Чириётган симёғоч, чанг кўчалар, «светсиз» уйлар...Номи янги, муаммолари эски Кўкдала!

23.06.2022 15:54

Rost24.uzнинг «Маҳаллангизда муаммо борми?» (сўровнома) лойиҳасининг навбатдаги сони Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани, «Давр» маҳалласида ўтказилди.

Чироқчидан Кўкдалага мерос — муаммолар «Давр» маҳалласини ҳам четлаб ўтмаган. Маҳалла замон талабларидан қанчалик четда қолаётгани, масъуллардан сўз очганимизда, муаммолардан гап бошлайдиган аҳолининг эътирозларида яққол кўринади.

Йўлимизда учраган кишиларнинг аксарияти эски Чироқчидан янги Кўкдалага тайинлаган ҳоким - Хуррам Жўраевни танишар экан. Туман депутати ва ҳоким ёрдамчиларини эса йўқ.

Маҳаллада бўлган сўнгги ўзгариш ҳақида сўрасангиз фуқаролар 70 йилларда қурилган, «Обод маҳалла» дастурида бўёқ кўрган, кун ора таъмирланиб туриладиган трансформаторни кўрсатишади, 50 йилни қаритган симёғочлар чириб, электр узатувчи симни симёғоч эмас, сим симёғочларни ушлаб турганини айтишади.

 


«Симёғочларимиз чириб кетган, ағанаб кетадиган бўлса, невараларимни ток уриши мумкин. Трансформаторимиз тез-тез «тутаб» туради. Кейин, пул йиғамиз, яна созлатамиз, икки кун ишлайди, яна свет ўчади. Шунинг учун бизга трансформатор ва симёғочлар керак. Экинларимиз ҳам сув йўқлигидан қувраб ётибди!..», дейди онахон.

Муаммолар ҳақида кимларга мурожаат этишганини сўрасангиз, одамлар «катталар»ни безовта қилишга ийманишларини айтишади:


«Энди шунинг учун ҳам «катта»ларни ёки Президент бобони безовта қилиш ноўрин деймиз. «Янги Ўзбекистон» дейди, «Янги Ўзбекистон»да биринчи ўринда светимиз йўқ. Буни кулиб, хурсанд бўлиб гапиришяпти, дейишлари мумкин, йиғлаган билан биров тингламаяптида», — дейди фуқаролардан бири.

«Ўзларича текшириб кетишганди», дея бир қанча асослар келтиради яна бир суҳбатдошимиз.
- «Икки ойча бўлиб қолди, электросетдан ўзларича текшириб кетишди. Улар: «163 талик трансформатор экан, 120та оилага бўлади» деб дафтарни ёпиб кетишяпти. Ваҳоланки, битта электр ҳисоблагичдан бешталаб оила фойдаланяпти, ҳаммаси битта ҳисоблагичга тўлов қилади. Хоҳласангиз уйма-уй санаб кўринг».



Маҳаллада тиббиёт соҳасида камчиликлар ҳам бисёр эканини сўзлаган бошқа бир фуқаро, яқин ҳудуддаги кўп тармоқли шифохонанинг аҳволи ҳақида куйиниб гапирди:

«2018 йил «Обод маҳалла» дастурида яқин ҳудуддаги кўп тармоқли шифохона 30 ўринли деб қурилган, лекин аслида азалдан 23 ўринли бўлган, шу 23 ўринлигича қолиб кетган. Бу бўйича қанча жойга мурожаат қилдим: Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхонасига ҳам, Сенат раиси Танзила Норбоевага ҳам, Қашқадарё вилоят ҳокимлигига ҳам, вилоят тиббиёт бирлашмасига ҳам чиқдим…, ҳаммасига чиқдим, умуман жавоб қониқарсиз келяпти».

Энг қизиғи, Ўзбекистондаги энг йирик газ саноати корхоналаридан бири жойлашган вилоят ҳудудидаги маҳаллага газ ўз вақтида келмас экан. Келганда ҳам, газ баллонлар анча олисга ташлаб кетиларкан:

«Газ газ балонда келади, ҳов кўчанинг нариги бошига тўхтатиб кетади. Чунки, улар мана бу йўллардан юролмайди. Кўпчилик четга ишга чиқиб кетган, тўсатдан газ келиб қолса, аёл кишилар бориб, елкасига ортиб келишига тўғри келиб қолади. Ёки аравада олиб келиш керак. Шу газ ҳам вақтида келмайди», — дейди у.

Хуллас, аҳолининг эътирозлари талайгина. Мутасаддилар бу ҳудудга тез орада эътибор қаратади деган умиддамиз!


Батафсил видеода танишинг:

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.07.2022 04:35
кимга айтсин барибир хеч ким кулок солмайдику,фойдаси йук халк давно буни тушунган