Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев тил бўйича янги лойиҳани қабул қилмаган Олий Мажлис депутатларига ўз муносабатини билдирди:
Тил – ниҳоятда оғриқли муаммо. Тил ҳақида муносабат билдириб фикр айтсам, ҳамиша бир жазава биланми, қандайдир бир эҳтирос билан гапираман. Холбуки, тил ҳақида эҳтироссиз гапириб бўлмайди.
Онангни шунчаки ҳимоя қила олмайсан, отангни шунчаки қўриқлай олмайсан. Чунки уни муҳаббат туфайли қўриқлайсан. Она тили ҳақида ҳам ота тили ҳақида ҳам ана шундай жазава билан гапиришга маҳкуммиз. Шунчаки бемалол, хотиржам гапирадиган мавзу эмас бу.
Шу маънода мана бу бизнинг жамиятимизда рўй берган ҳолат, яъни “Миллий тикланиш” партияси томонидан таклиф қилинган Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси бошқа партиялар томонидан қабул қилинмагани, ўтказилмагани – бу энди миллатимизнинг шаънига ҳеч кетказилмайдиган доғдир. Ўзининг уйида ўзининг тилида гапиришни истамайдиган одамларни депутат қилиб қўйган халқмиз. Депутат дегани Миллат вакили дегани.
Миллат вакилики, ўзининг тилига қарши турган бўлса, бундай миллатнинг бор-йўқлиги ҳақида ўйлаб кўриш керак бўлади.
Мен ана шундай одамларга овоз берганим учун, ана шундай одамлар билан бир жойдан нафас олаётганим учун, шулар билан ўзбек деган миллатнинг номини ташиётганим учун номус қиламан. Ана шундай одамлар билан чоғдош бўлганим учун ҳам миллатдош бўлганим учун ҳам ватандош бўлганим учун ҳам номус қиламан деб бемалол айта оламан. Чунки ўз уйингда, ўз юртингда, ўз миллатингнинг тилини олдинга суришни истамаяпсан экан, демак сен кимникидирсан. Ўзбекни эмассан.
Факт шуни кўрсатадики, 123 кишидан 65 киши, ярмидан кўпи қарши овоз бериши – ўзининг ота тилининг равнақига қарши бўлиши бу...
Ташқаридан келган ёвларга қуролли кучларни қарши қўйиш мумкин экан-у ичингдан чиққан душманга, ўзини англамаган манқуртларга қарши туриш бу энди бизнинг миллатимизнинг қисматида бор нарса экан-да. Мана шундай вақтда миллат уйғонмоғи керак бўлади. Лекин миллатнинг энг илғор қисми, миллат вакиллари шу аҳволда бўладиган бўлса, бу миллатнинг келажаги ҳақида ёмон гумонларга, ёмон хавотирларга тушиб қолишингиз табиий.
Ўзининг фарзандларига эмас номаълум бўлган кимларгадир ноқулай бўлмаслигини истайдиган бизнинг “меҳрибон” миллат вакилларимиз 30 миллиондан ошиқ ўзбекнинг юзига оёқ қўйди. Ўзбекнинг пулининг ҳисобига кун кўриб туриб шуларнинг кўкрагини кўтариб, истаган бир идорага тап тортмай кириб, ўзининг тилида гапириб, ўзининг тилда ёзиб юриш имкониятини чеклашга ҳаракат қилаяпти булар.
Билмайман, бунга фаросати етиб қилаяптими, етмай қилаяптими. Агар етиб қилаётган бўлса, бу душманлар, агар фаросати етмаётган бўлса, жойини бўшатиб қўйиши керак.