Паданг қишлоғида 7-8 май кунлари бўлиб ўтган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали ўзбек халқ ҳаёти ва санъатини ўзида намоён этувчи энг жозибадор тадбирлардан бири бўлди.
Ўтмишдан бахшилар юрти сифатида шуҳрат топган Сурхондарёда ўтказилаётган «Бойсун баҳори» фольклор фестивалига 2002 йил асос солинган ва ўша йили илк «Бойсун баҳори» очиқ фольклор фестивали ўтказилган. 2004 йилгача ўтказилгандан сўнг негадир у давом эттирилмади ва 2004–2016 йиллар қандайдир сабабларга кўра 13 йил давомида ўтказилмай қолди. 2017 йилга келиб бу тадбир қайта тикланади ва ҳар йили мунтазам ўтказиб келинади.
Жорий йилда эса унга халқаро мақом берилиб, ҳар йили эмас, икки йилда бир марта ўтказилиши белгилаб олинди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган «Бойсун баҳори» қадимий гўшада бетакрор санъат удумларидан баҳраманд қиладиган сўлим баҳор байрамига айланмоқда.
Туризм ва маданий мерос вазирлигидан маълум қилишларича, «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ЮНEСКО ўз шафелигига олди бу борада ташкилот раҳбари номидан Туризм ва маданий мерос вазири номига хат жўнатилган.
Бойсун тоғлари удумлари қадимий ва улар авлодларга қандай бўлса шундайлигича етказилиши керак.
ЮНEСКО ташкилоти 2008 йил Бойсун тумани ҳамда 2021 йил бахшичилик санъатини Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритган эди.
Нега айнан Бойсун?
Бойсун ҳақида гап кетганда сўлим ва бетакрор бу гўшанинг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган тарихи, ўзига хос маданияти, нафис санъати, осмонўпар тоғларию, табиатининг бетакрор гўзаллиги, шифобахш зилол сувлари кўз олдимизда намоён бўлади.
Қадимий бу юртдаги палеолит даврига оид инсоният бешиги–Тешиктош камари, Амир Темур, Мачай ғорлари, олтмиш беш миллион йиллик динозаврлар излари, ўз замонида муҳим истеҳком, стратегик иншоот вазифасини бажарган Узундара, Қўрғонзал, Туманқўрғон сингари археологик ёдгорликлари Бойсуннинг бой тарихидан далолат беради. Шунингдек, бу макон бир асрлик тарихга эга Сайроб чинорлари, Омонхона шифобахш суви, Тангисар қизил каньонлари, турли дардларга шифо бўладиган доривор гиёҳлари билан жаҳонга танилган.
Сайёрамиздаги энг чуқур ғорлардан бири дея айтилаётган, Бойсунтоғ тизмасида жойлашган Қора юлдуз (Дар Стар) ғорининг узунлиги 2 минг 651 километрдан зиёдни ташкил этади.
Инсониятнинг энг қадимги манзилгоҳларидан бири бўлган Бойсунда азалдан адабиёт, санъат, фольклоршунослик, миллий ҳунармандлик кенг ривожланган.
Бойсун «бойлар қишлоғи»
Бойсунликлар қадимдан деҳқончилик, чорвачилик, кулолчилик, темирчилик, дурадгорлик, қандолатчилик, косиблик, ипакчилик каби ноёб касблар билан шуғулланиб, бой-бадавлат яшаган. Бугун бу анъаналар юксак қадрият даражасига кўтарилиб, авлодлари фахр билан давом эттирмоқда.
Мато, гилам тўқиш, каштачилик, дўппидўзлик, чанқовуз, дўмбира, сибизға, ғажирнай ясаш каби халқ амалий санъати қайта тикланиб, дадил ривожланмоқда. Шунинг учун Бойсуннинг анъанавий ҳаёт тарзи, маданияти бошқа ҳудудлардан фарқ қилади.
Бойсуннинг тарифини кӯп бора эшитгандан бир марта бу масканга келиб кетган яхши, албатта.