Бутун дунёда бўлгани каби, юртимизда ҳам, йил сайин онкологик касалликлар кўпайиб бормоқда. Жаҳон бўйича ҳар йили 16 миллион нафар онкологик беморлар аниқланади. Юртимизда эса йилига 22 мингдан ортиқ беморларда онкологик хасталиклар қайд этилмоқда.
Беморлар сонининг ошиб бораётганлигига бир неча омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Албатта, ушбу омиллар сирасига атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлимнинг глобал ўзгариши, истеъмол қилаётган озиқ-овқат ва ичаётган сувимиз таркибида турли сунъий қўшимчаларнинг кўпайиб бораётгани, зарарли одатлар ҳамда жисмоний фаолликнинг пасайиб бораётганлиги каби жиҳатларни киритиш мумкин. Чекиш ҳам саратонни чақирувчи канцероген омиллардан бири саналиб. Ўпка раки билан боғлиқ ҳолатларнинг 80 % айнан чекиш сабабли вужудга келиши аниқланган. Бу ҳақида Тошкентда ўтказилган «Тамакисиз келажак сари» мавзусидаги тренинг давомида оммавий ахборот воситаларига маълум қилинди.
Тошкентда 100 минг аҳолига нисбатан онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичи 190 дан ортиқ кишини ташкил қилади. Бу республиканинг бошқа вилоятларига нисбатан энг юқори кўрсаткичдир. Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида кўрсаткич одатда 35-40 кишидан 50 кишигача тўғри келади.
Аммо бу Тошкентда бошқа вилоятларга нисбатан онкологик касалликларга чалиниш кўп дегани эмас. Онколог мутахассис Олим Имомов бу ҳақида Rost24.uz мухбирига маълум қилди.
«Шунчаки, Тошкент шаҳрида диагностика яхши йўлга қўйилган. Мамлакат қанча ривожланган бўлса, уларда саратон касаллиги кўп учрайди. Чунки уларда диагностика яхши ривожланган бўлади. Мана масалан, Африка давлатларида саратон диагностикаси суст, албатта, шунинг учун саратон касаллиги ҳам кам аниқланади».
- Ўзбекистонда Россия ва Қозоғистон каби қўшни мамлакатларга нисбатан саратон касаллиги аниқланиш кўрсаткичи пастроқ. Бу мамлакатимизда диагностиканинг Россия ва Қозоғистонга нисбатан суст ривожланганини англатадими?
-Бизда саратон касаллигининг қўшни мамлакатларга нисбатан камлигига сабаб бу Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилигини ёшлар ташкил қилишидир. Бизда туғилиш кўрсаткичи юқори, аҳолининг 30 фоизи меҳнатга лаёқатлилик ёшидан, яъни 18 ёшдан паст болалар, 30 фоиздан ортиқ, 40 фоизга яқин киши меҳнатга лаёқатли ёшда. Атиги 10 фоиздан ошиқроқ қисмигина қариялардир.
Давлатда қанчалик ёшлар кўп бўлса, саратон касаллиги кам бўлади. Чунки, бу касаллик қарияларга нисбатан ёшларда камроқ учрайди. Европа давлатларида, Россияда қариялар кўпроқ, ёшлар эса кам бўлгани учун уларда саратонга чалиниш кўрсаткичи ҳам баланддир.
Шунингдек, Ўзбекистонда табиий ўлим сабабларининг ҳар доим ҳам ўрганилмаслиги, айрим чекка ҳудудларда аҳолининг ўз саломатлигига бефарқлиги, баъзи шифокорларнинг онкологик эҳтиёткорлигининг пастлиги ҳамда аҳолининг баъзи қатлами замонавий тиббиётга эмас, табибларга ишониши каби муаммолар борлиги учун ҳам онкологик касалликларнинг аниқланиши кўрсаткичи камроқ, дейиш мумкин, дейди Олимжон Имомов.
Маълумот учун, 20 йилдан кўпроқ вақт давомида кунига битта қути тамаки чекадиган инсонларда чекмайдиганларга қараганда ўпка саратонига чалиниш хавфи 8-10 баравар юқори.