Комил Алламжонов 8 йилдан буён «Қариялар уйи»да яшаётган журналистга ҳомийлик қиладиган бўлди

25.12.2020 07:51

«Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди» Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов 8 йилдан буён қариялар уйида яшаб келаётган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидовга ёрдам берадиган бўлди.

Кеча сайтимизда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидов иложсизликдан «Қариялар уйи»да яшаб келаётгани ва молиявий қийинчилик туфайли пансионат тўловларидан қийналиб қолгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Унда журналист таржима асарлари билан қалам ҳақи ишлаб келгани, бироқ жорий йилда у яшаётган уруш фахрийлари ва меҳнаткашлари пансионатида карантин бўлгани туфайли ташқарига чиқа олмай қолгани сабаб тўловларни амалга оширишга қийналаётгани баён этилган эди.

Бугун Комил Алламжонов rost24.uzга журналист тушиб қолган вазиятни эслатгани учун миннатдорлик билдириб, бундан ташқари, байрам арафасида 100 га яқин фахрий журналистларга ҳам ёрдам ажратилишини маълум қилди.

Ҳозирда журналист Рустам Обидов уруш фахрийлари ва меҳнаткашлари пансионатига 18 миллион сўм миқдорида тўлов амалга ошириши керак. «Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди» васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур тўловни ўз зиммасига олди. 

Шунингдек, фонд жорий йилда ҳам «Хавфсиз ёрдам» лойиҳасини давом эттириб, журналистика ва телекоммуникациянинг 100 нафар вакилларига ёрдам ажратади. Рўйхатга журналистика соҳасида узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, турли оилавий шароит туфайли саломатлигини тиклаётган ва ижтимоий кўмакка муҳтож журналистлар киритилган. 

Рўйхатни тузишда журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги жамоалари ва тегишли ташкилотлар кўмаклашган. Фонд уларга жами 150 миллион сўмлик ёрдам кўрсатади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
26.12.2020 13:43
Ассалому алайкум. Жуда яхши ва савобли иш бўлибди...
25.12.2020 10:51
Рахмат барака топинг Сизни хам Оллох ку́лласин
25.12.2020 10:35
Ассалом алайкум,хурматли рахбарлар! хеч кимга сир эмас бизни анчагина шоир ёзувчиларимизни уз Уй жойлари йук.Обидов хам демак шулар жумласидан,жудаям хохлардим билишни: ёзувчимиз нима сабабдан бу жойдан истикомат килинишини,оиласи каерда ва ёши нечада,нахотки ёзувчимиз ушбу жойда давлат хисобидан яшаш хукукига эмас,жавобингиз учун олдиндан Рахмат.