Армон бўлиб қолган олий маълумот, энг зарур вақтда ёлғиз қолиш изтироби, тўрт болани бир қўлда катта қилиш машаққатлари…
Ҳаёт синовлари қаддини бука олмаган аёл ҳикояси
Дунёга эндигина келган чақалоқнинг чап қўли елкасидан йўқ эди. Орзиқиб кутилган биринчи фарзанднинг бундай туғилиши ёш ота-онани карахт аҳволга солиб қўйди. Ота «мен бу қизни боқмайман, элу юртдан уяламан» деди. Она юм-юм йиғлади.
Қизимизнинг недир каромати бўлиши керак, Кароматой қўямиз деб ўйлашаётганди. Туғруқхона шифокори Лилия Султонова эса «бу қизалоқ ўз исми билан туғилди, қудратли ва ҳар ишга қодир бўлсин» деб, исмини Қудратой қўйишни маслаҳат берди. Шифокорнинг таклифи билан унинг исми Қудратой бўлди.
Ўша кунларни қаҳрамонимиз Қудратой Тешабоева шундай хотирлайди:
-Ота-онам мени болалар уйига бериб юбормоқчи бўлишган экан. Шунда бобом-бувим келиб, «Бола сенларга керак бўлмаса, бизга керак. 16 нафар боладан зўрға икки нафари тирик қолди, бу ўшаларнинг ўрнини тўлдиради, ҳали катта бўлса, қўли бутун ўнта одам қила олмаган ишларни қилади» дея мени ўзлари билан олиб кетишган экан. Укаларим туғилгунча бувимларникида катта бўлган эканман. Уч нафар укам туғилгач, онамга дастёр керак бўлган. Ана шунда мени ота-онам олиб келишган экан. Етти ёшимда дадам оламдан ўтиб қолдилар. Онамга янада кўпроқ суянч ва ҳамроҳ бўлдим ўша пайтларда. Бир қўлим бўлмаса ҳам, бувим мени аяб ўтирмасди. 7-8 ёшимда онам ишдан келгунича тандирда нон ёпиб, овқат қилиб қўярдим. Онам фермада 30-35 та сигир соғарди. Баъзи пайтларда онамнинг мазаси бўлмай қолса, фермага бориб, бир қўллаб аппарат улаб, сигирларни соғиб келардим. Мактабдан келганимдан кейин бувим қўлимга дарров этак ва ўроқ берардида, «бор, молларга ўт қилиб кел» дея далага жўнатиб юборарди. Икки қўли бутун дугоналарим каби бир чойшаб ўтни бошимга қўйиб келардим. Укаларимни бир қўлимда олиб юриб ўйнатардим. Бувим ва онам ҳеч қачон мени аямас, менга уларнинг раҳми келмасди. Доимо қийин-қийин ишларни буюришарди. Ўзим уй тозалаб, супуриб, ахлат олардим, овқат тайёрлардим, укаларимнинг кийимларини ювардим. Эрта туриб, кўча-ҳовлиларни супуриб, сувларни сепиб қўярдим. Энди ўйлаб қарасам, уларни мени кейинги ҳаётимга шундай тайёрлашган экан. Бировга қарам бўлмасин, оч қолмасин, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлмасин, деган мақсадда мени қийнашган экан.
Мактабга боришни жуда яхши кўрардим. Болалар «қани бир қўлинг, нега битта қўлинг йўқ, нега қўлингни енгингни ичига тиқвогансан, чиқарвол,нега бунақа туғилгансан», дея ҳақорат қилиб, масхараласа ҳам, мактабга бораверардим. Римма Охунова деган рус тили ўқитувчимиз бор эди. У киши мени Катя деб атарди. Доим «Катя, ўқи, сенга ўқиш жуда керак» деб беминнат қўшимча дарс ўтарди. Математика фани ўқитувчиси Ўлмасжон домламизни ҳам «менга кўпроқ ўргатинг, манов мисолни ечиш йўлини кўрсатинг» деб безор қилиб ташлардим. Тарих, она тили ва адабиёти дарсларини жуда яхши кўриб ўрганардим. Ўқитувчиларимни ҳануз миннатдор бўлиб эслайман, чунки улар менга бошқа синфдошларимга қандай бўлса, шундай муомала қилишарди. Айниқса, математика, тарих ўқитувчиларим «Қудратой, ҳаёт жуда мураккаб, сенинг бу ҳолингда фақат яхши билиминг ёрдам беради. Чунки яхши ўқисанггина енгилроқ иш топа оласан», деб кўп насиҳат қилишарди. Ана ўшаларнинг саъй-ҳаракатлари билан мактабда яхши ўқидим.
