Актриса ҳикояси: пандемия мени эсанкиратиб қўйди

05.07.2021 20:05

“Ялмоғиз кампир” образи пандемия шароитида саҳнада яратган илк ролим бўлди. 20 йиллик фаолиятим давомида доим ижобий қаҳрамон образида ўйнардим. Салбий қаҳрамон ролида ўзимни биринчи марта синаб кўрдим, жуда ҳам ёқди!

Маълумотнома: Мен Нафосат Позилова Республика Ёш томошабинлар театрида 2001 йилдан буён ишлаб келаман. Ушбу ижодий даргоҳда ишлаётганимга бу йил 20 йил тўлади.

Болаларни жуда ҳам яхши кўраман, улар билан ишлаш жуда ҳам мароқли. Театр жамоаси илк келган кунимдаёқ мени қучоқ очиб кутиб олишган. Йиллар давомида биз бир оила каби ишлаб келиш билан бирга, қанча-қанча образларни жонлантиришда бир-биримизга тиргак ҳам бўламиз.

Пандемия мени саросимага туширди

Пандемия даврида тўғриси битта мен эмас кўпчилик қийналди. Пандемия одамни эсанкиратиб қўйди. Биз ижодкорлар эсанкираб, ижоддан тўхтаб қолдик.

Ўтган йили 15 мартда театримиз ёпилди. Ўша куни хомуш, хафа бўлиб уйга қайтдим. Ўша кунлари “Золушка”, “Шум бола”, “Соҳибжамол ва Махлуқ” спектаклларини

қўйишимиз керак эди, билетлар сотилиб бўлинганди. Энди нима бўлади? Қачон ишга тушамиз? Ҳеч ким, ҳеч нарса билмайди.

Спектаклларимиз қўйилмайдиган бўлди. Чунки, ҳар доим биз саҳна томошалари кўрсатиб болалар билан мулоқотда бўлиб турганмиз. Шунинг учун ижодимиз бирданига тўхтаб қолгандай бўлди. Уч кун уйдан ҳеч қаерга чиқмадим, озгина йиғлаб ҳам олдим.

Менинг оилам

Қизим Моҳигул йиғлаганимни кўриб овутишга тушди, кейин ўзимни қўлга олдим. Турмуш ўртоғим Бахтиёр Позилов ҳам касби бўйича театр режиссёри. Аммо анча йилдан буён ўз мутахассислиги бўйича ишламайди. Саккиз йилдан буён Россияда меҳнат қилади. Иккита қизимиз бор. Каттаси Туркияда яшайди, турмушга чиққан. Кичкинаси Моҳигул мен билан бирга. Моҳигул Ўзбекистон давлат драма театрида ишлайди, бироқ у актриса эмас, либосчи. Карантин қизим учун ҳам оғир келди.

Интернет ва мен

Пандемия даврида интернет мени дўстимга айланди, тингловчи ягона томошабиним десам ҳам бўлади. Интернет ТВдан кўра актёрларга машҳур бўлишда ёрдам беради. Ўз малакангизни оширасиз, томошабинларга монолог, шеър ёки нимадир қўлингиздан келган нарсани интернетга жойлаб бемалол сайтларга қўйиб шулар орқали машҳур бўлсангиз бўлади.

Лекин мен машҳур бўлишга умуман қизиқмайман… тўғриси қўлимдан келгунча интернетга видеолар ташлайман. Ўзимизнинг театр каналимизга монолог, шеърлар жойлаштираман. Ягона овунчоғим эса китоблар бўлди. Уйда жавондаги янги китобларни мутолаа қилдим, баъзиларини қайта ўқиб чиқдим.

Ойлик маошимизни вақтида олиб турдик. Бунинг учун театримиз раҳбариятига раҳмат айтаман.

 4 ой ўтиб театрга қайтдик

Ниҳоят июль ойининг бошларида театрга қайтдик. Спектакл репетициясига чақирган куни ўзимни бахтиёр ҳис қилдим. Ишга юриб эмас, балким учиб бордим. Театрга кирдиму ўзимга ёқимли ва таниш муҳитга тушдим, атрофимда устозларимиз ва ҳамкасблармиз портретлари ва бурчакда жилмайиб турган ўзимни расмимга кўзим тушди, жилмайдим, мана яна келдим Нафосат дедим унга қараб…

Ҳамкасбларимиз билан қучоқ очиб кўришдик, ҳаммамиз йиғладик.

Пандемия шароитида бизнинг ижодий жамоамиз “Учар кема” ва рус тилида “Бременские музыканты” спектаклларини тайёрлади ва уларни онлайн платформага жойладик. Кейинчалик пандемиядан қайтганимиздан кейин бу спектаклни премьера қилиб, Дебют-2021 театрлар фестивалида қатнашдик.

Ўз мухлисларим бор

Ўзимнинг мухлисларимга эгаман. Театрда устозларимдан кўп нарса ўрганиш билан бирга бошқаларга ҳам ўргатаман. Агар кимдир “Нимани орзу қиласан?” деб сўраса, “болаликка қайтгим келади”, – деган бўлардим.

Тўғриси, болалик билан видолашишни умуман ёмон кўраман. Чунки, инсон бола бўлиб, ҳаётга болаларча назар билан қараса, маза қилиб яшайди деб ўйлайман…

Кино…

Кинода ўйнашни орзу қиламан, агар яхши тарихий фильм бўлса. Масалан, Кумушбибига ўхшаган образлар менга жуда ҳам ёқади, лекин тўғри энди ёшим тўғри келмайди, албатта…

Болажонлар ўзга бир дунё

Болалар жону дилим! Саҳнада ўйнаётганимда доимо уларни чеҳраларига тикиламан. Агар шовқин солсалар демак, диққат эътиборларини йўқотяпмиз. Ниманидир нотўғри қиляпмиз, ниманидир ўзгартиришимиз керак. Болани ишончини ва эътиборини қозониш осон иш эмас, чунки уларни ички дунёси катталарникидан буткул фарқ қилади. Улар залда қийқириб кулсалар ёки диққат билан бизни саҳна ўйинимизни кузатсалар – бу биз учун катта бахт…

Кетдим…

Энди узр, шу жойда сиз билан мулоқотни тўхтатаман, чунки  бир паст ўтиб спектакл бошланади. Мени, Ялмоғиз кампирни жажжи томошабинларим кутмоқда…Кетдим..Ие, вой..супурги эсимдан чиқа қолибдику….

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар