Бир хил зилзила, икки хил тақдир: Япония нега омон қолди, Венесуэла нега вайрон бўлди?

06.07.2026 22:07

Икки давлат. Икки зилзила. Магнитудаси ҳам деярли бир хил.
Аммо оқибатлар ўртасидаги фарқ ниҳоятда катта.
24 июнь куни Венесуэлада Каракас шаҳридан ғарбда атиги 39 сония фарқ билан 7,2 ва 7,5 магнитудали иккита кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳодисани «сейсмик дуплет» деб аташмоқда. Бу мамлакатда сўнгги 125 йил ичида кузатилган энг кучли ер силкинишлари бўлди.
Табиий офатнинг кўлами кун сайин аниқлашиб бормоқда. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 2954 нафарга етган. 16 592 киши жароҳатланган, 13 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ўн минглаб одамлар ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда. Энг оғир талафот халқаро аэропорт ва мамлакатнинг энг йирик денгиз порти жойлашган Ла-Гуайра штатида қайд этилган. Мамлакатда фавқулодда ҳолат ва етти кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Қутқарув ишлари ўн кундан ортиқ давом этди. Маълумот учун, табиий офатларда инсонни тирик топиш учун дастлабки 72 соат ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунга қарамай, Венесуэлада ҳақиқий мўъжизалар ҳам кузатилди. Зилзиладан уч кун ўтиб аёл ва унинг 18 кунлик чақалоғи тирик қутқарилди, олти кундан кейин уч ёшли бола, саккиз кун ўтиб эса 44 ёшли эркак вайроналар остидан соғ-омон олиб чиқилди.

Орадан кўп ўтмай Японияда ҳам деярли шундай кучдаги — 6,9–7,2 магнитуда атрофидаги кучли зилзила қайд этилди. Японияда бу зилзила оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмади. Фақат бир нечта киши, янаям аниқроғи 11 киши енгил тан жароҳати олган, транспорт ҳаракати қисқа муддатга чекланган, биноларнинг аксарияти эса зилзилага бардош берган.

Қизиқ, нега деярли бир хил кучдаги зилзила икки мамлакатда мутлақо бошқача оқибатларга олиб келди?
Албатта, бунда эпицентрнинг жойлашуви, ер силкинишининг чуқурлиги, аҳоли зичлиги ва геологик шароит каби омиллар ҳам муҳим. Аммо, маълумки, одамларни кўп ҳолларда зилзиланинг ўзи эмас, балки қулаган бинолар ўлдиради.

Ана шу нуқтада давлат бошқаруви сифати, қурилиш соҳасидаги назорат ва коррупция даражаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Transparency International'нинг 2025 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексига кўра, Япония 71 балл билан дунёдаги энг шаффоф давлатлар қаторида 18-ўринни эгаллаган. Венесуэла эса атиги 10 балл билан 180-ўринни қайд этган бўлиб, дунёдаги энг коррупциялашган уч давлатдан бири ҳисобланади.
Бу рақамлар шунчаки рейтинг эмас.
Японияда қурилиш соҳаси энг қаттиқ назорат қилинадиган тармоқлардан бири ҳисобланади. Лойиҳалашдан тортиб бетоннинг сифати, арматура, сейсмик ҳисоб-китоблар ва объектни қабул қилишгача бўлган ҳар бир босқич мустақил экспертизадан ўтади. Қурилиш қоидаларини бузиш оғир ҳуқуқбузарлик саналади ва катта жарималар, лицензиядан маҳрум қилиш, озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазолар қўлланади.
Венесуэлада эса, йиллар давомидаги иқтисодий инқироз, давлат институтларининг заифлашуви ва юқори коррупция қурилиш соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Назорат сусайганда сифатсиз материаллардан фойдаланиш, қурилиш меъёрларини четлаб ўтиш ва қабул жараёнларининг расмиятчиликка айланиши табиий ҳолга айланади. Оқибатда, табиат зарбаси улкан инсоний фожиага айланади.
Япония ҳар йили минглаб ер силкинишларини бошдан кечиради. Шунинг учун мамлакатда нафақат бинолар, балки аҳоли ҳам зилзилага тайёрланади. Болалар мактабданоқ эвакуация машқларида қатнашади, аҳоли мунтазам ўқитилади, фавқулодда вазиятлар хизмати эса, доимий шай ҳолатда бўлади. Шунинг учун кучли зилзилалар ҳам аксарият ҳолларда оммавий фожиага айланмайди.

Бу воқеалар биз учун ҳам жиддий сабоқ бўлиши керак.

Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Мамлакатимизда кейинги йилларда қурилиш ҳажми кескин ортди, юзлаб кўп қаватли уйлар ва янги тураржой мажмуалари барпо этилмоқда.
Шундай экан, энг муҳим нарса қанча уй қурилаётганида эмас, улар қандай қурилаётганида.

Қурилиш материалларининг сифати, лаборатория синовлари, техник назорат, лойиҳадан четга чиқмаслик ва объектларни қабул қилиш жараёнларининг ҳақиқатан ҳам шаффоф бўлиши — буларнинг барчаси инсон ҳаёти билан боғлиқ.

Зилзилани тўхтатиб бўлмайди.

Аммо унинг фожиага айланишининг олдини олиш мумкин.
Бу эса, энг аввало, қурилишдаги ҳалоллик, сифат ва муросасиз назоратдан бошланади. Чунки бугун қурилишда йўл қўйилган битта хато ёки кўз юмилган битта коррупция ҳолати эртага минглаб инсонлар тақдирига таъсир қилиши мумкинлигини Венесуэла мисолида ҳам кўрмоқдамиз. Зилзила албатта, табиат ҳодисаси, инсон иродасига бўйсунмайди. Фожиа эса кўпинча инсонларнинг қарорлари ва тизимнинг сифатига боғлиқ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар