Судьялар олий кенгаши: «Мурдани сўроқ қилган судьяга чора кўришнинг иложи йўқ»

08.10.2021 08:29

Яна ҳар доимгидай "дежурний" жавоб – "Судьяни интизомий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган".

Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайти "Судьялар олий кенгаши Президентни алдаб келмоқдами?" номли мақола эълон қилган эди.

Унда мурдадан «кўрсатма олиб», қалбаки суд жараёнларини олиб борган судья Ж.Султонова номзоди Хоразм вилояти маъмурий суди раислигига тасдиқлангани айтилган.

Ушбу мақолага Судьялар олий кенгаши қуйидаги мазмунда муносабат билдирди

Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам, фуқаро М.Қ. судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво ариза билан 2016 йил 15 апрелда мурожаат қилган. Суд тарафларнинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, даъвогар М.Қ.нинг турмуш ўртоғи (эри) оилани сақлаб қолиш ниятида эканлигидан келиб чиқиб, уларга ярашиш учун олти ой муҳлат берган.

2016 йил 25 октябрида белгиланган олти ойлик муддат тугайди.

Муддат тугагач, даъвогар М.Қ. бир неча маротаба судга чақирилганида келмаган, жавобгар (эр) эса судга хотини билан ярашиб яшаётганликларини билдиради.

2016 йилнинг 3 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг (ўша пайтдаги) раиси томонидан мазкур фуқаролик иши юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Ажримда даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги асос сифатида кўрсатилади.

Орадан вақт ўтиб, М.Қ. суд ажрими қабул қилинишидан саноқли кунлар аввал автоҳалокат оқибатида вафот этгани маълум бўлиши ортидан 2018 йил 9 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги иш даъвогар вафот этганлиги муносабати билан тугатилган.

Яъни, судья томонидан ажрим қабул қилиш пайтида йўл қўйилган хато юқори суд инстанциясида бартараф этилган.

Воқелик 2016 йилда юз берган, судья йўл қўйган хатолик жиддий оқибат келтириб чиқармаган, шунингдек суд ажримига нисбатан иккинчи тараф томонидан шикоят, ариза берилмаган.

Бугунга келиб, судьяни интизомий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабаб судьяга нисбатан чора кўриш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас.

*******

Эслатиб ўтамиз сайтимизда мазкур мавзу юзасидан яна бир қатор материаллар эълон қилинган:

Ўзбекистон суд тизимида “мурдани сўроқ қилган” судялар ҳам ишлаб келмоқда

Суд тизимидаги аҳвол: Мурдаларни сўроқ қилган судьялар жазоланмаслиги маълум бўлди

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар