БМТнинг Гулнора Каримованинг ҳибсга олиниши бўйича эътирозига Ўзбекистон ҳукумати муносабат билдирди

09.07.2025 18:06

БМТ қўмитаси Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда ҳибсга олиниши ўзбошимчалик билан қилинган дея баҳолаган эди. Бунга жавобан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республика миллий маркази расмий баёнот тақдим этди. 

Хабарга кўра, Гулнора Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилган.

Ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминланган. Г. Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган.

Унинг 2014 йилда гўёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғида сақлангани, "ошхонадаги суд" ва бошқа шу каби даъволар асоссизлиги таъкидланди. Барча процессуал ҳаракатлар ва суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормалари ва талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилган. Ҳозирги вақтда маҳкума суд қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга, дейилади хабарда.

Шунингдек, 2022 йилда Швейцария Конфедерацияси билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Битим доирасида Г.Каримова илгари жиноий йўл билан орттирган ва қайтарилган молиявий маблағлардан Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун фойдаланиш мақсадида "Vision 2030" жамғармаси ташкил этилганини таъкидланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар