Тошкент марказида жойлашган «Наврўз» маданият ва истироҳат боғига тегишли икки кўчмас мулк объекти ер майдони билан бирга электрон савдога чиқарилди. Уларнинг умумий бошланғич нархи қарийб 660 миллиард сўмни ташкил этади.
Савдога қўйилган биринчи лот қарийб 2 гектар майдонда жойлашган нотурар объектдан иборат бўлиб, унинг бошланғич баҳоси 436,3 миллиард сўм этиб белгиланган. Иккинчи лотнинг майдони 1,2 гектарга яқин, бошланғич нархи эса 223,9 миллиард сўм. Ҳар икки объект ҳам Юнусобод туманидаги Матонат маҳалласи, Шароф Рашидов кўчасида жойлашгани ва «Наврўз» маданият ва истироҳат боғининг кўчмас мулклари сифатида кўрсатилган.
Бу рақамларнинг ўзи ҳудуднинг қанчалик қиммат эканини кўрсатади. Икки лот бўйича жами 3,2 гектарга яқин ернинг бошланғич баҳоси 660,2 миллиард сўмга тенг. Оддий ҳисобда, бир гектар учун ўртача 206 миллиард сўмдан ортиқ бошланғич нарх келиб чиқади. Объектлардаги бинолар, уларнинг ҳолати, инфратузилма, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шартлар якуний қийматга таъсир қилиши мумкин.
Айтиш лозимки, «Наврўз» боғи оддий нотурар ҳудуд сифатида пайдо бўлмаган. Боғни барпо этиш лойиҳаси 2017 йилда давлат даражасида тасдиқланган. Ўша қарорда уни ташкил этиш учун «Наврўз боғи» МЧЖ тузилиши, лойиҳани молиялаштиришда «Ўзбекистон темир йўллари» ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки иштирок этиши белгиланган. Ҳатто боғ ишга туширилганидан кейин ушбу компаниядаги улушларни бошқа инвесторларга бозор қийматида сотиш имконияти ҳам назарда тутилган.
2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев «Наврўз» боғини кўздан кечирар экан, унинг миллий қадриятлар ва анъаналарни намоён этадиган, сайёҳлар учун ўзига хос маскан бўлиши кераклигини таъкидлаган. Лойиҳада амфитеатр, ҳунармандчилик устахоналари, чойхоналар ва Ўзбекистон ҳудудларига хос муҳитни акс эттирувчи этнографик шаҳарча ташкил этилиши кўзда тутилган.
Бугун эса давлат активларини қисқартириш сиёсати доирасида маданият объектларини ҳам хусусийлаштириш механизми кенгаймоқда. 2026 йил 28 августда қабул қилинган ПФ-177-сон фармон билан давлат активларини оммавий савдоларга чиқариш бўйича янги дастур тасдиқланган. Ҳужжатда маданият объектлари бўйича давлат-хусусий шерикликка талабгорлардан таклиф тушмаса, объектларни электрон онлайн аукционга чиқариш имконияти ҳам белгиланган.
Жамоат учун аҳамиятли бўлган ҳудудлар хусусий қўлга ўтганидан кейин улардан қандай фойдаланилиши, ернинг мақоми ўзгариши ёки ўзгармаслиги, қурилишга қандай талаблар қўйилиши каби саволлар ҳам очиқ қолмаслигини кун тартибига чиқариш керакка ўхшайди.
Агар объект хусусийлаштирилса, унинг маданий, рекреацион ёки жамоатчилик функциялари сақланадими? Ҳудудда янги қурилишларга рухсат бериладими? Боғнинг аҳоли учун очиқ қисми қисқарадими? Савдо шартларида бу масалалар қандай кафолатланган?
Ҳозирча очиқ расмий ҳужжатларда айнан ушбу икки лот бўйича келгусидаги фойдаланиш сценарийси ва инвестор зиммасига юкланадиган барча мажбуриятлар кўринмайди. 660 миллиард сўмлик активнинг сотилиши ҳақида хабар бериш билан чекланмасдан, савдо шартлари, ер ҳуқуқининг тури, объектларнинг кадастр маълумотлари ва харидорга қўйиладиган инвестиция мажбуриятларини ҳам очиқлаш керакдир балки?
Чунки «Наврўз» боғи 2017 йилда шунчаки кўчмас мулк сифатида эмас, пойтахтнинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган давлат лойиҳаси сифатида ташкил этилган эди. Энди унинг кўчмас мулкларини ер майдони билан бирга сотиш жараёнида жамоат манфаати қандай ҳимоя қилиниши масаласи ҳам савдонинг ўзи каби очиқ ва шаффоф бўлиши керак.