"Ўзсаноатқурилишбанк" иккинчи маротаба ЕТТБнинг совринига эришди

12.05.2022 18:14

Жорий йилнинг 10-12 май кунлари Марокашда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари Кенгашининг 2022 йилга мўлжалланган анънавий йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг доирасида ЕТТБ аъзо-мамлакатларининг ишбилармон доиралари учун халқаро бизнес-форум ташкил этилди.

Йиғилиш “Жорий нотинч дунёда таҳдидларга жавоб чоралари” мавзусига бағишланиб, ЕТТБга аъзо-мамлакатлар вакилларига иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, ЕТТБ инвестиция киритаётган минтақаларда бизнес муҳитни яхшилаш каби глобал масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият туғдирди. 

Тадбир давомида ЕТТБнинг ўтган йилдаги энг яхши ҳамкор банкларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда “Ўзсаноатқурилишбанк” иккинчи маротаба “Яшил молиялаштириш йўналишидаги энг яхши лойиҳа” (Deal of the Year – Green Trade) номинацияси бўйича тақдирланди.

Ўзсаноатқурилишбанк Жаҳон банки, ЕТТБ ҳамда Европа инвестиция банки билан қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича энергия самарадорлигига оид дастур ҳамда лойиҳалар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. 

Ушбу йўналишда ЕТТБ Банкка Марказий Осиёдаги илк “Яшил банк”ни таъсис этиш борасида кўмаклашиб келмоқда. 2021 йилда “GEFF – Green Economy Financing Facility” дастури доирасида 25 миллион доллар ҳажмидаги кредит линияси ажратилди.

Умуман, “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, яшил лойиҳаларни молиялаштириш борасида амалга оширилаётган фаол ишлар нафақат ҳукуматимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Ўтган йилда “Астана” молия марказининг Яшил молия маркази томонидан ҳар йили анънавий тарзда ўтказиладиган “Green Finance Awards” мукофоти совриндорларини аниқлаш маросимида Банк “2021 йилнинг энг яхши яшил инвестициявий банки” номинацияси бўйича рағбатлантирилгани  бунга мисол бўла олади. 

Банк Ахборот хизмати

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар