Rost24.uz эълон қилган хабардан сўнг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Махсус штаб” тузиб, касалликни аниқлади.
Сариосиёда 4 ой давомида касалманд йилқиларга вақтида тўғри ташхис қўйилмагани сабаб, улар нобуд бўлиб келгани аниқланган. Бу ходисани Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Махсус штаби" томонидан ўрганилди.
Қўмита ахборот хизматининг маълум қилишича, отлар йилқиларда учрайдиган “Нуталлиоз” юқумсиз паразитар касаллигига чалиниши туфайли нобуд бўлган. Сариосиё туман ветеренария бўлими мутахассислари бу касалликни вақтида аниқланмагани туфайли, қишлоқда йилқиларда эпидимея кузатилаётгани ҳақида ваҳима кўтарилган.
Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, “Вочах” қишлоғидаги отларда аниқланган “Нуталлиоз” касаллиги илк бор апрель ойида кузатилган. Аммо, қишлоқ аҳли бир неча мутахассис ва туман ветеренария бўлимларига мурожаат қилишига қарамай касалликка тўғри ташхис қўйилмаган.
Сариосиё туманидаги отларда тарқалгани айтилаётган касалликни аниқлаш учун дастлаб қўмита томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилади. Аниқланишича, мутахассислар томонидан “Вочах” қишлоғи ва унга чегарадош ҳудудлар йилқи касалликлари бўйича эпизоотик мониторинг қилинган. Ҳудудда “Нуталлиоз” касаллигини келтириб чиқарувчи кана ячейкалари мавжудлиги аниқланган. Қишлоқда шу вақтгача 6 бош от йилқилари айнан шу юқимсиз касаллик туфайли нобуд бўлган.
Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказида ўлган отларнинг қон зардоби, қулоғидан олинган мазок ва бошқа намуналари бактериологик, паразитологик ва микроскопик текширувлардан ўтказилади. Таҳлиллар барча отлар “Нуталлиоз” касаллигининг оғир формаси туфайли ўлганлигини кўрсатган.
Маълум бўлишича, ушбу касаллик Ўзбекистонда кўп учрамаслиги сабабли, унга қарши дори воситасини топиш ҳам қийинчилик туғдиради.
Эслатма: Нуталлиоз – тоқтуёқли ҳайвонларда учрайдиган паразитар юқумсиз касаллик бўлиб, касаллик қўзатувчиси пироплазмидалар туркумига кирувчи бир клеткали кана ҳисобланади. Касаллик ҳайвонларнинг ич уриши, ҳолсизланиши, ҳароратининг кескин кўтарилиши билан характерланади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, ҳайвоннинг нобуд бўлиш эҳтимоли юқори бўлади.