Қаҳрамонимиз 9-синфни тамомлагач, Фарғона шаҳридаги имконияти чекланганлар учун ташкил этилган ҳунар-техника билиб юртига ўқишга боради. У ерда бухгалтерлик йўналишида таҳсил ола бошлайди.
-Менга ётоқхонадан жой етмай қолган. Шунинг учун техникумга яқин ҳовлида ижарада туришга мажбур бўлганман. Бу худонинг менга инояти бўлганини йиллар ўтгач англадим, - деб ўша кунларни хотирлайди Қудратой опа. – Уй эгаси тикувчи эди. Буюртмалари жуда кўп бўларди. Мен уй вазифаларини қилиб бўлгач, у кишининг ёнида қилаётган ишига қараб ўтирардим. Бир куни «Қудратой, тикувчиликни ўргатайми» деб қолди. Ўша пайтда «битта қўлим йўқку, қандай кўйлак тикаман», деб ўйламабман. «Ҳа» деб жавоб берибман... Ўша аёл менга аввал бичишни, сўнгра тикишни қунт билан ўргатди. Оёқ тепкили тикув машинаси бор эди, оёқларим ёрдамида оддий матони кўйлакка айлантирардим. Талабалик пайтида ҳамма уйидан пул олиб кетса, мен уйга кўйлак тикиб топган пулимни олиб кела бошладим. Аям негадир шубҳаланди. «Сен қиз шаҳарда нима қилиб юрибсан, нега бунча кўп пул олиб келяпсан, нима иш қиляпсан, ишқилиб ўқишни ташлаб юбормадингми» деб бир куни ўзи Фарғонага келди. Устозим билан кўришди, ундан мени яхши тикувчи бўлиб қолганимни эшитиб, юм-юм йиғлади. Кейин уйдан олиб борган сут-қатиқ, қаймоқ, помидор-бодрингларни ташлаб, устозимга қайта-қайта раҳмат айтиб, уйга қайтди. «Қизимга шунчалик ҳунар ўргатибсиз, раҳмат сизга, худо хоҳласа, рози қиламан» деганди, устозим «қизингизнинг зеҳни жуда ўткир экан, ҳатто бир қўллаб ҳам кўйлакларни тикиб ташлаяпти, мен ҳеч иш қилмадим, фақат уни йўналтирдим, шу қиз ҳаётда қийналмаса бўлди, шунинг ўзи менга катта раҳмат бўлиб қайтади» деди.
Шу тариқа тикувчиликни ҳам ўрганиб олган Қудратой Тешабоева билим юртини тамомлагач, Фарғона педагогика институти (ҳозирги ФарДУ)нинг тарих факультетига ўқишга киради.
-Роса тарих фанини яхши кўрардим. Ўзим билган нарсаларни бошқаларга ҳам ўргатай деб, шу факультетга киргандим, - дея хотирлайди талабалик йилларини қаҳрамонимиз. – Аммо 2-курсга ўтганимда,тоғам раҳматли «ҳар бир қизнинг бошида турмушга чиқиш савдоси бор,сени турмушга бермасак бўлмайди» деб мени узатворишган. Турмушга чиққанимдан сўнг шароитим тўғри келмай, ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. Жуда кўп китоб ўқийман, ҳозир аудиокитоблар эшитиб ҳам кўп маънавий озуқа оляпман,- дейди Қудратой опа.
Тўрт мучаси соғ йигитга турмушга чиққан Қудратой опа йиллар давомида беш нафар ўғилни дунёга келтирди. Ўтган йиллар бу аёл учун осон кечмаганини, беш ўғилни катта қилиш, уларни тарбиялаш, вақтида тоза-озода кийинтириш, овқатини вақтида тайёрлаш, устига-устак колхозда бухгалтерлик қилиш, кечга томон бир қўлида хамир ёйиб, хоним, манти тайёрлаб, фабрика ишчиларига сотиб чиқишнинг қанчалик машаққатли юмуш бўлганини ҳеч бўлмаганда бир нафар фарзанд катта қилган одам тушунади.
-Ўғилларим эндигина катта бўлиб, эсини таний бошлаганида турмуш ўртоғим мени ташлаб кетди, - дейди Қудратой опа. – Майли, уни ҳам айбламайман. Унинг ҳам кўнгли ўзи каби соғлом аёл истагандир.
Ўтган йиллар давомида ҳеч кимдан, ҳеч нарса сўрамасликка ўрганган, ҳамма нарсага меҳнат қилиб эришиш керак деган гапни ўзига шиор қилиб олган Қудратой опа Иззатбек, Шаҳзодбек, Шоҳруҳбек, Илёсбек ва Шарофиддин исмли бир-биридан паҳлавон ўғилларни тарбиялади.
