Яна бир гуруҳ фуқаролар уй сотиб олиш йўлида алданди

15.07.2025 18:09

Бир гуруҳ фуқаролар уй сотиб олиш мақсадида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги "Чилтўғон" маҳалласи, “Уста Олим” 2-берк кўчасидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган уйлар учун "Strong cities" МЧЖга тўлов қилиб алданган. Ушбу ҳолатга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг аниқлик киритди. 

Хабарга кўра, "Strong cities" МЧЖ томонидан юқорида келтирилган объектларнинг қурилиши бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда зарур рухсатнома ва ҳужжатлар олинмаган.

Шунингдек, архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилмаган ва лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармаси билан келишилмаган. Объектда фақат ер учун кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун эса зарур ҳужжатлар йўқлиги аниқланган. Шу сабабли белгиланган тартибда огоҳлантириш хати юборилиб, қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган.

Объект сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис, қурувчи ташкилот томонидан ўз ихтиёри асосида демонтаж ишлари амалга оширилган.

Лойиҳа-смета ва бошқа тегишли техник ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ расмийлаштирилган ҳолда қурилиш ишларини белгиланган тартибда давом эттирилиши қурувчи ташкилот вакиллари томонидан таъкидланган.

Аммо муаммо ҳали ҳал бўлмаган. Фуқаролар тўлаган пуллари нима бўлиши номаълумлигича қолмоқда, "Strong cities" МЧЖнинг бу ноқонуний ҳаракати учун бирор чора кўрилдими, йўқми бу ҳақида ҳам манбада бирор маълумот берилмаган. Ҳатто қурилишнинг қачон давом эттирилиши ҳақида ҳам аниқ вақт келтирилмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар