Ўзбекистонликлар коммунал тўловлар, ёқилғи ва энергия нархлари ошишидан хавотирда

09.07.2025 11:09

Жорий йил июнда Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлар сезган ҳамда келгуси 12 ойда кутаётган инфляция даражалари пасайди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган навбатдаги сўров натижаларида маълум қилинди.

Аҳоли кутилмалари

Июнь ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик товарлар ва хизматлар нархлари кўтарилиши билан боғлиқ кутилмалари майдагидан (13,7 фоиз) пасайиб, 13,2 фоизга тенг бўлди.

Марказий банк сўрови иштирокчиларининг 50 фоизи (май ойида 57 фоиз бўлган) келгуси бир йилда коммунал тўловлар ошишини кутмоқда. Яна 45 фоиз қатнашчи (майда 49 фоиз) ёқилғи ва энергия қимматлашишини кутаётганини билдирган. Май ойида 22 фоиздан респондент иш ҳақи ва нафақалар ошишини кутаётган бўлса, июнда уларнинг улуши 35 фоизга етган.

Аҳолининг энг юқори инфляцион кутилмалари ишлаб чиқариш соҳасида қайд этилди — 15,6 фоиз. Шу билан бирга, ташиш хизматлари (15,1 фоиз), илм-фан ва таълим (13,5 фоиз), қурилиш (13,2 фоиз) соҳалари ҳамда талабалар (14 фоиз) инфляцион кутилмалари умумий даражадан юқори эканини билдирган.

Келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар савдо соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган — 11,1 фоиз.

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (15,2 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст даража Навоий вилоятида (12 фоиз) яшовчилар томонидан қайд этилди.

Энг юқори инфляцион кутилмалар ойлик даромади 15 миллион сўмдан юқори бўлганлар томонидан қайд этилган — 15,1 фоиз.

Тадбиркорлар кутилмалари

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари майдагига (12,9 фоиз) нисбатан секинлашиб, 11,8 фоизни ташкил этди. Жумладан, коммунал хизматларнинг қимматлашишини кутаётганлар 54 фоиздан 47 фоизга камайган. Ёқилғи ва энергия ресурслари нархи ошишини билдирганлар майдаги 48 фоиздан 43 фоизга қисқарган.

Тадбиркорларнинг юқори инфляцион кутилмалари илм-фан ва таълим (13,4 фоиз) соҳасида фаолият олиб борадиган корхоналар томонидан қайд этилган. Келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар соғлиқни сақлаш соҳасида (10,1 фоиз) кузатилди.

Юқори инфляцион кутилмалар Тошкент шаҳридаги корхоналарда кузатилган бўлса (13,6 фоиз), энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда (10,4 фоиз) кузатилган.

Сезилган инфляция ва нархи ошган товарлар

Ўтган ойда аҳоли томонидан гўшт ва сут нархлари энг юқори даражада ўсганини билдирган. Бироқ мазкур маҳсулотлар умумий нархлари кўрсаткичи майдаги 55 фоиздан июнда 53 фоизга тушган.

Шу билан бирга, электр токи, табиий газ, бензин ва ёқилғи, дорилар қийматида юқори ўсиш қайд этилган. Аммо мазкур товарлар қимматлашганини билдирганлар улуши камайган.

Сўров иштирокчилари орасида ўтган ой давомида шакар ва қандолат маҳсулотлари қимматлашганини қайд этганлар майдаги 14 фоиздан 21 фоизгача кўпайган. Ижара ҳақи кўтарилганини билдирганлар 12 фоиздан 13 фоизга ортган.

Июнда даромадлари 7 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолига сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори шаклланди. Жумладан, 7–10 миллион сўм маош оладиганлар нарх-наво 14,8 фоизга, 10–15 миллион сўм топадиганлар 14,6 фоизга, 15 миллион сўмдан ортиқ даромадлилар 16,5 фоизга ўсганини сезган.

Инфляция энг паст даражада сезилганлар (11,8 фоиз) икки миллион сўмгача даромад оладиганлар бўлган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар