Тошкент яқинидаги катта ариқдан ҳар куни кўпириб қон оқмоқда (+видео)

05.03.2021 11:30

Журналистлар қон қуйиладиган махсус яширин қувурни топди

Сиз кунда ўтадиган, экинларни суғорадиган, болаларингиз ўйнаб катта бўлаётган ариқдан бугун ҳар куни кўпириб қон оқиб турса, этингиз жимирламайдими?.. Айниқса, бу ариқ минглаб километр йўл босиб катта шаҳар, миллиондан ошиқ аҳоли яшаётган томон йўл олса-чи?..

Ҳар қалай бу манзара шунчаки кўз юмиб ўтиб кетадиган оддий ҳолат, эмас деб ўйладик.

Тошкент вилояти Қибрай туманининг Ўнгқўрғон маҳалласидаги фермер хўжаликларининг ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қон оқади. Тошкент шаҳридан 2 км. наридан ўтган мазкур ариқда оқадиган қонни илк бор кўрган одам хаёлига китобларда ўқигани, қирғинбарот урушларда “ариқлар тўлиб қон оқди”, “қонлар ариқ бўлиб оқди” деган сўзлар келаверади.

Ариқ бўйидаги аҳоли эса бу манзарани ҳар куни кўравериб деярли кўникиб ҳам кетган. Улар “қонли ариқ” бўйича 3 йил мобайнида кўп жойларга мурожаат қилишган, аммо кўриб турганингиздек, ариқдан қон оқишда давом этмоқда.

Rost24.uz ахборот сайти ижодий жамоаси ариқ ёқалаб қон бошланиш нуқтасини излаб йўлга тушди.

“Из топмас” зовурлар орқали тахминан 3-4 километрлар юргандан сўнг қон қуйиладиган яширин қувур топилди.

Бу қувур тахминан 300 метр узоқликдаги кушхонадан ўтказилгани маълум бўлди. Олхўри дарахтлари экилган фермер хўжалигининг тахминан 2 метр тагидан яширинча ўтказилган махсус қувурдан ариққа қуйилар экан.

Мазкур кушхона эса “ОБОД САВДО БИЗНЕС” МЧЖга қарашли мол бозорининг ичида жойлашган. Ушбу бозордан харид қилинган ва бошқа жойдан олиб келинган моллар шу ернинг ўзида сўйилиб қони ва ахлати ер тагидан ўтган қувур орқали ариққа оқизиб юборилар экан. Мана сизга тадбиркорлик.

Ҳар кун 2, 3 маҳал қон оқадиган ариқ Қибрай туманидан ўтувчи “Қорақамиш” каналига қўшилади. Бу канал эса Тошкент шаҳрининг “Қорақамиш” массивидан ўтиб, Олмазор туманининг марказидаги сузиш ҳавзасига қуйилади. Ушбу ҳавзага сўйилган молларнинг қон ва ахлати етиб келгунча кўринишини йўқотиши мумкиндир, аммо таркиби йўқолмайди. Ачинарлиси, ёз кунлари аҳоли чўмиладиган сувга қўшилишини ва оқибатини ҳеч қандай изоҳ билан оқлаб ҳам бўлмайди.

Мазкур муаммога нафақат Қибрай туман мутасаддилари, балки Экология қўмитаси, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази каби бир қанча мутасадди ташкилотлар эътибор қилиши лозим.

Тошкент вилояти Қибрай туманининг Ўнгқўрғон маҳалласидан бошланадиган қонли сувлар пойтахтимизнинг ўртасидан ўнлаб километр масофа босиб миллионлаб аҳоли яшайдиган манзиллардан ўтиб кетади. Ҳаттоки ёш болалар чўмиладиган ҳавзаларга ҳам бир кириб ўтиши юқоридаги амалдорларимиз жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган жиддий мавзу.

Rost24.uz мавжуд муаммони халққа ва мутасаддиларга ошкор қилди. Умид қиламизки, мазкур мавзуга бошқа қайтмаймиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
24
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
06.03.2021 17:22
😱
06.03.2021 07:38
Bu borada kórilgan choralar yuzasidan ham Rost.24 dan reportaj kutamiz. Barakallo!!!
06.03.2021 01:51
Axolini aldaydida hamasini tili bir ekanku insof bersin
06.03.2021 01:38
Шундай масаллаларга нега жиддий эьтибор бермайди шу худуд Хокимларию мусаддилари. Бу канча инсонни хаетига жиддий хавф деганику ахир.