-Кечалари манти, хоним пишириб сотардим, кундузлари чок машинада бир тадбиркор аёлнинг маҳсулоти – болалар кийимларини тикиб берардим. Сигир соғиб, молларнинг емини, сувини бериб, томорқада ишлашга ҳам улгурардим, - деб эслайди Қудратой опа.
Ҳар доим қийинчилик бўлган. Икки қўли бутун, икки оёғи соғлом одамлар қанчалик қийналадию бу ҳаётда, мен қийналмайманми?
Қудратой Тешабоева биринчи ўғлига қандай келин топганини айтиб берди.
- Биз асли Риштон туманининг Зоҳидон қишлоғиданмиз. Бир куни Бағдод туманининг Дўрмонча қишлоғига бир иш билан келдим. Ўшанда шу катта келинимни кўриб қолдим. Эртасига уйини суриштириб топиб, яна келдим. Бўлажак қудаларим фақат бир гапни айтишди «қизимиз қоп-қора, ўғлингиз оппоқ, чиройли экан. Сизлар «дўм»да яшаркансизлар, менинг қизим қишлоқда катта бўлган. Шаҳарга унчалик ўргана олмаса керак». Тақдири насиба экан. Ўзим яхши кўрган қизни келин қилдим. Мана, шу кунгача аҳил-иноқ яшаб келяпмиз.
Икки келин, беш ўғил билан кўп қаватли уйнинг икки хонали хонадонида қийналиб яшаётган Қудратойнинг орзуларидан бири ер олиб, уй-жой тиклаш эди. Риштон шаҳрида ер қимматлиги, ҳали болалари етарли пул топмаётгани учун катта келинининг юртидан, яъни Бағдод туманининг Дўрмонча қишлоғидан 11 сотихли сотиладиган ер дарагини эшитиб қолган Қудратой мана шу ерни қудалари ёрдамида сотиб олади.
Ҳовлига кирсангиз, иссиқхонада қалампир, помидор, булғор қалампири, бодрингга кўзингиз тушади, анжир, бир неча хил олма, шафтоли, олча меваларини кўриб, бу оиланинг нақадар меҳнаткаш ва ерни эъзозловчи, ардоқловчи кишилар эканига амин бўласиз.
Хушчақчақ, ҳаёт синовлари қаддини бука олмаган қаҳрамонимиз эрта туриб сигир соғишини, сутни қайнатиб, қатиқ ивитишию, ўзи сабзи тўғраб, палов тайёрлашини эшитиб, очиғи, биз ҳам лол қолдик. Шунча иши камдек, яна сопол буюмларга нақш чизишни ҳам ўрганиб олган эканлар.
Ҳозир у келинлари, элликдан ортиқ шогирдлари билан бирга сопол буюмларга гул чизиш билан шуғулланмоқда.
-Биласиз, риштонликларнинг ҳаммаси кулол. Бу ҳунар ота-бобомиздан бизга мерос бўлиб келган. Бир дона буюмга гул чизсангиз, уч сўм бериладиган замонлардан буён мана шу ишни қиламан. Чунки бу пулни ўша пайтда яхшигина қадри бор эди. Менга иш берувчилар атайлаб энг қийин нақшларни чиздиришарди. Сабаби, ўз ишимни сидқидилдан ва пухта қиламан. Чунки эртага бу буюмни сотиб олган одам «вой, қўли гул одам нақш солган экан» дейиши керакда! Ўзим «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш қилишни ёқтирмайман. Нақш чизишим иш берувчиларга ёқиб қолгани учун аввал икки-уч нафар шогирд тайёрлашимни айтишди, кейин уларнинг сафи кўпая борди. Ҳозирги кунда мен касаначилик билан шуғулланяпман. Яъни, сопол буюмни кулоллар олиб келиб беради, уйда шогирдларим билан бирга унга гул соламиз. Бир кунда битта одам 60-70 та сопол буюмга нақш чизиши мумкин, - дейди Қудратой опа.
Бировдан бир тийин таъма қилмаган, ҳокимиятлар эшигига ёрдам сўраб ётиб олмаган Қудратой Тешабоева 2021 йилнинг август ойида «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Унинг жасорати, қилаётган меҳнатлари муносиб эътироф этилди.
Ҳаёт давом этмоқда. Қудратой Тешабоева каби қаҳрамонлар ҳам сизу бизнинг орамизда яшаб юрибди. Қудратой опа жасорати барчага ўрнак бўлиши керак, назаримда.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.