«Бизнесни ривожлантириш банки» акциядорлик тижорат банки дунё молия соҳасидаги энг нуфузли халқаро танловлардан бири — Euromoney Awards for Excellence 2026 мукофотининг «Марказий Осиёдаги энг яхши банк трансформацияси – 2026» (Central Asia's Best Bank Transformation 2026) номинацияси ғолиби бўлди.
Мазкур халқаро эътироф банк томонидан амалга оширилган кенг кўламли трансформация дастурининг натижаси сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, банк давлат молия институтидан замонавий универсал тижорат банкига айланиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, рақамли хизматларни кенгайтириш ҳамда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш йўналишларида салмоқли натижаларга эришган.
Euromoney экспертлари қайд этишича, ребрендинг ва бизнес моделининг янгиланиши натижасида банк замонавий молиявий институт сифатида шаклланиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун кенг қамровли банк хизматларини тақдим этаётган универсал банкка айланган.
Трансформациянинг муҳим босқичларидан бири сифатида Biznes 24/7 рақамли платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа орқали мижозлар масофадан туриб ҳисобварақларни бошқариш, банк хизматлари ва молиявий маҳсулотлардан тезкор ҳамда қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Банк Бошқаруви раиси Сахи Аннакличевнинг таъкидлашича, ушбу мукофот банкда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро даражада эътироф этилганини ва танланган тараққиёт стратегияси тўғри эканини тасдиқлайди.
Шунингдек, банкда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, инсон капитали салоҳиятини ошириш, рискларни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш ҳамда инновацияларга асосланган корпоратив маданиятни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, Euromoney Awards for Excellence мукофоти 1992 йилдан буён Буюк Британиядаги Euromoney журнали томонидан ҳар йили ўтказилади. Унда стратегия, инновациялар, корпоратив бошқарув, барқарор ривожланиш ва институционал трансформация соҳаларида юқори натижаларга эришган молия институтлари халқаро экспертлар томонидан тақдирланади.