Азиз Абдуҳакимов спорт тизимидаги “оқсоқ”ликлар учун жамоатчиликдан кечирим сўрамайдими?

19.08.2021 20:01

Ўзбекистонда спортга маблағ йил сайин кўпроқ сарфланмоқда, аммо натижа ортга кетмоқда. НЕГА?

“Токио – 2020” ёзги Олимпиадасидаги ўзбекистонликларнинг натижалари спорт соҳасида олдинга эмас, балки орқага қараб кетаётганимизни англатади.

“Токио – 2020” ёзги Олимпиадасини Япония стадионларида байроқ кўтариб суратга тушиш билан бошлаган Ўзбекистоннинг Спорт ва туризм вазири Азиз Абдуҳакимов Олимпиада натижаларига бағишланган матбуот анжуманида кўриниш бермади.

Аслида спортдаги ҳар бир натижа учун биринчи раҳбар жавобгар бўлиши, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилиб тушунтириш бериши керак эмасми?

Матбуот анжумани Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида бўлиб ўтди. Очиғи, кўнгилочар жойлар ва аллақандай тадбирларнинг очилиш маросимларида суратга тушишга одатланган вазирни жиддий учрашувда учратишимизга ҳам кўзимиз етмаганди. Агар, натижалар ҳақиқатан ҳам мақтовга сазовор бўлганида эди, бугунги анжуманда сўзсиз Азиз Абдуҳакимовни кўрган бўлар эдик. Қолаверса, 6 та лавозимга эга бўлган вазирнинг долзарб матбуот анжуманларига вақт ажрата олмаслиги тайин.

Яқиндагина якунланган “Токио – 2020” ёзги Олимпиадасидаги Ўзбекистон спортчиларининг натижалари спорт соҳасида олдинга эмас, балки орқага қараб кетаётганимизни англатади. Биргина таққослаш учун мисол, “Рио – 2016” олимпиадасида кўрсатилган натижанинг ярмига ҳам эриша олмадик, аммо спорт соҳасига давлат томонидан тобора кўпроқ маблағ, эътибор ажратилмоқда. Бироқ натижа эса кўнгилдагидек эмас.

Спортдаги натижалар ортга кетиши билан бирга тизимда сўнгги вақтларда коррупция аломатлари ҳам урчиб боряпти. Бу ҳолат катта минбарларда ҳам айтилди. Аммо нима учундир, айни пайтда спорт соҳасига жавобгар бўлган биринчи раҳбар бу борада масалаларга бир оғиз ҳам муносабат билдиргани йўқ.

Мазкур камчиликлар, оқланмаган маблағ ва мағлубият учун вазирлик, вазир узр сўрамайдими? Энг камида камчиликларини тан ола биладими? Ёки Ўзбекистонда шунча берилаётган маблағ ва имкониятларга қарамай спорт тизими ортга кетаётганида амалдорларнинг айби йўқми?

* * *

Журналист Анора Содиқова:

– Йилдан йилга спортга кўпроқ маблағ ажратиб бориляпти. Лекин шунга қарамасдан натижалар тескарисига, борган сари камайиб боряпти. Мана масалан дзюдода ҳам бошқа спорт турларида ҳам кўриш мумкин. Яққол мисол, “Токио–2020” ва “Рио–2016” мусобақаларини солиштирилганда ҳам кўриш мумкин. Нима учун маблағ кўтарилиб, натижа тушиб боряпти. Бундан сиз мутасаддилар ҳам хижолат бўласизми ҳеч, сизлар ҳам уяласизларми?

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов:

– Маблағ ажратилиши борасидаги эътирозингиз, албатта, тўғри. Нафақат маблағ, ўқув машғулоти йиғинларида ҳам мусобақаларда иштирокида ҳам биз ҳар доим федерациянинг талабномасидан келиб чиқамиз. Улар эса бевосита кимлар беллашишини штабнинг талабидан келиб чиқиб танлашади. Маблағ асосан ўқув машғулоти йиғинларига ва рейтинг мусобақаларига қатнашиш билан боғлиқ масалаларга ажратилади.

Бизда дзюдо спорт турини оладиган бўлсангиз айнан авлодлар алмашинуви бўлди, ёшариш кузатилиб таркибда кўп спортчилар алмашди. Ришод Собиров, Абдулла Тангриев бор эди. Бизда спортчиларни синовдан ўтказиш, қолаверса, турли нуфузли халқаро мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаб керакли рейтинг балларини йиғиб боришлари учун сарфланади. Биз балки ёш спортчилар билан олимпиадада иштирок этгандирмиз. Лекин бу ёш, умидли спортчиларимиз кейинги олимпиада ўйинларида ва бошқа мусобақаларда ўзининг самарасини беришига ишонамиз. Лекин бу масъулиятни бўйнимиздан олмайди. Дзюдо бўйича солиштирадиган бўлсак, бу йилги натижа пастроқ. Бироқ бу вазиятни спортчиларнинг натижаси кейинги олимпиадалардаги ғалабаларга замин яратиб бериши билан асослаш мумкин.

Спорт журналисти Мирали Боймуродов:

– Мана, Rost24.uz сайти айтганидек, “Рио – 2016” натижаларининг ярмини ҳам қўлга кирита олмадик. Аёлларимиз сони кўпайди, ёшларимиз сони кўпайди, авлодлар алмашинуви деган гаплар билан биз мухлисларни, қолаверса, Президентимизни ҳам алдаб қўймаяпмизми? Халқ кутяпти, нега олимпиада ўйинларидан кейин “Ўтган гал 13 та медал олгандик, бу гал камида 10 та ҳам ололмадик. Кечиринглар бизни, биз тўрт йил давомида шунча маблағ сарфладигу лекин эплолмадик”, деган жавобни бермаяпсизлар-ку. Фақат сизларники тўғри бўлиб чиқяпти. Кўрсатинглар, халққа мана 17 та федерациядан вакиллар борган. Енгил атлетика, таэквондо, бокс, дзюдо яна 4 та медал бериши керак эди, кўрсатинглар, билсин халқ. Биз жуда кўп натижани, медалларни кутгандик.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов:

– Ҳеч ким Олимпиадага ютқазиш учун бормайди. Таҳлиллар натижаси оммага маълум қилинади ва тегишли хулосалар чиқарилиб, кейинги олимпиадага қадар тайёргарлик кўрилади. Раҳбарларни олиб ташлаб ёки тренерларни ўзгартириб бу масалани ҳал қилиб бўлмайди. Балки муаммонинг илдизи чуқурроқдир. Бунинг учун бизга вақт берсангиз мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб, натижасини керак бўлса яна бир марта мана шундай йиғилиб ёки расмий баёнот тарзида етказамиз.

 

Эслатиб ўтамиз, “Олтита лавозим эгаси Азиз Абдухакимов бошқарувидаги 6 тармоқнинг қайси бири ривожланди?” номли мақола ҳам эълон қилинган эди. Ҳақиқатдан ҳам 6 та тармоқнинг қайси бири ривожланди?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.08.2021 22:34
Ҳақиқий истеъдодлар пули бўлмагани учун спорт билан профессионал даражада шуғуллана олмайди. Пули борлар истеъдоди етарли бўлмаса ҳам шуғулланади. 1% истеъдод етишмай қолаётгани натижаларда яққол намоён бўла бошлади.
20.08.2021 14:19
Буларга "спорт" деганда "спирт" деб эшитилса керак
20.08.2021 02:09
Бировларнинг еганига тикилиш уят бўлади. Нима, тарбия кўрмагансизларми? (Узр, шунақа қўпол одамман)
20.08.2021 02:01
Jim turing, shovqinlanmang, sport vaziri uxlayapti