Тошкентда пулли йўл бўйи парковкалари атрофидаги баҳслар янги босқичга чиқди. Давлат хусусий компания манфаатини ҳимоя қилиш учун маъмурий жазо механизмларини ишга солиши мумкинми?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги муҳокамага қўйган лойиҳада пулли автомобиль тўхташ жойлари учун ҳақ тўламаган ҳайдовчиларга 2 БҲМ миқдорида маъмурий жарима жорий этиш таклиф қилинган. Қизиқ, ҳокимлик қонунчилик ташаббуси билан чиқиши қанчалик мантиқли?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қатъий белгиланган субъектларга тегишли. Улар қаторига Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд ва Бош прокурор каби субъектлар киради.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ушбу рўйхатда йўқ.
Шундай экан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш ташаббуси маҳаллий ижро ҳокимияти томонидан илгари сурилиши ҳуқуқшуносларда ҳам, жамоатчиликда ҳам асосли саволларни туғдирмоқда.
Парковка хизмати – давлат хизмати эмас. Ҳайдовчи машинасини қўяди, оператор эса хизмат кўрсатади. Бу икки томон ўртасидаги муносабат фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ҳисобланади.
Масалан, дўкондан маҳсулот олсангиз-у пул тўламасангиз, сизга дарҳол маъмурий жарима ёзилмайди. Ёки хусусий клиника хизмат ҳақини ундиролмаса, давлат бунинг учун янги жарима жорий этмайди. Бундай ҳолатларда даъво суд орқали кўриб чиқилади.
Парковка ҳам айнан шундай муносабат ҳисобланади. Яъни, бу фуқаролик муносабати. Фуқаролик муносабати учун нега маъмурий жазо, бўлганда ҳам нега Маъмурий кодексга ўзгартириш киритиш керак?
Агар оператор хизмат ҳақини ундира олмаётган бўлса, қонун унга судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Давлат эса, хусусий ширкатнинг қарздорларини жазолаш учун маъмурий ресурсларини ишга солиши ҳуқуқий давлат тамойилларига қанчалик мос келади?
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, пойтахтда кунига тахминан 15 минг ҳайдовчи пулли парковкалардан фойдаланади.
Аммо уларнинг атиги 2–3 фоизи хизмат ҳақини тўлаётгани айтилмоқда.
Агар бу рақамлар ҳақиқат бўлса, аввало нега бундай оператор ҳалигача ишламоқда?
Ахир 97 фоиз тўловни йиғолмаётган компания ўз вазифасини бажара олмаётганини англатмайдими?
Демак, муаммо ҳайдовчилардагина эмас, балки тизимнинг ўзида бўлиши мумкинми?
Келинг оператор томонидан, тизимни ўта ҳам деб ҳисоблаган ҳолда кўриб чиқамиз.
Тўлов тизими ишламаяптими? Назорат етарлими? Илова носозми? Белгилар тушунарлими? Ёки операторнинг техник имкониятлари етарли эмасми?
Шундай экан, оператор самарадорлигини баҳолаш ўрнига аҳолини жарима билан интизомга чақириш жуда бир мантиққа тўғри келмайдиган ечим эмасми?
Пулли парковкалар тизимини бошқариш ҳуқуқини берган аукцион ўтказилиши пайтида ҳам кўплаб эътирозлар билдирилган эди.
Жуда кўплаб иддаоларга кўра, бутун Тошкент кўчаларида йўл бўйи парковкаларини ташкил этиш ҳуқуқи катта рақобатсиз, яқинда ташкил этилган хусусий компанияга берилган. Компаниянинг молиявий, техник ва ташкилий имкониятлари ҳақида етарлича очиқ маълумотлар тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, аукцион натижалари бўйича шаҳар бюджетига қанча маблағ тушгани, инвестиция мажбуриятлари қандай бажарилаётгани ҳақида ҳам жамоатчилик учун тўлиқ ҳисоботлар эълон қилинмаган. Шаффофлик масалалси эса, қаерлардадир қоғоз ичида ётибди.
Лойиҳага Халқ демократик партияси ҳам кескин муносабат билдирди.
Партия хусусий операторнинг хизмат ҳақини ундириш учун давлат маъмурий жазо механизмларини қўллаши ҳуқуқий давлат тамойилларига зидлигини таъкидлаган.
Шунингдек, партия ҳокимлик келтираётган "2–3 фоиз ҳайдовчи тўлаяпти" деган маълумотларни ҳам шубҳа остига олди. Чунки бугунга қадар парковкалардан тушган тушумлар, давлат бюджетига ўтказилган маблағлар, инвестициялар ва оператор фаолияти юзасидан жамоатчиликка тўлиқ ҳисобот тақдим этилмаган. Шунчаки улар айтганига ишонишимиз керак, тамом.
Жарима давлатнинг энг қаттиқ таъсир чораларидан бири, у фақат қонуний асослар мустаҳкам бўлганида, жамоат манфаати ҳақиқатдан ҳам ҳимоя қилинаётганида ва бошқа барча воситалар самара бермаганида қўлланилиши керак.
Парковка тизими эса ҳали жуда кўп саволларга жавоб бермаган.
Оператор қандай танланган? Қанча инвестиция киритилган? Давлат бюджети қанча даромад олмоқда? Нега тўлов тизими самарасиз ишламоқда? Нега бу маълумотлар очиқ эмас?
Бу саволларга жавоб берилмасдан туриб, ҳайдовчиларга маъмурий жарима қўллаш ҳақида гапириш, бунинг устида давлатнинг энг олий ҳужжатларидан бўлмиш Кодексга «қўл узатиш» учун ташкилот қандай мавқега эга бўлиши керак, тасаввур қилиш қийин.
Ҳуқуқий давлатда хусусий бизнеснинг иқтисодий муаммосини ҳал қилиш учун давлатнинг жазолаш ваколати эмас, қонун устуворлиги, очиқлик ва рақобат ишлаши керак. Акс ҳолда, ҳатто жарималар ҳам қонун учун эмас, кимнингдир манфаати учун жорий этила бошлаши мумкин.