Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича таклифлар асосан Oʻ, Gʻ, Sh ва Ch ҳарфларининг Ö, Ğ, Ş ва Ç шаклига алмаштирилиши атрофида кечмоқда. Бироқ гап шунчаки ҳарфларни ўзгартириш ҳақида эмас, балки ўзбек тилини рақамли технологиялар ва сунъий интеллект талабларига мослаштириш ҳақида кетмоқда.
Таклифга кўра, ҳозирги алифбода икки белгидан ташкил топган Oʻ, Gʻ, Sh ва Ch каби ҳарф бирикмалари ўрнига битта белгидан иборат Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфлари жорий этилади. Шунингдек, «NG» алоҳида ҳарф бирикмаси сифатида алифбодан чиқарилиб, у фақат фонетик товуш сифатида сақланади.
Бу ўзгаришлар, энг аввало, компьютер тизимлари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳозирги алифбодаги Oʻ, Gʻ, Sh ва Ch инсон учун битта ҳарф бўлиб кўринса-да, компьютер уларни икки алоҳида белги сифатида қабул қилади. Бу эса, сунъий интеллект моделларини ўзбек тилида ўқитиш, автоматик таржима, қидирув тизимлари, электрон давлат хизматлари ва рақамли архивлар билан ишлашда қатор техник муаммоларни келтириб чиқаради.
Таклиф этилаётган ёндашув, шунингдек 2024 йил Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти ташаббуси билан қабул қилинган Умумтуркий алифбо концепцияси билан ҳам уйғун ҳисобланади. Яъни, ўзбек алифбоси бошқа туркий тиллар билан техник жиҳатдан янада яқинлашади.
Ижтимоий тармоқларда энг кўп берилган саволлардан бири, ўзгаришлар давлат бюджети ва аҳоли учун катта харажат келтириб чиқарадими?
Масъулларнинг таъкидлашича, бу ҳолатни тўлиқ алифбо алмашиши билан таққослаш тўғри эмас. Бир ёзувдан ёки бир алифбодан иккинчисига ўтиш жараёнида барча ҳужжатлар, дарсликлар ва инфратузилмани қайта мослаштиришга тўғри келади ва бу катта харажатларга сабаб бўлади. Аммо, Ўзбекистонда бундай вазият йўқ.
Таклиф қабул қилинган тақдирда:
паспорт ва ID-карталар муддати тугагунига қадар алмаштирилмайди;
амалдаги банкноталар муомалада қолаверади, янги пуллар босилганда янги имло қўлланади;
дарсликлар навбатдаги режали қайта нашр вақтида янгиланади;
кўча ёзувлари, пешлавҳалар ва бошқа ташқи белгилар ҳам фойдаланиш муддати тугагач босқичма-босқич алмаштирилади.
Шу боис, ислоҳот катта бир марталик молиявий юкламани талаб қилмайди.
«NG» ҳарфи бекор бўляптими?
Ижтимоий тармоқларда яна бир нотўғри тушунча ҳам тарқалди. Айримлар энди «менинг», «келинг», «боринг», «бодринг» каби сўзлар бошқача ёзилади, деб ўйламоқда.
Аслида эса бу сўзларнинг ёзилиши умуман ўзгармайди. Фақат «NG» алифбодаги мустақил ҳарф бирикмаси мақомидан чиқарилади. Товуш эса аввалгидек талаффуз қилинади.
Тилшунослар буни халқаро амалиёт билан ҳам изоҳлайди. Масалан, инглиз тилида «sh» товуши мавжуд, аммо у алифбода алоҳида ҳарф ҳисобланмайди. Худди шундай ёндашув ўзбек тили учун ҳам таклиф этилмоқда.
Китоблар ҳажми ҳам қисқаради
Янги имлонинг яна бир амалий афзаллиги матндаги белгилар сонининг камайиши.
Бу муаммо миллионлаб нусхада чоп этиладиган дарсликлар ва китоблар учун қоғоз сарфи, босмахона харажатлари ва рақамли маълумотлар ҳажмини қисқартиришда маълум иқтисодий самара беради.
Таклиф этилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади ўзбек тилини ўзгартириш эмас. Асосий вазифа уни XXI аср технологиялари, сунъий интеллект, рақамли платформалар ва халқаро ахборот муҳити учун янада қулай ва рақобатбардош қилишдир.
Шу билан бирга, алифбо ислоҳоти кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида амалга оширилиши, тилшунослар, IT мутахассислари, таълим соҳаси ва кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши муҳим. Чунки алифбо нафақат ёзув воситаси, балки миллатнинг маданий мероси ва келажакдаги рақамли тараққиёти билан ҳам бевосита боғлиқ масала.
М. Ворис