Кўзбўямачилик нима? Қачон биз бу иллатдан қутиламиз? Ҳамманинг, бутун маҳалланинг, болаларнинг кўз ўнгида мутасаддиларнинг кўзбўямачилик хатти ҳаракатларини қандай тушуниш мумкин?
Зангиота тумани, Бўзсув ҳудудидаги “Ибрат” маҳалласи болалари ҳокимлик ҳам болаларни алдаши мумкинлигига бугун гувоҳ бўлиб турибди.
Кечагина “Ибрат” маҳалласи аҳолиси учун кичиккина болалар майдончаси қуриб битказилган эди. Майдончани очилиш маросимида Зангиота тумани ҳокимлиги ва Миллий гвардия вакиллари иштирок этган. Маросим “Ўзбекистон24” каналида баландпарвоз гаплар билан ёритилди ва мақталди. Мурғак болалар қувончларини яширмай, майдонча учун туман ҳокимлигига миннатдорчиликлар билдирган. Аммо, буни қарангки, мақтовни маромига етказувчи телеканал ходимлари кетиши билан болалар майдончасига ётқизилган яшил сунъий қопламалар йиғиштириб кетилган. Кечагина ҳокимликка раҳмат айтаётган болалар энди шағал устидаги майдончада қолишди.
“Ўзбекистон24” канали хабарига кўра, кичкинагина майдончани қуришда Миллий гвардия, Зангиота туман ҳокимлиги ва “Enter engineering” компанияси масъул бўлгани айтилади.
“Ибрат” маҳалла раисидан бу кўзбўямачилик бўйича изоҳ ололмадик. Тинимсиз қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Биз “Ибрат” маҳалласи раиси ва Зангиота туман ҳокимлигига жўяли бир баҳона тайёрлаб қўйишни таклиф қиламиз. Сабаби, майдончанинг очилиш маросими ҳақида репортаж узатган “Ўзбекистон24” телеканали бошловчиси айтганидек, маҳалла бу тарбия, ибрат маскани. Зангиота туман ҳокимлиги ва Миллий гвардиянинг бу кўзбўямачилиги болалар учун яхшигина “ибрат” ва “тарбия” намунаси бўлди. Репортаждан сўнг майдонча сунъий қоплама йиғиштириб кетилганига гувоҳ бўлган болалар ҳокимлик ҳақида бирмунча тасаввурга эга бўлдилар.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин сайтимизда Тошкент вилоятининг янги ҳокими Даврон Хидоятовнинг босиб ўтган мансаб пиллапояларига доир “Қўмита раиси ва туман ҳокимлигини эплолмаган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳокимлик қилмоқда” мақоласи ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигидаги коррупцион хатар ҳақидаги “Антикоррупция агентлиги: Тошкент вилояти ҳокимлигида 1 йил ичида 111 та коррупцион хатар аниқланди” номли мақолалар эълон қилинган эди.