Нодир Тўрақулов шогирдлари Фарғонада қолганмиди?

15.06.2026 20:30

Фарғонадаги ИИБ ходимлари "башорат" асосида рақамларни гумондор бўйнига қўйишмоқда

Rost24.uz'га келган мурожаатга кўра, терговчилар ҳамкорлар ўзаро бир бирига ўтказиши режа қилинган маблағни ҳам гумондор бўйнига қўйишмоқда.

2025 йилнинг декабрь ойида Фарғона вилоятидаги ўзини жабрланувчи ҳисоблаган “Shaffof” савдо белги остида фаолият юритувчи МЧЖлар таъсисчиси Ойбек Тошматов ҳамкори Рустам Каримов билан ораларидаги иқтисодий келишмовчиликлар бўйича Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига шикоят-ариза билан мурожаат қилади. Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга биноан, иқтисодий келишмовчиликлар бўйича мурожаат аслида иқтисодий судга берилиши керак эди. Аниқроғи, ҳудуди бўйича Нукус туманлараро иқтисодий судига юборилиши керак бўлган шикоят аризаси биринчи Қўқон шаҳар ИИБга топширилган. Қўқон шаҳар ИИБ эса, мазкур ишда жиноят аломатлари йўқ дея, иш қўзғатишни рад этган.

Аммо, Қўқон шаҳар прокурори томонидан ИИБнинг иш қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниб, материал қўшимча текширув ўтказиш учун Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудудий бўлимига юборилган.

Шу билан бирга, О.Тошматов 2026 йил 26 март куни Нукус туманлараро иқтисодий судига ҳам ўзини  “Ғалаба Метан” МЧЖ таъсисчиси деб топишни сўраб, даво аризаси киритган.

Шу жойда шубҳали савол туғилади: О.Тошматов ИИБга ёзган аризасида “Ғалаба Метан” МЧЖ таъсисчисиман дея маълумот киритган. Аммо, суддан мазкур ташкилотга таъсисчи дея топишни сўраган. Нукус туманлараро иқтисодий суди эса, 2026 йил 31 мартда "Даъво аризаси иш юритувига қабул қилишдан рад этилсин", дея ҳал қилув қарори чиқарган.

Ишни қабул қилиб олган Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудудий бўлими Р.Каримовни ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) билан қамоққа олади.

Жабрланувчи сифатида мурожаат қилган О.Тошматов аризада 2022 йилнинг июнь ойида Тўрткўл туманида рўйхатдан ўтган “Ғалаба Метан” МЧЖни сотиб олганлигини ва умумий йиғилиш ўтказиб, мазкур МЧЖга 5 йил давомида таъсис улушини шакллантириш учун Р.Каримов билан 60 млрд сўм ўтказишга келишиб олганини билдирган.

“Менинг буйруғим билан “Ойбек Метан газ” МЧЖ ҳисоб рақамидан “Ғалаба Метан” МЧЖга 15.881.000.000 сўм низом фондини шакллантириш учун ўтказиб берилган. Ўзим ҳам Низом фондини шакллантириш учун  25.175.000 сўм нақд пулни “Ғалаба Метан” МЧЖ ҳисобига ўтказганман”, – дейилади Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ёзилган шикоят аризасида.

О.Тошматов 2022 йилнинг июнь ойида сотиб олганлигини даъво қилаётган “Ғалаба Метан” МЧЖ Orginfo маълумотлар базасида 100 фоиз улуш билан Каримов Рустам Абдулатипович номига расмийлаштирилган.

Биринчидан, 60 миллиард сўмни ўтказиш бўйича ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас, иккинчидан, келажакда ўтказишга келишиб олинган, аммо ҳали ўтмаган ушбу рақам билан ҳосил бўлган 75,3 миллиард сумма Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудуд тергов бўлимининг хулосасида бир неча бор келтирилган. Ҳаттоки, Қўқон шаҳар прокуратурасининг Қўқон шаҳар судига киритган илтимосномасида ҳам "башорат" асосида пайдо бўлган мазкур рақам кўрсатилган.

Ваҳоланки, 2023 йил май ойидаги Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан “Ғалаба Метан” МЧЖ бўйича ўтказилган аудит текширувининг далолатномасида 60 миллиард сўмлик маблағ аниқланмаган.

ДХХ Тергов бошқармасининг 2025 йил 8 сентябрдаги Жиноят ишининг бир қисмини тугатиш ҳақидаги Қарорида ҳам қуйидагича хулоса берилган: “Ғалаба Метан” МЧЖ О.Тошматов ва У.Тошматовлар бошқарган АГТКШларга дахли йўқлиги аниқланган”.
 
Эски Ўзбекистон давридан қолган ИИБнинг услуби – йўқ нарсани бўйинга қўйиш асосида аризада режа дейилган 60 миллиард сўм рақам бир гумондорнинг бўйнига шунчаки илиб қўйилмоқда. Ҳаттоки, Давлат хавфсизлик хизматининг далолатномасида ҳам йўқ дея топилган бўлса ҳам, мазкур сумма ИИБ ҳужжатларида очиқчасига кўрсатилган.

Мазкур ҳолат бўйича айни кунда тергов ҳибсхонасида ўтирган Р.Каримов вакиллари Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилган. Бош прокуратура мурожаатни Фарғона вилоят прокуратурасига, вилоят прокуратураси эса, устидан шикоят қилинган ИИБ 2-минтақавий ҳудуд бўлимига юборган. Шу жойда ҳам бир бегуноҳ жабрдийданинг  мурожаати ҳар доимги услубда ёпиб юборилмоқда.

Агар тергов ҳужжатларида ҳали мавжуд бўлмаган маблағлар ҳам зарар сифатида акс эттирилаётган бўлса, бу нафақат бир ишнинг тақдири, балки қонун устуворлиги тамойилининг ўзи учун ҳам жиддий синовдир. Бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмас экан, ислоҳотлар ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар жамият кўзида ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин.

Энг ачинарлиси, собиқ тузумдан мерос бўлиб қолган бир иллат ҳалигача барҳам топгани йўқ: қайси идора устидан шикоят қилинса, мурожаат айланиб-айланиб яна ўша идоранинг ўзига қайтиб келади.Оқибатда адолат излаган фуқаро ҳимоя эмас, аксинча босимга дуч келади. Савол туғилади: биз бу амалиётдан қачон қутуламиз? «Янги Ўзбекистон», очиқлик ва адолат ҳақидаги гаплар амалда ҳам ишлайдими ёки барчаси қоғозда ва минбарларда айтилган шиорлигича қолиб кетаверадими? Бу саволларга кимдир жавоб бериши керак. Чунки жамиятни қийнаётган муаммо битта иш эмас, балки йиллар давомида шаклланган тизимнинг ўзидир.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар