Ўзбекистондан 66 киши Россиянинг Украинага кенг кўламли урушида Россия тарафида қатнашиб ҳалок бўлган. Бу ҳақда BBC рус хизмати очиқ маълумотларга таяниб хабар берди.
BBC ушбу ҳисоб-китобларни «Медиазона» нашри ва кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда тайёрлади. Улар вафот этган 118 139 нафар Россия ҳарбийсининг исмларини аниқлашга муваффақ бўлган. Улар орасида 28 та мамлакат фуқаролари бор. Улар шартномани имзолаш пайтида Россия фуқаролигига эга бўлмаган ва ўлими очиқ манбалар — расмийлар хабарлари, қариндошларининг ижтимоий тармоқлардаги постлари ёки қабрларнинг фотосуратлари асосида тасдиқланган чет эл фуқароларидир. Номма-ном рўйхатни тузишда Украина томони маълумотлари ва Ғарб разведка нашрларидан фойдаланилмаган.
Чет элликлар орасида ҳалок бўлганлар сони бўйича катта эҳтимол билан КХДР етакчилик қилмоқда. Расмий Пхеньян ўз йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни яширмоқда, шунинг учун ҳозирча Шимолий Кореядан бирорта ҳалок бўлган одамнинг исмини аниқлаш имкони бўлмаган. Жанубий Корея разведкасининг апрель ойидаги ҳисоб-китобларига кўра, фронтда 600 га яқин шимолий кореялик аскар ҳалок бўлган.
Фуқаролари Россия томонида жанг қилиб ҳалок бўлган Топ 5 давлат:
Тожикистон — 72;
Непал — 70;
Ўзбекистон — 66;
Грузия (Жанубий Осетия ва Абхазия қўшиб ҳисобланган) — 63;
Украина — 54.
Шунингдек, Қирғизистондан 34 киши, Қозоғистондан 24 киши, Туркманистондан эса 8 киши мана шу рўйхатдан жой олган.
Тожикистондан 43 нафар ва Ўзбекистондан 46 нафар шахс қамоқ жазосини «ноллаштиришга» уринган, улар аксарият ҳолларда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома тузган, деб таъкидлайди BBC.