…Хоразмда камида 20-30 та тунги клуб бор. Уларнинг ҳар бирида 15-20 нафардан биз каби раққосалар ўйнайди, фақат биз эмас раққосалик қилаётган.
… Мени 15 ёшимда турмушга беришган. Қўлимда ҳунарим йўқ, эндигина 9-синфни битирган қиз эдим.
— Нима иш билан шуғулланардим, яна фоҳишалик қиламан-да...
***
21 март куни ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳрида жойлашган «Саҳара» клуби ёнида бир гуруҳ қизлар сумалак пишираётгани видеоси тарқалган эди. Кейинчалик видеода акс этган 6 нафар аёл суд қилинди ҳамда уларнинг 3 нафари 15 суткага қамалди. Яна 3 нафари эса ёш болали бўлгани сабабли энг кам ойлик иш ҳаққининг 5 баравари миқдорда жарима тўлаш шарти билан озод қилинди.
Rost24.uz ахборот сайти мухбири очиқ либосда сумалак ковлаш билан "машҳур" бўлган қизларнинг бири билан боғланди. Қизнинг исмини ошкор қилмаган ҳолда унинг ҳикоясини тақдим этамиз.
— Хоразмда камида 20-30 та тунги клуб бор. Уларнинг ҳар бирида 15-20 нафардан биз каби раққосалар ўйнайди, фақат биз эмас раққосалик қилаётган.
Мен мана шу суд ва ОАВдаги шармандаликдан сўнг кўчада қолдим. 4 йилдан бери икки хонали уйда ижарада яшар эдим. Уйга кир ювиш машинаси, кондиционер ва қиммат гиламлар ҳарид қилганман. Шунга қарамай видео тарқаб кетгач мана ижарачи мени кўчага ҳайдаб юборди. Иш жойимдан ҳам ҳайдалдим.
Милиционерлар қистови билан 1 500 000 сўмга раққосалик учун гувоҳнома сотиб олган эдим. Лекин, энди иш жойимга қайта олишмаяпти. Отам мендан юз ўгирди. Бугун ўта тушкун аҳволдаман. Энди қандай кун кўраман.
Мени 15 ёшимда турмушга беришган. Қўлимда ҳунарим йўқ, эндигина 9-синфни битирган қиз эдим. Олти йил яшадим икки фарзандли бўлдим, кейин турмуш ўртоғим ташлаб кетди. Ҳеч ким менга ўшанда ёрдам бермаган. Ҳозир 26 ёшдаман. Эрим учинчи бор уйланган. Фарзандларим собиқ эрим - отаси билан яшайди. Мен ҳам улар билан учрашиб тураман.
Кредитга уй олаётган эдим. Сўнги бор март ойига тўлов қилдим. Энди ишсиз қолиб кредитларимни қандай қоплашни ҳам билмай қолдим. Ҳеч ким ёрдам бераётгани йўқ. Мен доим ўзимни-ўзим эплаб келганман. Шу вақтгача ҳеч ким менга ёрдам бермаган. Ўзим йиқилиб, ўзим турганман. Бировга зарар қилмаганман, бировнинг оиласини бузмаганман. Нонсиз қолган кунларимда ҳам ҳеч ким менга ёрдам бермаган. Видеоимизни ижтимоий тармоққа жойлаган қиз сабаб, мана бугун кўчада яна ишсиз, уйсиз қолдим.
— Энди нима иш билан шуғулланмоқчисиз?
— Нима иш билан шуғулланардим, энди фоҳишалик қиламан-да...