Бир замонлар ноёб экспонатлари билан машҳур бўлган музей бугун майхонага айланди

02.03.2021 15:22 - 1841

Хориждаги айрим давлатлар қўлдан тарих яратишга ҳаракат қилишади. Саёҳатчиларни жалб қилиш учун турли нотабиий ҳолатларни, ҳодисаларни ўйлаб кашф қилишади. Биз-чи?. Биз борини асраб кўрсата олсак ҳам аслида шунинг ўзи етади.

Хатирчи туманининг Лангар қўрғони узоқ тарихга эга. Лангар кони дастлаб иккинчи жаҳон урушидан аввал бир гуруҳ фидоий геологлар томонидан кашф этилган. Бу ерда даставвал вольфрам, кейинчалик гранит қазиб олинган.

Собиқ музейни очган геологлар (1980 йиллар)

Тоғ бағридаги турли табиий минерал захираларни ўрганиш учун жуда кўплаб таниқли олимлар, геологлар ташриф буюришган. Мазкур ҳудуддаги энг машҳур маскан бу сўзсиз "Кончилар музейи" бўлган. Нафақат собиқ иттифоқ, балки чет эллик мутахассису, оддий табиат ишқибозини ҳам ўзига ром этган табиий ноёб музей уч қисмдан иборат бўлиб, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, турли минерал топилмалар ва маъданлар, Лангар конининг очилишига ҳисса қўшган кўп сонли геологлар ва иккинчи жаҳон урушига кетиб қайтмаган сиймоларга доир маълумотлар ва турли беназир экспонатлар билан бойитилган эди.

Кон тўхтаб қолгач, геологлар, кончилик тарихи, бетакрор Оқтоғ ва Қоратоғ табиати билан таништирувчи экспонатлар талон-торож бўлиб кетди. Улар ишчи фахрийларнинг уйларида, коннинг собиқ бошлиқларининг шахсий архивида, баъзилари эски ташландиқ биноларнинг қаерларигадир сочилиб кетди. Ачинарлиси шундаки, буюк кончилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи маънавият маскани – музей ўрнида "табака"хона очилиб, майхонага айлантирилди.

Буни қарангки, бир вақтлари ҳайратланган, тарихдан, табиат инъомларидан баҳра олиш учун қадам ранжида қилган одамлар бугун бу ерга тамадди қилиш ва спиртли ичимлик ичиш учун келишади.

ОРАДАН 40 ЙИЛГА ЯҚИН ВАҚТ ЎТДИ...

Вақтлар ўтиб Лангар кони тўхтаб қолгач, бу ерда яшовчи турли миллат вакиллари ҳам турли гўшаларга тарқаб кетди. Қримдан эвакуация қилинган татарлар, Қрим томонларга, яна қай бирлари ўзи хоҳлаган ўлкаларга жўнаб кетишди.

Сафармурод Камолбев,
ҳайкалтарош 

– Икки йил муқаддам Лангар “Обод қишлоқ“ дастурига киритилиб, чиройли гўшага айланди, аммо собиқ музейни тиклаш таклифи ҳеч кимдан чиқмади, – дейди кекса ҳайкалтарош Сафармурод Камолбев. – Кончилар сиймосини яратган бир қанча асарларим ўз архивимда сақланиб турибди. Улар мен учун табаррук. Ҳозирда Лангар қўрғони учун янги хотира мажмуининг кичкина лойиҳасини яратганман. Унда тарихдаги коннинг уч эшиги: хотира мажмуаси, иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган лангарликлар рўйхати, кон очилишига ҳисса қўшган буюк сиймолар ҳақида маълумотлар жамланган. Мажмуа қадимги Лангар конининг ўша пайтдаги қиёфасини томошабинга яққол намоён қилади. Яна бир муҳим гап. Коннинг очилишига сабабчи шахс, ўзбек геологиясининг асосчиси Ҳабиб Абдуллаев бўлган. У кишининг невараси, (бобосининг исми қўйилган) Навоий эркин иқтисодий зонасининг раҳбари Ҳабиб Абдуллаев қишлоғимизга бир неча маротаба келиб, туб аҳоли ҳаёти билан танишибди. Ҳатто тадбиркорлар, миллий қадриятларимизни тарғиб қилаётган каштачиларни қўллаб-қувватлаган. Агар Навоий вилояти жамоатчилиги музейни қайта тиклаш масаласини қўллаб қувватласа айни муддао бўлар эди. Тадбиркорлар ҳам қараб турмасди.

Лангар қишлоғидаги 9 метрлик ҳайкал

Дарвоқе, Лангар қишлоғи денгиз сатҳидан 2000 метрдан ортиқ баландликда жойлашган сўлим гўша ҳисобланади. Бу гўзал масканга дунёнинг турли мамлакатидан туристлар келиши, беназир Оқтов манзараларидан ҳайратланиши, ҳордиқ олиши турган гап. Шу боис бу манзилларда оилавий меҳмон уйларини қуриш, қишлоқ тарихидан, табиий бойликларидан сўзловчи музейларни ташкил этиш зарурати бор.

– 1980 йилда қўрғонда музей ташкил этилиб, менга геолог образи акс этган ҳайкални яратиш таклифи билдирилди, – дея фикрини давом эттирди кекса ҳайкалтарош, Сафармурод Камолбоев. Мен у пайтлари Москва тасвирий санъат институтини битириб келган ёш ижодкор эдим. Ясаган ҳайкалимда минглаб ишчилар сиймосини ўзида акс эттирган, умрини тоғу тошларга берган геолог сиймосини яратганман. Аммо, бу ўша пайтдаги кон раҳбарияти, аввало, партия фаолларининг талабига ёқмайди. Улар асосан, мендан иккинчи жаҳон урушига кетаётган ватанпарвар образини талаб қилишди ва менинг ясаган ҳайкалимнинг асл нусхаси шахсий бисотимда қолиб кетди.  Натижада 9 метрлик бошқа ҳайкал ўрнатилди.

Хориждаги айрим давлатлар қўлдан тарих яратишга ҳаракат қилишади. Саёҳатчиларни жалб қилиш учун турли нотабиий ҳолатларни, ҳодисаларни ўйлаб кашф қилишади. Биз-чи?. Биз борини асраб кўрсата олсак ҳам аслида шунинг ўзи етади. Навоий вилояти ҳокимлиги ва кенг жамоатчилиги Лангар қишлоғида қайтадан музей ташкил этишни, бу даргоҳнинг бугунги қиёфасини, табиатини одамларга кўрсата олишни ҳам ўйлаши керак, назаримизда…

Ўлжабой Қаршиев,
журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар