2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ва мижозлар сони кескин ошгани кузатилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида қайд этилган.
Январдан июнь ойигача тижорат банклари томонидан аҳолига 9,44 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 37,1 фоизга кўпдир (ўшанда бу кўрсаткич 6,88 трлн сўмни ташкил этган). Ипотека кредитлари бўйича қолдиқ ҳажм эса 72,8 трлн сўмга етди — олти ойда 5,1 трлн сўмга ошган.
Кредит олган фуқаролар сони 20,6 фоизга кўпайиб, 26 201 нафардан 31 589 нафарга етди. Ўртача ипотека кредити ҳажми эса 13,7 фоизга ошиб, 298,6 млн сўмни ташкил этди.
Ипотека қайси манбалар орқали молиялаштириляпти?
Кредитларнинг катта қисми Иқтисодёт ва молия вазирлиги томонидан молиялаштирилган — 6,38 трлн сўм, бу ўтган йилга нисбатан 74 фоизга кўп. Шунингдек, давлат улуши умумий кредит ҳажмида 53,3 фоиздан 67,7 фоизгача кўтарилган.
Айни пайтда банкларнинг улуши пасайган: улар томонидан берилган ипотека ҳажми 4,77 фоизга қисқариб, 2,22 трлн сўмни ташкил этди. Бозордаги улуши эса 34,3 фоиздан 23,8 фоизга тушган.
Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳам маблағ ажратиш ҳажмини 6,2 фоизга камайтирган — 800 млрд сўмдан кам.
Давлат дастури доирасида ипотека фоиз ставкалари 17,5 фоиз даражасида қолган. Бироқ банклар ўз маҳсулотлари бўйича фоизларни 25,1 фоиздан 23,5 фоизгача пасайтирган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ипотека ажратилган жойлар
Энг кўп ипотека пойтахтда ажратилди — 2,95 трлн сўм, бу 43,8 фоиз ўсишни англатади. Шу тариқа, мамлакат бўйича ажратилган барча ипотека кредитларининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Қолган етакчи ҳудудлар қуйидагича:
Андижон вилояти — 747,2 млрд сўм (+60,9%),
Самарқанд вилояти — 713,5 млрд сўм (+17,2%),
Фарғона вилояти — 710,2 млрд сўм (+24,64%),
Хоразм вилояти — 576,7 млрд сўм (+59,97%).
Ипотекалар қандай мақсадда олинмоқда?
Барча ипотека кредитларининг 75 фоизи янги уй-жой хариди учун ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган. Молиялаштириш ҳажми 4,2 трлн сўмдан 7,08 трлн сўмгача ўсган — 68,5 фоизлик кўрсаткич.
Шу билан бирга, иккилламчи уй-жой учун олинган ипотека кредитлари 2,69 трлн сўмдан 2,36 трлн сўмгача камайиб, 12,2 фоиз пасайиш қайд этилди.
Ипотека олувчилар кимлар?
Кредит олувчиларнинг 61 фоизини (19 360 нафар) эркаклар ташкил этган. Ёш бўйича тақсимот қуйидагича:
66% — 31−50 ёшлилар,
25% — 30 ёшгача бўлган ёшлар,
9% — 50 ёшдан катталар.