Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги энг гавжум жой бу Сергели ва яқинда ташкил этилган Янги ҳаёт тумани ҳудуди бўлса ажаб эмас. Тирбанд кўчалар, пиёда ва машиналар оқимига сиғмаётган йўллар, кўпқаватли уйлар атрофидаги манзара бу ҳолни тасдиқлайди.
Rost24.uz ахборот сайти томонидан “Кам таъминланганлар учун қурилган уйларда "кўп таъминланганлар" фото материалида Сергели туманида асосан эҳтиёжмандлар учун қурилган кўп қаватли уйларнинг атрофи, бугунги кундаги тунги манзараси эълон қилинган эди. Қуйида эса тонги манзара…
Ўқувчилари томонидан ушбу фотодалиллар турли туман баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айримлар мазкур кўп қаватли уйларнинг аксариятини уйга эҳтиёжи бўлмаган фуқаролар эгалик қилаётганини ҳам иддао қилмоқда. Кўпчилик хонадонларнинг ижарага берилаётгани, айримлари сотувга қўйилгани бунинг исботи эканини айтишмоқда. Бу борада яқин кунларда Rost24.uz ахборот сайти томонидан ўрганилиб, асл ҳолат ўқувчиларга тақдим этилади.
Аслида мазкур уй-жойлар Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, кўп квартирали арзон уйларни қуриш бўйича дастурга кўра, арзон уйлар қурилган эди. Ушбу уйлардаги хонадонлар биринчи навбатда, ёш оилалар, эски ва шароити оғир уйларда яшаётган фуқароларга мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, Сергели туманидаги мазкур даҳаларда яшовчи аҳоли вакиллари сотиб олинган уйлар нархи оширилганига норозилик билдиргани тасвирланган хабар ва видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари норозиликка чиққан аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тегишли даражада ҳал этган эди.