Талабалар муаммосига ким ечиб топиб беради?
Ҳукуматнинг жорий йил 24 сентябрдаги тегишли қарори билан 1 майдан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Хўш, Ўзбекистонда талабаларни энг кўп қийнайдиган масала – турар жой муаммосини ҳал этиш учун шунинг ўзи етарлими?
Ўзбекистондаги Олий таълим: Рақамлар нима дейди?
2020-2021 ўқув йили учун тасдиқланган давлат буюртмаси параметрларига биноан бакалавриат таълим йўналиши бўйича 150 375 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган эди. Мазкур кўрсаткич ўтган йили 138,1 минг нафарни ташкил қилган. Рақамларнинг ўсиб бориши, албатта, ёш-кадрларни кўпайтириш, мамлакатимизда ижтимоий қатлам ролини янада ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ, талабаларнинг 4 йил мобайнида қай тартибда таҳсил олиши, яшаб кун кечириши масаласи эса ҳали ҳамон тўлақонли ижобий ҳал этилмаган, оғриқли масалалар эса бисёр.
Талабанинг истеъмол саватчаси, унинг кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик эҳтиёжлари, чиқим ва харажатлар ҳамда ҳамма учун таниш ва сира ҳам долзарблигини йўқотмайдиган муаммо – талабаларнинг турар жой масаласи.
Йил бошида қайд этилган кўрсаткичларга кўра, Ўзбекистонда 129 та ОТМ мавжуд бўлиб, уларда таҳсил олаётган талабаларнинг умумий сони 500 минг нафарни ташкил этган. «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга мувофиқ эса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги учун 3 триллион 314 миллиард 709,3 миллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган эди.
Тошкент «талабалар инкубатори».
2018-2019 йиллар Олий таълим муассасаларида 114,5 минг нафар, 2019-2020 йиллар 138,1 минг, 2020-2021 йилларда эса 150,3 минг нафар ёшлар талабаликка қабул қилинган. Бу кўрсаткичдан билса бўладики, йилдан йилга Олий ўқув юртларига олинаётган талабалар сони 2 баробарга ошган. Бу ўсишнинг юқорилиги бўйича Тошкент вилояти 40,3 фоизни ташкил қилиб биринчи ўринда турибди. Тошкентда 85 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, бу 13% талабани қамраб олади. Қолган 87% талаба аҳволи ҳақида эса ким қайғуради?
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 январда бўлиб ўтган йиғилишда бу бўйича топшириқ берган.
«Бу масалани шахсан бош вазир ўз назоратига олади. Ёшлар кўпаймоқда. Ётоқхоналар сонини кўпайтириш керак. Битта хонада тўрт кишидан бўлсин, плацкартага ўхшаб… Биз «бой» давлатмизку – бизда икки кишига, бир кишига хоналар бор… Тўрт кишига хоналар бўлсин — плацкартага ўхшаб икки этаж… Бойроқ бўлсак, юқоридагисини олиб ташлаймиз», – деган эди Президент.
Бош вазир Абдулла Арипов Хитой тажрибасини мисол қилиб келтирган. Унинг айтишича, у ерда ётоқхоналар 4 кишилик хоналар билан қурилади деган эди.
Тошкентдаги 85 та талабалар турар жойи 13% талабани қамраб олиш имкониятига эга бўлса, бу рақам камида 78% бўлиши учун 425 та ётоқхона қурилиши керак экан. Шунда ҳам бу 100 фоиз натижани бермайди. Демак, на Хитой тажрибаси, на япон тажрибаси ҳали ишга тушмаган кўринади…
Кирим-чиқимлар: Чўнтаги чанг босган талаба.
