Ўзбекистонда жорий этилиши мумкин бўлган янги “Фуқароларнинг рақамли паспорти” мажбурий характерга эга эмас ва мутлақо бепул.
Бу ҳақида rost24.uz сайтига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.
Янги лойиҳа вазирликнинг электрон хукумат лойиҳалари маркази томонидан ишлаб чиқилган. Мобил иловага эга бўлиш мажбурий эмас. Шунингдек, у фуқароларга бепул тақдим этилади. Мобил илова фуқароларнинг барча шахсий хужжатларини биргина иловада мужассамлаштирган ҳолда олиб юришларига ёрдам беради.
Бироқ вазирлик матбуот котиби Шерзод Ахматов ушбу илова қайси маблағлар эвазига шакллантрилишига аниқлик киритмади. Мазкур лойиҳа ҳозирда тасдиқланмаган бўлиб, у Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан муайян фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини бекор қилишни ташкил этиш тўғрисида"ги қарор лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз: Ушбу лойиҳа ҳақида Rost24.uz телеграм каналида маълумот эълон қилинган эди. Лойиҳага кўра, Давлат органлари ва ташкилотларига қоғоз гувоҳномалар талаб қилинмайди. Мобиль илова орқали электрон кўринишда тақдим этилган тақдирда улар қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.
Хусусан:
• Паспорт;
• Ҳайдовчилик гувоҳномаси;
• Автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома;
• Диплом ва талаба тўғрисидаги маълумот;
• Жисмоний шахс томонидан умумий таълим муассасасини (11-синф негизида) тамомлагани тўғрисида маълумот;
• Коронавирусга қарши эмланганлик ҳолати тўғрисидаги маълумот;
• Кадастр паспорти;
• Туғилганлик ва никоҳ қайд этилгани ҳақидаги далолатномалар бир ҳужжатга жойланади.