«Зона»даги дўстининг ҳурмати учун қамоқхонада концерт берган санъаткор

18.02.2021 06:53 - 5089

У Мустақиллик байрамига бир кун қолганида юрак хуружига учради

Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров ўзининг ютуқларидан беҳад қувонган, гоҳида ортиқча изтироб чеккан кунлари ҳам кўп бўлган.

Бир гал ғалати воқеа рўй берди. Машҳур хонандаларидан бири республика газетасида «Қўшиқ тақлидчилиги – иллат!» сарлавҳали мақола чоп эттирди. Унда ҳақиқий тақлидчилар бир четда қолиб, негадир айнан ўзининг ҳамюрти ҳисобланмиш Нуриддин Ҳайдаровни нишонга олди. «У фалончининг нақ ўзи бўлиб куйлайди, ашулалари бир чақага арзимайди», деган мазмунда писанда қилди. Ҳолбуки, бу пайтда Нуриддин ўз овози ва ўз услубига эга санъаткорга айланган, шахсий қўшиқлари анча кўпайган, халқ орасида обрўси баланд эди. Танқидчи негадир булар ҳақида тўхталмаган, фақат унинг аввалроқ устозлари усулида айтган бир-иккита қўшиғини қоралаганди.

Турган гап, ногаҳон панадан отилган тош ёш хонандага қаттиқ таъсир қилди. У юрагига заҳарли ўқдек санчилган ноўрин танқиддан қаттиқ гангиб қолди. Назарида, устозлари ишончини оқлолмагандай, мухлислар меҳрини қозонолмагандай, ҳамма унинг устидан кулаётгандай туюлди. Алалоқибат кайфияти бузилиб, анча вақт одамлар кўзига кўринмай юрди. Ҳатто, бир муддат ижоддан кўнгли совиди. Хайриятки, иродаси мустаҳкам экан. Бора-бора ўзини ўнглаб олди. Олдинги қўшиқларига қайтадан сайқал бериб, янги-янгиларини яратди. Ижодий бисотини айрича оҳанг, айрича жозибага эга юзга яқин ранг-баранг қўшиқ билан бойитди. Мен у бемаврид таъна-маломатларга қандай дош бергани, ўзини отарчига менгзаган «башоратчи»нинг гумонларини қай тариқа чиппакка чиқаргани ҳақида мақола ёзиб, ўзим ишлаётган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилдим.

Энг муҳими, Нуриддин баъзи «юлдуз»ларга ўхшаб ўзига ортиқча бино қўймаганди. Кимки иши тушиб ёки хизматга айтиб келса, унинг истагини албатта бажо келтириш пайида бўларди. Айниқса, дўстларидан меҳр-садоқатини аямасди. Масалан, анча йиллар бурун унга бировларнинг касофати уриб қамалиб қолган собиқ синфдошидан хат келади.

«Нуриддин, мени кечир, – деб бошланарди мактуб. – Тунов куни «зона»дагиларга оқибатини ўйламай, мақтаниб қўйибман. «Яралмиш» деган қўшиғингни радиодан эшитаётиб, «Бу йигит қадрдоним бўлади», деб юборибман. Ишониш қайда? Масхаралаб устимдан роса кулишди. «Қачонлардир бирга ўқиган бўлса, бордир, энди сендан юз ўгиргани тайин. Ахир, у эл кўзида юрган одам, сен-чи?.. Сен бор-йўғи бир жиноятчисан-да!» дея кесатишди. Эътироз билдиргандим, нозик жойимдан ушлашди. «Чин дўстинг бўлса, чақир, шу ерга келиб концерт берсин!» деган шарт қўйишди... Нимаям қилардим, очиғини ёздим. Балки гапларим нафсониятингга тегар, «Куним келиб-келиб, қамоқхонада қўшиқ айтишга қолувдими?» дея ор қиларсан. Яна билмадим, эҳтимол, ўтинчимни инобатга оларсан, жилла қурса, шу томонларга йўлинг тушганда, бирров кириб ўтарсан...»

Йўқ, Нуриддин дўстидан ор қилмади. Қаршига борди. Ўша ерда «Правда Востока» газетасининг вилоят мухбири сифатида ишлаётган қадрдони, асли водийлик таниқли журналист Қодиржон Собировга учрашди. У орқали мутасаддиларга дардини айтди. Кўп ўтмай, ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Нуриддин синфдоши жазо муддатини ўтаётган жойда концерт берди. Ёмғир шивалаб турган бўлишига қарамай, очиқ майдонда ўттизга яқин қўшиқ айтди. Шу тариқа ҳам дўстининг юзини ёруғ қилди, ҳам эзгуликка ташна қалбларни хушнуд этди.

У рафиқаси Манзурахонни мудом асраб-авайларди. Олти нафар фарзанди ва уч набирасини еру кўкка ишонмасди. Ҳаммасининг келажагидан умиди катта эди. «Кенжатойим Жасурбек таэквандо бўйича жаҳон чемпиони бўлганини кўрсам, элга манзур янги қўшиқлар яратсам, 75 йил яшасам» деган гапни бот-бот такрорларди. Аммо...

Истиқлолимизнинг 13 йиллигига бағишланган байрам концертини у «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?» қўшиғи билан очиб бериши белгиланганди. Афсуски, тантанадан бир кун олдин тўсатдан юрак хуружи тутиб, ётиб қолди. Анжуманда унинг ўрнига шогирди Бекмурод Жўраев қатнашди. Сал кейинроқ Нуриддин Сурхондарёдаги ўзи қатнашиши лозим бўлган тўйга ҳам шу шогирдини жўнатди. Уни кузатаётиб, «Қайтишингда менга Омонхона сувидан олиб кел!» дея тайинлади. Тайинлади-ю, эртаси куни оламдан ўтди.

Начора, Нуриддин эзгу ниятлари рўёбини кўролмади, лоақал сўнгги нафаси олдидан юртимизнинг шифобахш сувини тўйиб-тўйиб ичолмади. Бири кам армонли дунё деганлари, эҳтимол, шудир. Аммо бир таскин шуки, у беҳуда яшамади. Ўзидан зуваласи яхшилик, эзгулик ва меҳр-муҳаббат уруғи ила йўғрилган бебаҳо хазина қолдириб кетди.

Зеро, унинг дилрабо қўшиқлари ҳамон хонадонларимизда ва турли давраларда янграмоқда, хотираси эса халқимиз қалбида яшамоқда. Энг муҳими, унинг халққа хизмат қилишдек савобли ишини ўғли – ўзига хос истеъдод соҳиби Ҳожиакбар ҳамда меҳр-оқибатли шогирдлари сидқидилдан давом эттиришмоқда...

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар