Йил якунига қадар талабаларнинг 41 фоизи турар-жой билан таъминланади, – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

20.10.2021 12:31

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Rost24 ахборот сайтида чиққан таҳлилий мақолага муносабат билдирди.

Сайтимизда  “Қўним топмас талаба, қачон қилар ғалаба?! – Тошкентдаги талабаларнинг 87 фоизи талабалар турар жойидан қуруқ қолган” номли мақола эълон қилинган эди. Унда бугунги кунда талабаларни қийнаб келаётган турар-жойлар муаммоси ва уларнинг ечими ҳақидаги масалалар кўтарилган эди.

Ушбу мавзу юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қуйидагича муносабат билдирган:

 Талаба – “Илм талаб қилувчи” деганидир. Ҳар бир ёш, албатта, талаба бўлиш истаги билан улғаяди. Бундай бахтга эса ўқиб, кўп изланган ёшлар эришадилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда замонавий таълимга қаратилган эътибор, кадрларни танлаш соҳаларидаги ислоҳотлар, эртанги кунга бўлган ишонч руҳи олий таълимга бўлган қизиқишни янада кучайтирмоқда. Бу эса республикада ёшларнинг олий таълим билан қамровнинг ошиб бориши билан ҳамоҳанг кечмоқда. Олий таълимга талабалар қамровининг ошиши натижасида талабалар турар-жойига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ошишига олиб келмоқда. 

Тан олиш керак, бугун бу эҳтиёжни тўлиқ қондиришнинг имкони бўлмаяпти. Сабаби нимада? 

Юртимизда 2016 йилда 80 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 144 та етди. Бундан кўзланган асосий мақсад битта кўзлаган манзилимизга кўпроқ натижа билан тезроқ етишиш. Бу жараёнда эса, албатта, айрим муаммоларнинг ечими бироз кечикиши мумкин. Аммо ишонинг, улар ечимсиз қолиб кетмайди, босқичма-босқич ҳал қилиб борилади ва борилмоқда ҳам. Фақат уларнинг натижасини кўриш учун бироз вақт керак бўлади, холос.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда талабаларни турар-жой билан таъминлаш масаласи муҳокама мавзусига айланмоқда. Буни эслатган, айниқса, талабалар учун жон куйдирган инсонларга чуқур миннатдорлик билдирган ҳолда бугунги кунга қадар мазкур масала юзасидан амалга оширилган амалий ишлар бўйича айрим рақамларга ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз.

Айни кунларда ҳам олий таълим муассасалари (ОТМ) томонидан имкониятдан келиб чиққан ҳолда талабаларнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилинмоқда. 

Хусусан, 2020/2021 ўқув йилида давлат олий ўқув юртларига қарашли 228 та талабалар турар-жойининг умумий қуввати 59минг, умумий эҳтиёж эса 208,4 минг бўлиб, унинг 28 фоизи таъминланган ва қўшимча 149,4 минг ўринли талабалар турар-жойига талаб мавжуд эди. 2021/2022 ўқув йилида олийгоҳларга қабул натижасига кўра, ётоқ ўринларига эҳтиёж 223мингга етди. Шундан 80 минг нафари, яъни эҳтиёжнинг 36 фоизини қондириш имкони яратилди. Ниманинг ҳисобидан?

Ҳукуматнинг тегишли кўрсатмаларига мувофиқ масъул вазирлик ва идоралар томонидан талабалар турар-жойига бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич қондиришнинг аниқ ва манзилли чоралари белгиланди.

Уларга кўра, талабалар турар-жойларидаги мавжуд яшаш хоналарини оптималлаштириш ва икки ярусли кроватларни жорий этиш орқали қўшимча 20 минг ўрин ташкил этиш ҳисобига мавжуд ётоқхоналарнинг умумий қуввати 80минг ўринга етказилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги давлат ОТМда талабалар турар-жойига эҳтиёжманд талабалар сони 72,5минг нафарни ташкил этади. Улардан 28,5минг нафари (яна 4,5минг ўрин тайёр бўлиш арафасида) 90 та талабалар турар-жойига жойлаштирилди ва эҳтиёжнинг 39 фоизи (йил якунига қадар бу 45 фоизга етказиш мўлжалланмоқда) таъминланди.

Шунингдек, жорий йил октябрь ойининг ўзида Тошкент шаҳридаги Тошкент давлат техника университетининг бошқа йўналишда фойдаланиб келинган 53 ва 54-талабалар турар-жойлари таъмирланиб, қўшимча 970 та ётоқ ўрни яратилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Олмазор туманида жойлашган бинолари талабалар турар-жойлари сифатида Тошкент тиббиёт академиясига ўтказиб берилиши натижасида қўшимча 1 000 та ётоқ ўрни ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда ва 1 ноябрга қадар фойдаланишга топширилади.

Йил якунига қадар Давлат бюджети ҳамда ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан республикада қўшимча 9минг ўринли 24 та талабалар турар-жойлари фойдаланишга топширилиши ҳисобига давлат ОТМдаги талабалар турар-жойларининг сони 256 тага етказилиб, 91минг нафар талаба жой билан таъминланади. Натижада талабалар турар-жойларига яшаш эҳтиёжини билдирган талабаларнинг қарийб 41фоиз эҳтиёжи қондирилади.

Ижара тўлови масаласи юзасидан.

Ижара асосида яшаётган талабаларга кўмак – бу қўшимча чора. Аммо масала шу билан ёпилади, деб қабул қилмаслик лозим.

Талабалар турар-жойи бўйича муаммонинг ўтиш давридаги ечимларидан бири бу ижарада турадиган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи юқори талабаларга кўмаклашиш масаласи, деб топилди. Бу масала давлат раҳбари даражасида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги ПҚ–6208-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорларига мувофиқ 2021 йил 1 майдан бошлаб ОТМда ётоқхона билан таъминланмаган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловининг 50 фоизини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича тизим яратилди.

Бунда, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (270 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари (135 минг сўм)ни ташкил этади. Бугунги кунда белгиланган тартибда мурожаат қилган талабаларга тўловлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳам давлат томонидан талаба учун яратилган шароитлардан бири, албатта. Бироқ шунга қарамай, ижарада турадиган талабаларга кўмаклашиш мақсадида талабалар турар-жойи қуриш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорига мувофиқ 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида, яъни Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ва хусусий сектор маблағларини жалб этиш орқали 85 та ОТМда 91,2 минг ўринли 228та янги талабалар турар-жойлари барпо этиш белгиланди. 

Шу билан бирга 2022-2026 йиллар Инвестиция дастури доирасида 12 минг ўринли40 та талабалар турар-жойини реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

2022 йилнинг ўзида ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 2,3минг ўринли 5 та талабалар турар-жойи ишга туширилади.

Амалга ошириладиган ишлар натижасида 2025/2026 ўқув йилига келиб, давлат ОТМда 495 та (239 тага кўпайтирилади) талабалар турар-жойига 187минг нафар (96 мингга оширилади) талабани жойлаштириш имкони яратилади.

Умуман олганда, олдимизда турган вазифалар жуда кўп. Бугунги кунда ана шу вазифаларни амалга ошириш учун давлатимиз раҳбари  ва ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда. Биз эса ишни сифатли, тартибли ва босқичма-босқич ташкил этишимиз зарур, холос. 

Бунда эса бизга жамоатчилик вакиллари, кўп сонли талабалар ва фидойи профессор-ўқитувчилар яқиндан кўмак беришига ишонамиз.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.10.2021 20:15
O'tgan yil Oliy va o'rta ta'lim vazirligi vakili talabalarni turar joy b/n ta'minlash vazirlik zimmasiga kirmasligini aytgan edi, endi nega burnini tiqadi yoki yotoqxona qurilishi bahonasida lahm go'sht ta'mini sezishdimi?