Ётоқхоналар сотилмаяптими ёки муаммо яширилаяптими?

30.06.2026 07:33

Ижтимоий тармоқларда талабалар тураржойлари оммавий савдога чиқарилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдириб, талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки ертўла, ошхона, буфет, ҳовли ва бошқа ёрдамчи майдонлар ижарага берилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий педагогика университетининг мавжуд бинолари ҳам фақат Янги Тошкентдаги замонавий кампус тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилгандан кейингина бўшатилиши шарти билан хусусийлаштириш дастурига киритилгани таъкидланди.

Вазирликнинг изоҳи мантиқийми? Дарҳақиқат, бу ерда талабалар яшаб турган хоналар бугуннинг ўзида сотилаётгани ҳақида гап кетмаяпти. Бироқ, ётоқхона танқислиги сақланиб турган бир пайтда нега мавжуд инфратузилма савдога чиқарилмоқда ва вазирлик келтираётган рақамлар ҳақиқатан ҳам реал ҳолатни акс эттиряптими?

Вазирлик маълумотига кўра, 2022–2025 йилларда республика бўйича жами 74,1 минг ўринли талабалар тураржойлари яратилган. Натижада, давлат ОТМларидаги ётоқхоналарнинг умумий сиғими 159,1 минг ўринга етказилиб, таъминланганлик даражаси 58 фоизни ташкил этган.

Аммо, ҳукумат қарорларига қаралса, айнан шу даврда талабалар тураржойлари учун ажратилган 72,4 гектар ер майдонида 109,7 минг янги ётоқ ўрни яратилиши белгиланган эди. Демак, вазирлик айтаётган 74,1 минг ўрин бу режанинг атиги 67,5 фоизига тўғри келади. Эришилган натижа режанинг тўлиқ бажарилмаганини кўрсатяпти.

Вазирлик айтаётган «яратилган ўринлар»нинг барчаси янги қурилган ётоқхоналарми? Бу ҳақда ҳам очиқ маълумот йўқ. Талабалар яхши биладики, сўнгги йилларда кўплаб ётоқхоналарда икки кишилик хоналар тўрт кишиликка, тўрт кишилик хоналар олти ёки саккиз кишиликка айлантирилди. Икки қаватли каравотлар ўрнатилиб, мавжуд майдон ҳисобидан қўшимча «ўринлар» яратилди.

Демак, 74,1 минг ўриннинг қанчаси ҳақиқатан янги қурилиш, қанчаси эса шунчаки зичлаштириш ҳисобига ҳосил қилинганини вазирлик очиқ айтиши керак. Чунки, бу иккиси мутлақо бошқа-бошқа нарса.

Рақамларни ҳисоб-китоб қилиб чиққан Отабек Бакиров ундаги яна бир номутаносиблик таъминланганлик кўрсаткичларини солиштирганда намоён бўлишини кўрсатган. 2021 йилда расмий маълумотларга кўра, мавжуд ётоқ ўринлари сони 103,5 минг бўлиб, бу умумий эҳтиёжнинг 41 фоизини қоплаган. Демак, ўша вақтда республика бўйича умумий эҳтиёж 252,5 минг ўринни ташкил этган.

Бугунги рақамларга кўра эса, мавжуд ётоқ ўринлари 159,1 мингга етган ва бу 58 фоиз таъминланганлик дегани. Бу ҳисобдан умумий эҳтиёж 274,3 минг ўрин атрофида бўлиши керак.

Оддий арифметика шуни кўрсатадики, 2021 йилдан буён амалдаги ётоқ ўринлари сони 55,5 мингтага кўпайган. Вазирлик эса, айнан шу даврда 74,1 минг ўрин яратилганини айтмоқда. Агар икки рақам ҳам тўғри бўлса, камида 18,6 минг ўриннинг тақдири ноаниқ бўлиб қоляпти. Улар қаерга кетди? Эски ётоқхоналар ёпилдими? Бошқа мақсадларга ўтказилдими? Бу саволларга жавоб йўқ.

Қолаверса, расмий статистикага кўра, 2021/2022 ўқув йилида ОТМ талабалари сони 808,4 минг нафар бўлган бўлса, 2025/2026 ўқув йилига келиб, 1 миллион 535 минг нафарга етган, яъни қарийб икки баробар ошган. Шундай экан, талабалар сони 90 фоизга кўпайган бир пайтда, ётоқхонага умумий эҳтиёж атиги 8–9 фоизга ошган, деган ҳисоб-китоблар мантиқан ҳам, амалиёт нуқтаи назаридан ҳам ишонч уйғотмайди.

Агар янги ўринларнинг салмоқли қисми мавжуд хоналарни зичлаштириш ҳисобига яратилган бўлса, бир талабага тўғри келадиган яшаш майдони амалдаги санитария талабларига жавоб берадими? 12 квадрат метрли хонада тўрт нафар талабани жойлаштириш мумкинми? Битта ҳожатхона, душ ва ошхона нечта талабага хизмат қилмоқда? Бу саволларга ҳам ҳозирча очиқ жавоб берилмаган.

Талабалар тураржойи казарма ҳам эмас, изолятор ҳам эмас, демоқда bakiroo. У ерда ёшлар нафақат тунаб чиқади, балки ўқийди, дам олади ва яшайди. Аниқроғи, шундай қилиши керак. Замонавий ётоқхона инсон қадрини таъминлайдиган минимал стандартларга жавоб бериши шарт.

Шу сабабли ҳам, ётоқхоналар сотиляптими ёки йўқми деган саволга жавоб топилгани билан, у бугунги муаммоларни ҳал қилиб беролмайди. Вазирлик жамоатчилик ишончини қозонишни истаса, умумий фоизлар билан чекланмасдан, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир университет ва ҳар бир лойиҳа кесимида тўлиқ маълумотларни эълон қилиши лозим. Қанча янги бино қурилди? Қанча ўрин реконструкция ёки зичлаштириш ҳисобига яратилди? Қанча ётоқхона ёпилди ёки бошқа мақсадларга ўтказилди? Санитария меъёрлари қай даражада таъминланган?

Шундагина талабалар ҳам, ота-оналар ҳам тизимдаги ҳақиқий ҳолатни баҳолай олади. Акс ҳолда, рақамлар атрофидаги баҳслар давом этаверади, талабалар эса, ҳар йили қимматлашаётган ижара бозорида бошпана излашда давом этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар