Пойтахтда ижарага уй топиш муаммолари

23.09.2026 10:04

Куз келиши билан уй олди-сотдиси авжига чиқади. Қисқа қилиб айтганда, маклерлар учун «сезон» бошланади. Бошқа вилоятлардан талабалар ва ишчиларнинг оқиб келиши ҳисобига, пойтахтда риелторларсиз уй топиш катта муаммога айланади. Пойтахтда қулай локацияларда жойлашган, ўртача шароитли уйлар тахминан энг камида 500 доллардан бошланади. Маклер хизматларидан фойдаланиш эса уй нархининг 50 фоизига тенг. 

Агар Тошкентда ўртача шароитли, қулай манзилда жойлашган уйда ижарада туришни истасангиз, қўлингизда энг камида 700 ёки 800 доллар пул бўлиши шарт. Бу эса, сизнинг ярим йиллик иш ҳақингиз бўлиши ҳам мумкин. Ишонмайсизми? 2026 йилнинг сентябрь ҳолатига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 360 минг сўмни ташкил қилади. Бу сумманинг 6,5 баробари эса бир ойлик ижара ҳақини тўлашга етиб қолса керак.

Қисқаси, уй ижарага олмоқчи бўлсангиз, бир уйни ўзингиз банд қилмоқчи бўлсангиз, уй эгасига алоҳида, маклерга алоҳида пулни ўша заҳотиёқ, ўйлаб ўтирмай тўлиқ беришингиз шарт. Акс ҳолда, уйсиз қолишингиз ҳеч гап эмас. Вилоятдан пойтахтга маълум сабаб билан келган инсонларнинг деярли ярми умрида бир марта бўлса ҳам шундай босим остида уй масаласида алдaнган.
Келинг, бир нечта маълум «сценарий»ларни санаб ўтамиз. Энг содда ҳолатлардан бири – вилоятда туриб, уйни кўрмасдан, уй эгаси ва маклерга пулнинг ярмини ташлаб бериш.


Ҳозирги кунда урфга кирган ҳолат эса, уй эгаси ва маклерлар ўртасида тил бириктириб, содда ижарачини «тутиш»дир. Бу қандай бўлади десангиз, ҳолатни тўғри баҳолаган инсон сентябрь келмасидан, яъни нархлар кўтарилишига улгурмасдан, маклер орқали ижарага уй топиб, жойлашиб олади. Ўртадаги шартномани кейинги ойга қилиб беришга келишилади. Бир ой турганингиздан сўнг кутилмаганда эшик тақиллаб, маклер келади ва зудлик билан уйни бўшатиб беришингиз сўралади. Сабаб эса оддий. Уй эгасининг талаби билан уй унинг қариндоши учун бўшатилиши керак ёки бир кунлик тўловни кечиктирганингиз учун сиз энди лоқайд инсонсиз. Ижара нархлари ошган, маклер эса бир ой олдин олган 50 фоиз пулини қайтариб беришдан бош тортади. Унинг устига, уй топишда ёрдам бериши эвазига унга яна ҳақ тўлашингиз керак. Уйни бўшатиб беришингиз билан эса, ўрнингизга навбатдаги «хўраклар» кела бошлайди. Уйни топиб бергани учун яна 50 фоиз хизмат ҳақи тўлайсиз. Шундай қилиб, бундай уйлар одам яшаши учун эмас, «оборот» қилиб туришга хизмат қилади.

Энг қизиқ томони шундаки, бундай масалаларда кимга мурожаат қилишингиздан қатъи назар, бу ишда ё маклер ғолиб бўлади, ёки шунчаки таслим бўла қолганингиз маъқул. Чунки прокуратурага мурожаат қилсангиз-у, у ерда ҳеч қандай танишингиз бўлмаса, мурожаатингиз кўриб чиқилиши учун камида ярим ой вақт керак. Бу вақт ичида, табиийки, сиз кўчада яшаб турмайсиз. Ундан кўра «оч қорним, тинч қулоғим» деб кечиб юборишни афзал кўрасиз. Кун қаҳрамонларимиз эса, ўз бизнесларини бемалол давом эттираверадилар.

Дарҳақиқат, баъзи маклерларни бу масала ёки қонуний чоралар билан қўрқитиб ҳам бўлмайди. Прокуратурага мурожаат қилинганидан хабар топса, олдингизда қандайдир «танишлари» орқали масалани «ёпти-ёпти» қилишга ҳам тайёр.

Ростдан ҳам, нега уларга нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий чоралар кўрилмаяпти? Ўзбекистонда тизимсиз маклерлик тизими шунчалик кенг тарқалдики, ишдан бўш вақтида истаган одам шу иш билан шуғулланяпти. Ҳаққоний ишласа, топган пули ҳалол бўлсин. Лекин инсон қай бири ҳаққоний, қай бири «қароқчилик» билан шуғулланаётганини билиб бўлмайди. Уларда на ҳужжат бор, на шартнома қилишни бўйнига олади, на улардан кимдир товламачилик қилса, унга қонуний чора кўрилади. Ҳар йили бу масала ялпи равишда бир шов-шувга айланади-ю, нега охири нима бўлгани очиқланмасдан, имо-ишорасиз тўхтаб қолади?
Юқоридаги масала бизга тушган мурожаатлар асосида тайёрланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар