Ўзбекистонда тўйлар нафақат байрам, балки кўплаб ёшлар ва уларнинг оилалари учун оғир молиявий синовга айланиб бормоқда. “Юксалиш” ҳаракати томонидан ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, жамиятда тўй анъаналарига муносабат аста-секин ўзгариб, фаол муҳокамаларга айланмоқда.
Сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 1247 нафар фуқаро қатнашди. Респондентларнинг 81,2 фоизи ўз оилавий даромадини ойига 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача деб баҳолаган. Аммо тўйга келганда, уларнинг 65,2 фоизи 50 миллиондан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқ маблағ сарфлаганини билдирган. Бу кўп ҳолларда бир йиллик даромадга тенг ёки ҳатто ундан ошиб кетади.
Молиялаштириш манбаларига келсак, респондентларнинг 55,1 фоизи тўйни “ўзим ва яқинларим ёрдамида” қилганини айтган. Бу тўй харажатлари кўпинча фақат ёшларнинг эмас, балки бутун оиланинг елкасига тушаётганини англатади. 25,1 фоиз одам тўй учун қарз олганини, фақат 14,1 фоизи эса “даромадим етарли” деб жавоб берган.
Тўйда дабдабали харажатлар қилишга сабаб бўлаётган асосий омиллар ҳам аҳамиятга молик. Респондентларнинг 46,1 фоизи буни жамият босими, “элга тўй бериш керак” деган қараш билан изоҳлаган. 31,3 фоиз ёшларнинг ўзидаги орзу-истаклар, 29 фоиз эса ота-онанинг истаклари бу йўлда ҳал қилувчи омил эканини билдирган. Қолаверса, 16,6 фоиз респондент қуда томоннинг талабларини ҳам эътиборли деб ҳисоблаган.
Эътиборлиси, сўровда иштирок этганларнинг катта қисми тўйни дабдабадан йироқ, камтарона ва яқинлар даврасида ўтказиш тарафдори. 39,6 фоиз респондент “камтарона” тўйни идеал деб ҳисоблаган бўлса, фақатгина 6,6 фоизи “дабдабали ва ҳашаматли” тўйни маъқул кўрган. Шунингдек, 44,5 фоиз иштирокчи ўтказган тўйи учун кўп пул сарфлаганидан афсусдалигини билдирган.
Респондентлардан: “Агар танлов имконияти бўлса, тўй пулини нималарга сарфлаган бўлар эдинг?” деган саволга кўпчилик таълим, уй-жой, соғлиқни тиклаш, бизнес бошлаш ёки саёҳатларга сарфлашни афзал кўрган. Бу эса жамиятда молиявий саводхонликка бўлган талаб ошиб бораётганини, келажак учун сармоя ҳақида жиддий ўйлаш тенденцияси пайдо бўлаётганини англатади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, аҳоли тўй анъаналарини соддалаштириш ва ортиқча маросимларни қисқартириш тарафдори. Масалан, 37,6 фоиз респондент тўйдан олдинги, 31,4 фоиз тўйдан кейинги маросимларни қисқартириш керак, деб ҳисоблаган. 35,6 фоиз эса меҳмонлар сони ва маросим кўламини чеклашни таклиф қилган. Фақат 7,1 фоиз одам “ҳеч қандай ўзгариш керак эмас” деб ҳисоблаган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда тўй анъаналарини қайта кўриб чиқишга бўлган кучли ижтимоий талаб мавжуд. Аҳолининг катта қисми дабдабали, қарзга ботирадиган тўйлар ўрнига, оддий, самимий ва молиявий жиҳатдан тўғри режалаштирилган маросимлар бўлишини хоҳламоқда. Энди жамиятдаги бу кайфиятни амалий қадамлар билан қўллаб-қувватлаш вақти келди.