Борган сари замонавийлашиб бораётган пойтахтнинг 2200 йиллик тарихини исботловчи Чоштепа (Шоштепа) ёдгорлиги кўп қаватли бино қурилиши ҳисобига вайрон бўлди.
«Хавотирга ўрин йўқ, биз бу ерни ёпиқ ҳудудга айлантирамиз ва консервация ишларини олиб борамиз»,- деган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ваъдасини унутди.
«Чоштепа» ни сақлаб қолиш мақсадида бўлган археолог Маргарита Филонович Тошкентда маданий меросларнинг вайрон қилинишига давлат ташкилотларининг бефарқ эканлигидан ҳайратда.
«Ким рухсат берганлигини билмайману аммо мана шундай ёдгорликлардан замонавий қурилиш биноларгача бўлган масофа 200 метр бўлиши керак. Мен ўз рулеткам (ўлчов асбоби) билан ўлчаб чиқдим ёдгорлик атрофида 50 метрдан кейин 100 та 7 қаватли бинолар турибди.
Тушунаяпсизми? Нега бундай ҳолат юз берди? Ким бунга рухсат берди? Қайси қўриқлаш органи? Ахир бизда (бундай ёдгорликлар) Маданият вазирлиги ҳимоясидаку. Бизда ушбу ёдгорликлар ҳимояси билан шуғулланадиган вазирлик ва мутасаддилар мавжудку?»
Археолог Филоновичнинг айтишича, 2019 йилдан бошлаб «Шоштепа» ёдгорлигидан узоқ бўлмаган ҳудудда 7 қаватли 100 та бинолар қурилган. Улар ўз навбатида ёдгорлик атрофида вибрация ҳолатини юзага келтирган ва ибодатхонанинг ярими қулаб тушган.
«Қўлимдаги ушбу режадан кўришингиз мумкин, стрелка билан белгиланган ҳамма нарса қулаб тушган фақат битта қисмигина ўз ҳолатида турибди».
Натижада интернетда катта шов-шув кўтарилган.Ёдгорликдан хабари бор маҳаллий аҳоли вакиллари, тарихчилар мазкур ҳудудда замонавий уйлар қурилиш ишларининг давом эттирилишига қарши чиқишди. Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ҳокимияти бунга муносабат билдирди:
«Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу тарихий мерос нафақат муносиб сақлаб қолиниши, балки лозим даражада қайта таъмирланишидан манфаатдор. Ҳозир мазкур ёдгорликни асраб-авайлаш бўйича лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда, қулаб тушган тепалик устини ёпиш ва объект атрофида сайёҳлик ҳудудини ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақида кейинчалик атрофлича маълумот берамиз».
2019 йил май ойида ҳудудда консервация ишлари бошлангани маълум қилинган ва унинг атрофи ўралган. Лекин, фақат шу ўсиқ қўйилиши билан ишлар тўхтаган ва бу мамлакатда COVID-19 вируси авж олиши билан изоҳланган. “Bizning uylar DEVELOPMENT”компанияси томонидан олиб борилаётган кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиши эса тўхтовсиз давом этаверган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваъда қилган қайта таъмирлаш ишлари 2021 йилга келибгина бошланди, қазиш ишларини олиб бориш жараёни давлат телеканалларида бир неча бор ёритилди.
Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Турсунали Қўзиевнинг маълум қилишича, реставрация ишларининг тўхтаб қолгани маблағ йўқлиги билан боғлиқ эмас. Археологик қазишма ишларини олиб боришнинг эса маълум мавсумлари мавжуд. Бундай ишлар ёғингарчиликдан бутунлай ҳоли бўлган вақтда амалга оширилиши керак. Шунинг учун, ёғингарчиликлар тугагандан кейин жорий йил куз мавсумигача ёдгорликнинг уст қисмини ёпиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Нима учун замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши давом этдию милоддан аввалги IX ва милодий XVI асрларга оид Шоштепа ёдгорлигининг қайта таъмирланиш ишлари тўхтаб қолди? Нима учун давлат органлари тарихий обидани вайрон қилган тадбиркорга ҳеч қандай чора кўрмади?
Гап шундаки, 2200 йиллик тарихий ёдгорликнинг вайрон бўлишига олиб келган «Янги Чоштепа» турар-жой комплекслари қурилиши шахсан Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли бўлган компания томонидан олиб борилган. Яъни қурилиш ишларини олиб борган “Bizning uylar DEVELOPMENT”компанияси “J- UNITED GROUP” MChJ таъсисчилигида 2019 йилда очилган. Ўз навбатида “J- UNITED GROUP” МЧЖ акцияларининг 100 фоизига Тошкент шаҳар ҳокими ЖАҲОНГИР ОРТИҚХЎЖАЕВ эгалик қилади. Корхонанинг устав фонди эса 143 млрд 632 млнни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир муддат аввал Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «давлатнинг бир тийинига хиёнат қилмагани» ни айтган эди.
Маълумот учун: Шоштепа милоддан аввалги IX ва милодий XVI асрларга оид ёдгорлик бўлиб, Сергели тумани, Чоштепа кўчасида, Жўн канали бўйида жойлашган. Айни шу ёдгорликдан Тошкентнинг 2200 ёшини белгилашга имкон берадиган шаҳарча белгилари топилган.