Андижонда келаси йил 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди

24.09.2026 12:51

Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2026 йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоизга, саноат 9,2 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 16,1 фоизга, инвестициялар ҳажми эса 8,9 фоизга ўсди.

Президент ўсиш кўрсаткичларидан кўра, ҳар бир натижа одамлар ҳаёти ва оилавий даромадларига қандай таъсир қилаётгани муҳимлигини таъкидлади.

Андижонда кейинги 10 йилда тадбиркорликни ривожлантириш учун республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан эса 90 триллион сўм маблағ йўналтирилган. 2026 йилда аҳоли фаровонлигини ошириш учун яна 6 триллион сўм ажратилди.

Вилоятда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар ер майдони ҳисобига 7 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда камида 70 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

2027 йилда Андижон вилояти иқтисодиётини камида 10 фоизга ўстириш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Йиғилишда инвестицияларни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Автомобильсозлик ва машинасозлик соҳасидаги 30 йиллик тажриба асосида «Асака муҳандислик водийси»ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда дастурий таъминот, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари бўйича ягона занжир яратилади.

Шунингдек, муҳандислик, энергетика, саноат ва IT йўналишларида 10 минг нафар талабани қамраб олган тизимни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказлари орқали янги ишланмаларни тижоратлаштириш вазифалари белгиланди.

Тўқимачилик соҳасида Европа дизайнерлари, конструкторлари ва брендларини жалб қилиш орқали экспорт ҳажмини 1,5 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.

Вилоятдаги йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори бўлган 104 та корхонада қўшимча 20–30 мингта иш ўрни яратиш чоралари кўрилади. Айланмаси 1 триллион сўмдан юқори бўлган 4 та корхонада модернизация қилиш орқали қўшилган қийматни 40–50 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йирик чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик мажмуаларини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Улуғнор туманида 5 минг гектар майдонни пахтадан озуқа экинларига ўтказиш ва камида 10 минг бош қорамол боқиш имкониятини яратиш белгиланди. Балиқчи туманида 20 миллион долларлик товуқ гўшти етиштириш мажмуаси ташкил этилади. Ушбу тажриба асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда эса 3 та шундай мажмуа барпо этилади.

Шунингдек, Улуғнорда Балиқчи тумани тажрибаси асосида 1 минг 200 гектарлик балиқчилик кластери ташкил этилади.

Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларида адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш ва саноат боғларини ташкил этиш режалаштирилган. Уларда шафтоли, олча, ўрик ва олхўри каби мева дарахтлари етиштирилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш улушини ҳозирги 16 фоиздан 30 фоизга етказиш ва экспорт ҳажмини 500 миллион долларга чиқариш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, кичик қайта ишлаш ускуналарини лизинг асосида бериш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Балиқчи туманидаги 5 гектарлик иссиқхона лойиҳасини республика бўйлаб оммалаштириш учун 300 миллиард сўм, шундан Андижон вилоятига 50 миллиард сўм йўналтирилади.

Йиғилишда йирик иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланди. Камида 1 минг нафар ишчиси бор корхоналарга ходимларни ўқитиш ва транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаш механизми жорий этилади. 5 йилдан ортиқ ишлаган ходимларнинг фарзандлари учун контракт тўловларини қоплаб бериш имконияти яратилади.

Андижон Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантирилиши режалаштирилмоқда. Вилоятдаги 12 та олий таълим муассасасида 95 минг нафар, 59 та техникумда эса 60 минг нафар ёш таҳсил олмоқда.

Амалий таълим йўналишларини 46 та саноат зонаси ва 56 та йирик корхонага кўчириш, йил якунига қадар дуал таълим қамровини камида 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Андижон техника институти фаолияти қайта ташкил этилиб, хорижий менежер ва профессорлар жалб қилинади, таълим дастурлари янгиланади ҳамда алоҳида дизайн факультети ташкил этилади. Бу мақсадлар учун 25 миллиард сўм ажратилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар