Рустам Азимов 10 млн. долларлик завод қаерда?

14.06.2022 07:27

Балки бу завод қурилганида бугун ўзбекистонликлар электр энергияси қимматчилигидан қутқарилган бўлармиди…

ЖУРНАЛИСТИК СУРИШТИРУВ

Биринчи Президент қизи Гулнора Каримова таърифига кўра, “Рустам Азимов ютиб юборган” 10 млн. долларлик завод бугун бизни электр энергияси танқислиги ва қимматчилигидан қутқара олиши мумкин бўлган катта лойиҳалардан бири бўлган бўлса ажаб эмас. Бироқ, Ислом Каримов олға сурган ва фармон, қарорлар билан мустаҳкамлаган муқобил энергия лойиҳалари қоғозда қолиб кетган ёки маблағлари эгасини топишда адашиб қолган кўринади. 

Муқобил энергия ривожи, электр таъминоти яхшиланиши ва нархлар барқарорлигини сақлаш учун Ўзбекистонда 2013 йилда қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи завод барпо этишга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган эди. Бугунги кунда бу заводнинг на хабари ва на дараги бор. Маълумотларга кўра, заводга масъул сифатида ўша даврда бош вазир ўринбосари ҳисобланган Рустам Азимов номи кўрсатилган. 

Ислом Каримовнинг амалга ошмаган лойиҳаси

Ўзбекистон Биринчи Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш стратегияси белгилаб берилган эди. Унда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда, қуёш ва биогаз энергиясини қўллаш бўйича синов ва тажриба лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, ушбу энергия турларини ишлаб чиқарувчилар ва улардан фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларга солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар тақдим этиш, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасига илғор технологияларни жорий қилиш, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида фотоэлектрик панеллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (ҳозирги инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги) ҳамда “Ўзбекэнерго”  томонидан амалга оширилиши белгиланган ва унга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўрсатилган эди. Қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи завод "Навоий" эркин иқтисодий зонасида жойлашиши режалаштирилган. Мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистоннинг қуёш энергетика салоҳияти 50,973 миллион тонна нефть  эквивалентига тенг. Бу юртимизда 300 кундан ортиқ қуёшли оби ҳаво бўлиши билан боғлиқ. Шундай экан, марҳум президентнинг Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантиришга бўлган фармон ва қарорлари истиқболли эканлигини кўрсатади, аммо истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун, салоҳиятли масъуллар ҳам керак.

Хўш, Каримовнинг мазкур фармон ва қарорлар ўз ўрнида бажарилдими?

Бугунги кунда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб қилинган завод ишлаб келмоқдами?

Энергетика вазирлигининг rost24.uz сайтига берган маълумотларига кўра, Навоий вилоятидаги “Навоий” эркин иқтисодий зонасида қуёшли панелларни ишлаб чиқарувчи завод мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистонга қуёшли панеллар асосан Хитой Халқ Республикасидан импорт сифатида олиб кирилади. Ислом Каримов “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолаган даврда эса Энергетика вазирлиги ташкил топмаган эди. 

2018 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 638 та кўп қаватли уйлар қурилган. Бу 20 мингдан ортиқ хонадон демакдир. Ҳар бир янги хонадон бу қўшимча электр қуввати учун янги эҳтиёж деганидир. Электр энергияси қуввати Тошкент шаҳрида ва умуман Республика бўйлаб қурилаётган уйлар каби шиддат билан ўсиб бораяптими? Афсуски, йўқ. Ҳукумат ҳозирча, аҳолига электр энергиясини ишлатиш бўйича чеклов ва қимматлашган нархдан бўлак нарсани тавсия эта олмади. Шундай экан, нима учун Муқобил электр энергиясини ривожлантириш тўғрисидаги 2013 йилдаги Президент фармони 2021 йилга келиб бекор қилинди ва унутилди. 

Шундай экан 10 миллион долларлик завод қаерда?

2013 йилда ўша вақтда Ўзбекистон Президентининг қизи бўлган Гулнора Каримова ҳам Навоийда қад ростлаши керак бўлган, ўша биз излаган заводни ахтариб кўрган. Каримова завод маблағлари қаерга ғойиб бўлганини Рустам Азимовдан суриштирган. Рустам Азимов 2008 йил 22 ноябрдан 2016 йил декабригача Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Молия вазири, макроиқтисодий ривожлантириш мажмуаси раҳбари лавозимида фаолият юритган. Гулнора Каримова 2013 март ойларидаги твитларининг бирида (твиттер тармоғидаги хабар) шундай ёзган эди:

 “Навоий эркин иқтисодий зонасида Рустам Азимов бошчилигидаги қуёшли панелларини ишлаб чиқариш лойиҳаси “тушунарсиз” ва “яхши ниқобланган” Лойиҳа президент қароридаги жиддий белгиланган талабларга қарамай махфий тарзда амалга оширилмоқда. Лойиҳага Норвегия ёки Испан компаниясидан маслаҳатчи чақирилиб, бутловчи қисмларни етказиб берувчи маҳаллий ва қўшма корхоналар тендерда сиқиб чиқариб юборилган” Гулнора Каримованинг твитида айтилган ва Норвегия ёки испан компаниясидан маслаҳатчи чақирилган қуёшли панелларни ишлаб чиқарувчи лойиҳа ва заводнинг ўзи бугунги кунда таг туги билан амалга ошмаган. 

Аммо, Каримова назарда тутган маблағлар қаерга кетган? Бугун бу саволларга Рустам Азимов ёки бошқа мутасадди жавоб бера олармикан.

 

R/S: Rost24.uz сайти Рустам Азимов билан боғланишга уриниб, алоқага чиқа олмади. Азимов мазкур лойиҳа маблағи ва тақдири ҳақида очиқ маълумот беришни истаса сайтимиз иккинчи тараф учун доим очиқ. Балки журналистлар билмаган бу ерда яна қандайдир мунозарали ҳолатлар бўлгандир. Биз бу борада барчага минбар бера оламиз. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
16
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.07.2022 12:10
Ассалому алайкум Rost24 ходимлари сизларга мустахкам соғлиқ, ишларингизга омад тилайман. Ўзбекистон ни ривожланган давлатлар қаторига чиқиш ун. Президентни қолдириб қолган хаммасини ишдан хайдаб, халол Худони таниган,бировни хақига Зиёрат қилиш дан қўрқадиган, ватанпарвар,ёшларни қўса ўзгариши мумкин.
15.06.2022 04:34
Қойил сизларга. Журналист деган бундай бўлибди!!!
15.06.2022 02:21
Эртами кечми хамма "Сарой сирлари" очилади. Бунга мисол қўшни Қозоғистондаги бўлган воқеалар. Назарбоевнинг 30 йилдан кўп орттирган обрў-эътибори бир кунда ер билан яксон бўлди. Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин хам ошкор бўлади деганлари рост. Бизда хам 30 йил давомида давлат хазинаси талон-тарож бўлиб келмоқда, бўлмасам Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари ва мехнаткаш халқи билан дунёдаги илғор мамлакатлар қаторидан жой олган бўларди. Минг афсус давлат лавозимларида ноинсоф амалдорлар кўпчиликни ташкил қилади! Лекин бу харом пуллар уларга буюрмайди!
14.06.2022 23:51
Журналистларимизни борилигига шукур улар ҳаққий қиёфаларни очиб ташламоқда. Эртага бўлса ҳам очишларидан умидвормиз.
14.06.2022 15:28
10 mln li zavod nihoyatda arzon emasmi.