Никита Макаренко Алишер Қодиров узатган қўлни жавобсиз қолдирди. Ким миллатчи?

15.04.2021 12:31 - 3266

Алишер Қодировнинг блогер Никита Макаренкога жавоби

«Ангрен шина заводи»да ташкил этилган ПРEСС ТУР бошланиши арафасида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров ва блогер Никита Макаренко ўртасида кутилмаган ҳолат юз берган.

Кўплаб журналист ва блогерлар ўртасида Н.Макаренко ўзига саломлашиш учун қўл узатган А.Қодировни "миллатчи" дея ҳақоратлаган. Шу ерда йиғилганлар ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Макаренкони уриб юборармикан, деган хаёлга ҳам борибди. Аммо, Алишер Қодиров оғирлик ва вазминлик билан жавоб қайтарган: 

«Биз узоқ йиллар улар нима десалар кўндик. Индамаслигимиз оқибатида тилимиз абгор бўлди. Энди тил ҳақида гапира бошласак, миллатчига айландик. Агар она тили ҳақида куйиниб гапирганлар миллатчи бўлса, майли мен миллатчиман!»

Аслида бу ҳақоратнинг бошланиши Россия президенти В.Путинга бориб тақалади.

Бундан бироз аввал “Россияда муҳожирларнинг фарзандлари амалда рус тили ва маданияти муҳитига, имкони борича рус миллий қадриятларига тўлиқ сингиб кетишига эришиш керак”, деган эди Путин.

Ушбу баёнотга жавобан Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши раиси А.Қодиров томонидан айтилган қуйидаги сўзлар ижтимоий тармоқларда тарқалган:

"Бу рус миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ҳурмат қилиниши керак бўлган, тўғри фикр. Қаерда яшасанг ўша ерга мослашасан. Юмшоқроқ бўлсанг сингиб ҳам кетасан, албатта.
Биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз. Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир.
Бу қонунчиликдаги хато билан боғлиқ масала", деб фикр билдирган эди. 

Бу сўзларда А.Қодиров, аввало, ўз она-тилисидан ор қилаётган ўзбеклар ва Ўзбекистонда ўзбек тилини ҳимоя қила олмаётган қонунлар ҳақида куйиниб гапиргани яққол билиниб турибди. Иккинчидан, қонунларимиздаги шундай кемтиклар ҳақида гапириш А.Қодировнинг депутатлик бурчи ҳисобланади. 
Аслида 108 миллат ва элат яшайдиган кўп миллатли Ўзбекистонда миллатчиликнинг ўзи йўқ. Фақат ташқаридан етиб келаётган миссиясини бажариш учун тинч замонни бузувчи айрим бузғунчилар бор халос.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
15
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар