ТАНИШТИРУВ: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ким ва унинг вазифалари нималардан иборат?

14.05.2022 22:51

Нурдинжон Исмоилов 2020 йилда Қонунчилик палатаси спикери этиб қайта сайланди. У илк марта 2015 йилда Қонунчилик палатасига раҳбар бўлган эди.

Нурдинжон Мўйдинхaнович 63 ёшда, у 1959 йил 20 январда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган.

1980 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)ни ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тугатган. Юридик фанлари номзоди. 2012 йилдан президентнинг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, бундан олдин — 2005−2012 йилларда — Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси бўлган. 1995 йилдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси.

Давлат мукофотлари: 1999 йил «Шуҳрат» медали, 2004 йил «Дўстлик» ордени, 2011 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2019 йил Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, 2021 йил Қозоғистон Республикаси II даражали «Достық» орденлари билан тақдирланган.

Хўш, Қонунчилик палатасининг спикери қандай сайланади, унинг вазифалари қандай?

Спикер сайловдан кейинги биринчи мажлисда Қонунчилик палатасининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколат муддатига сайланади.

Қонунчилик палатаси спикери ўз вазифасини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради, шунингдек сиёсий партия фракцияси таркибига кириши, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

Спикер яширин овоз бериш орқали палата депутатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган қарорга биноан муддатидан илгари фаолиятини тўхтатиши мумкин.

Қонунчилик палатаси спикери:

1) Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

2) Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларни маъқуллаш учун Сенатга юборади;

4) Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

5) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

6) Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

7) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Қонунчилик палатаси гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

8) Қонунчилик палатаси матбуот органларининг уставларини, таҳрир ҳайъатлари таркибини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

9) Кенгаш билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси матбуот органларининг бош муҳаррирларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;

10) Қонунчилик палатаси матбуот органларининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

11) Сенат, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Қонунчилик палатаси номидан иш кўради;

12) Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларини имзолайди;

13) Қонунчилик палатаси девони фаолиятига раҳбарлик қилади;

14) Қонунчилик палатасининг харажатлари сметасини шакллантириш ва бажаришга доир ишларга умумий раҳбарликни ҳамда уларни мувофиқлаштиришни амалга оширади;

15) Қонунчилик палатасига ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги фармойишларни имзолайди;

16) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Қонун ва Қонунчилик палатаси Регламентида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қонунчилик палатаси спикери ўзининг ваколатига тааллуқли масалаларни Кенгаш муҳокамасига киритишга ҳақли.

Қонунчилик палатасининг спикери йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, у йўқлигида эса Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарларидан бири бажариб туради.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда илк марта Олий Мажлис Қонунчилик палатасида спикернинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди ва бу лавозимга Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов сайланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
29
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
15.05.2022 11:03
Раис шу буладиган буса,палатадаги ишлар хам узига яраша эканлиги аник. Буни чикишларини бир икки марта кузатганман.
15.05.2022 10:57
Мукофотларини кайси хизмати учун оган хайронман.
15.05.2022 10:56
Раис шу буладиган буса,палатадаги ишлар хам узига яраша эканлиги аник. Буни чикишларини бир икки марта кузатганман.