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида ўртача икки хонали уйни 200-300 долларга олиш мумкин. Шунда бир кишига ўртача бир ойлик яшаш 50 долларга тушади. Бу 535 минг дегани. Энди бир кунлик чиқимини ўртача олиб ҳисобласак. Бир кунда ўқишга бориб келиши учун (метро, автобусда) 2800 сўм сарфлайди (қақат битта транспортда бориб ва келиши учун). Эрталаб нонуштаси учун ўртача 15 минг сўм. тушлик 20 минг, кечки овқат учун эса 25 минг сарфлайди (бу тўғри овқатланиш тартибида овқатланганда шунга риоя қилиш керак). Шунда бир кунда 62800 сўм чиқим қиляпти. Буни бир ойга кўпайтирсак, 1 884 000 сўм сарфлайди. Квартира пули билан эса 2 444 000 сўм бўлади. Демак, талаба бир ойда камида 2 444 000 сўм сарфлайди.
Эътибор беринг, бу рақамлар фақат кичик кунлик харажатлар учун ҳисобланди. Қўшимча тил ва бошқа курсларда ўқиса, бу рақамлар янада катталашади. Талабага шартли равишда бериладиган стипендия миқдори 400 000 сўм. бунда талаба контрактда ўқиса, стипендиясиз қилиб ёздириши ва стипендия олмаслиги мумкин. 5 баҳога ёпган талабаларга эса, 96 000 сўм алоҳида стипендия мавжуд.
1-курс, эндигина уйидан келган, ҳали шаҳарнинг ҳеч қаерини билмайдиган талаба бу пулларни қаердан олади? Ота-онаси топган пули квартираси учун етсинми ёки кунлик харажати учун? У ота-онанинг ўзи 2,5 млн ойлик олса ҳам катта гап...
Биз материалимизни янги чиққан қарор билан бошлаган эдик. Қарорга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади.
Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Бу белгиланган ишга мувофиқ, 2021 йил май–июнь ойлари учун 3 минг нафардан кўпроқ талабага 920,8 миллион сўм маблағлар давлат бюджети томонидан тўлаб берилган. Аммо бу ҳам муаммо ечими эмас. Чунки ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандлари учун қўлланади. Қолган талабаларчи? Улар шунда 1-курсдан ишлашга мажбур бўладими?
Бундан ташқари, квартира шартномаси бўйича кўпгина ижара қўювчи шахслар талаба билан шартномани тузишдан бош тортмоқда. Турли югур-югур, расмиятчиликка ҳеч кимни тоқати йўқ. бундай вазиятда талаба арз-додини кимга айтсин?
Нима қилиш керак?
1) Ошиб бораётган талабалар сонига мувофиқ талабалар турар жойлари қурилишини тизимли тарзда амалга ошириш;
2) Соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб этиш ва замонавий талаблар асосида хусусий турар жой мажмуалари фаолиятини йўлга қўйиш;
3) Чет эл тажрибасини жиддий ўрганиш ва манфаатли андозалар олиш;
4) ТТЖга жойлашувчи талабаларни қабул қилиш қамрови ҳамда тартибини қайта кўриб чиқиш ва зарур ўзгартиришлар киритиш;
5) Талабалар турар жойига жойлашаётган талабаларнинг ҳақиқатдан ҳам низомга мувофиқ тарзда жойлашаётганини назорат қилиш.
«Талаба ҳам одамми?» деган халқ ичида гап юради. Бу гапни қанчалик тўғри эканлигини юқоридаги таҳлиллар кўрсатиб берди.
ТТЖга туради болам деб олиб келиб ота-она 2-3 кунлаб кўчада ётади, ваҳоланки уларнинг сўрови қабул қилинмай, 500-600 минг сўмга квартирага қўйиб кетиб, ҳар ойда фарзанди учун 2,5 миллион жўнатган ота-онанинг фарзанди – талаба ҳам одамми?
Бундай шароитда талаба на тил ўргана олади, на қўшимча курсга қатнай олади. Ота-онамга фойдам тегсин дея кафе-барларда ярим ставка ишлаб ўзига пул топиш ҳаракатига тушади. Биз эса шундай бир вазиятда билимли, хорижий мамлакат ёшлари билан беллаша оладиган ёш-авлод чиқишини кутамиз. Ҳа, улар чет элга чиқа олади, фақат қора меҳнатда ишлашга…
Ирода Фарходова,
мухбир