Вазирлик мактабларда пул йиғиш ноқонунийлигини эслатди. Фойдаси борми?

18.05.2022 10:38

17 май куни Халқ таълими вазирлиги «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиққанини маълум қилди. Қайд этилишича, 25 май куни барча умумий ўрта таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йили якуни ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади.

«Ушбу тадбирни ташкил этиш бўйича Халқ таълими вазирлиги тавсиялар ишлаб чиқиб барча мактабларга юборди. Тадбирлар мактаб ҳовлиси боғида ёки соя салқин очиқ майдонларида ўтказилади. Мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг киритилмаслиги назоратга олинади.

Мактабларда мазкур тадбир соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилади. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилади.

Шу ўринда барчага «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимлари қатъиян таъқиқланганлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.қ.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишни олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш сўралган. 

Вазирлик шунингдек, мактабларнинг «Кузатув кенгаши» аъзоларига юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиниши устидан назорат олиб боришини эслатиб ўтган.

Бундан аввалги мурожаатда вазирликка ота-оналардан мактаб таъмири учун пул йиғилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани маълум қилинган эди. 

«Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ва инфратузилмасини яхшилашга ота-оналардан мажбурий пул йиғимларига йўл қўйилмайди. Бундай ишларга маҳаллий ҳокимликлар масъул», дейилган унда

Мутасаддиларнинг бундай эслатмалар бериши албатта яхши. Лекин, мактабларда пул йиғди-йиғдиларни олдини олишга уларнинг таъсири кўп ҳам бўлмаётгандек. Қолаверса, анъанавий пул йиғиш «мавсуми» аллақачон якунига етган. Яъни, ота-оналар кенгашлари томонидан пул сўраб ёзилган хабарномалар май ойи бошиданоқ жўнатиб бўлинган эди. 

Ота-оналар айбдорми ёки тизимдаги муаммоларми? 

Бу ишларга одатда ўқитувчилар аралашмайди ва ўртадаги “воситачилар - ”ота-оналар орасидаги фаоллар ташаббускор бўлишади. 

Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари февраль ойида ўтган матбуот анжуманида бунга кўпроқ ота-оналар айбдорлигини айтиб ўтишган эди. Тизимдаги муаммолар ҳам йиллар давомида бу анъанани шаклланишига хизмат қилгани ҳам бор гап.

Деярли ҳар йили мутасаддилар томонидан муаммолар саналади. Уларнинг сабаблари тан олинади. Лекин ноқонуний пул йиғимлари давом этаверади.
Бунга ечим сифатида ўқитувчи маошини ошириш ҳам таклиф этилганди. Ойликлар ҳам ошди, лекин ҳануз бу соҳа ходимлари энг кам маош олувчилар қаторида туришади. 

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ўртача номинал иш ҳақи 3,42 млн сўмни ташкил этган бўлса, таълим соҳасида бу сумма 2,52 млн сўмга етган. 

Бу ҳақида собиқ вазир Шерзод Шерматов 2019 йилда фикрини билдираркан маҳаллий ҳокимиятга мактаблар ташлаб қўйилгани, лекин маҳаллий ҳокимиятга пул ажратилмагани ҳақида айтганди. 

Шунингдек, у пул йиғишга бошқа сабабларни айтиб ўтганди:

- Масалан, мажбурий меҳнат: кўча супуришга, пахта теришга олиб чиқаётгандик. Бу ишларга ўқитувчи ўзи бормайди, одам ёллаб, жўнатиб, ёнидан пул тўлайди. Бу дегани яна пул йиғиш керак. Ёки мажбурий обуна масаласи. 20 тага газетага обуна бўлиш керакми? Униям ўзи қила олмайдику, яна пул йиғилади. Шу нарсаларга барҳам берганимиздан кейин пул йиғиш ҳолатлари анча камайди», деган собиқ вазир.

Ҳозир ҳам мажбурий меҳнат ва мажбурий обуна ҳақида маълумотлар жуда кам учрайди. Лекин бошқа масалалардаги пул йиғишларга барҳам берилгани йўқ.

Ҳужжатларда ҳаммаси рисоладагидек, амалдачи?

Аслида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан пул маблағлари ажратилади. Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан зарурат бўлганда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар ташкил этган ҳолда кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.

Умумий ўрта таълим тўғрисида низомга мувофиқ, мактаблар фаолиятини молиялаштириш тегишли харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳукумат қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 августга қадар мактаблар моддий-техника базасини тайёрлашни, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратилишини таъминлаши зарур.

Ажратилган маблағларнинг ўз манзилига тўлиқ етиб боришида муаммо бор-йўқлиги масаласи эса алоҳида ўрганиладиган мавзу. 

Маълумот учун: Мактабларда ноқонуний пул йиғилаётган бўлса бу ҳақда вазирликнинг 71 202-09-09 ишонч телефон рақамига хабар бериш мумкин.

Мактабларга беғараз ҳомийлик қилиш истагида бўлган фуқаролар буни қонуний йўл билан, яъни хомийлик маблағларини мактабнинг ҳисоб рақамига ўтказган ҳолда расмийлаштиришлари мумкин.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.05.2022 23:16
Айтилганидек, ота-оналардан ремонтга пул йиғилмаяпти. Ўқитувчилар ўз ҳоҳиш-истаклари билан 400 минг, 1200 мингдан ремонтга маблағ беришди. Ундан ташқари, "субботник" учун ўз ихтиёримиз билан пластикдан кўрсатилган ҳ/рақимига 100 мингдан ўтказиб ҳам бердик. Яшасин ЎҚИТГУВЧИЛАР!!!
21.05.2022 05:40
Эски тос,эски хаммом. Фойдаси йук
20.05.2022 14:04
Карши шахрининг 35,23, 3 сонли мактабларида ремонт учун пул аллакачон йигилиб булинди!!!Карши шахрида Вазирликни мактаб директорлари тан олмайдими?
18.05.2022 19:15
КЕЧИКДИЛААРИНГ ПУЛ ЙИҒИЛИБ БЎЛГАН