаб чикараётган махсулотларимиз ва четдан олиб киргизалаётган махсулотларни кимматлигини сабаби шу эмасми?
30.07.2022 00:03
Хей банкирлар фойзсиз хизмат курсатинг. Иложи булса накд ойлик беринглар. Халк кийналиб беради уша 1%ни.
29.07.2022 18:05
Тил ожиз. Жонини кийнамасдан мазза килиб яшашади мансабдору амалдорларимиз. Пичок бориб суякка еттику.
29.07.2022 14:20
Банкаматларни ишга тушириш учун ўзига яараша харажатлари бўлса уни нега фақат оддий халқ тўлаши керак Амалдорларни иш хақи оддий ишчиникидан бир неча баробар кўпку Бизни банкларимиз халқга змас амалдорларга хизмат қилади Халқ сайлаган ўша амалдорларимиз халқни эмас фақат ўзларини ўйласа буни қандай тушиниш мумкин
29.07.2022 02:55
Холвани хоким,калтакни етим ер....
28.07.2022 23:43
Укитувчини ойлиги энг паст ойлик шу масалани куриб чикиш керак шунда узгариш булади миллатимизда...
28.07.2022 23:05
Тасанно долзарб мавзу
28.07.2022 20:42
Бекорларни айтибсиз, бу АДОЛАТДАН, бизнинг АМАЛДОРЛАР ва ДЕПУТАТЛАР "харом"дан хазар билишади, улар "судхўрлик"ка бутунлай "қарши"
28.07.2022 20:01
qoilman qattan olasizlar shuncha yolgonni. bizda amaldorlar halq uchun yashashadi. biz uchun jon kuydirib viliyatlarga borishadi. sizlar bolsa arzimagan muammoni yozib halqni bezovta qilmang. ahir ularni ham kimdir deputat qilgan ota onalari albatta.
28.07.2022 19:39
Қисқаси одам бўлмаймиз экан😃