Исмат ХУШЕВ: Ургутлик ёлғиз бўри – бўриларнинг зўри (1990 й.)

02.01.2021 07:49

Ўзбекистонлик таниқли журналист Карим Баҳриевнинг сиёсий портретига чизгилар

МУҚАДДИМА

Кимнинг бўри бўлгиси келмайди?

Бу бизга аждодларимиздан қолган азалий одатдир. Эҳтимол шунинг учун ҳам туркий боболаримиз байроғида бўрилар рамзи бўлса, ажаб эмас. Бу одат то ҳануз авлоддан авлодга ўтиб, давом этиб келмоқда.

Шу маънода Карим ўзини Ургутнинг бўриси дейишни хуш кўради. Аслини олганда ижод аҳлининг ҳаммаси ўз маконида ўзини ижодкор қавмининг бўрисиман деб билади.

Бироқ Пойтахтга – Марказга келганда кўпгина бўриларнинг шоқолга айланиб қолиши ҳам бор гап.

Лекин менинг дўстим Каримжон пойтахтда бўрилар ичида бўри бўлиб қолмай, балки бўриларнинг зўрига айланди десам, ҳақиқатни айтган бўламан…

Минг афсуски, Ўзбекистонда яшаш ва умргузаронлик қилиш – тулкиларга осон-у, бўриларга доим қийин бўлиб келган. Мен буни кўп марта айтдим ва ёздим. Боз устига бўри ёлғиз бўлса, бунинг устига – қайсар ва ўжар, ўз сўзи ва йўлидан қайтмайдиган бўлса…

Шу боисдан ҳам Каримга осон бўлгани йўқ. Чунки бўрилар ўз табиатига кўра ҳеч кимга бўйин эгмайдиган, рақиблари билан доим ёлғиз ва беомон, тенгма тенг курашадиган жонзот…

Баъзан унинг саҳифасида ажабтовур бўриларнинг турли туман суратларига кўзим тушади. Бу расмларни у аллақаерлардан топиб қўяди, баъзиларини ўзи чизади, рассомлик одати ҳам борлигини биламан. Яна шуни яхши биламанки, унинг бўрилар билан тиллашадиган тили бўлса ҳам ажаб эмас. У руҳан бўрилар ичида яшайди.

Ўйлайманки унга ортиқча баҳонинг кераги йўқ…

Уч журналист – Дадахон Ёқубов, Исмат Хушев ва Карим Баҳриев Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияси залларида. 1990 йил, Тошкент шаҳри.

Танишув

Каримжон ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр уни биринчи маротаба учратган кезларим ёдимга тушади.

Ўшанда “Саодат” журналидаги танқидий мақолам учун қувғинга учраб, эзилиб юрган дилтанг кунларим эди. Ҳамкасбларим бўлмиш дўст-у, биродарларим ҳам мендан ўзларини олиб қочарди.

Ана шундай ёлғиз ва фаромуш кунларимнинг бирида мен танимайдиган бўйчангина, озғин бир йигит қўлимни самимий сиқиб: “Исмат ака, сиз тўғри йўлдасиз, чунки яхши ва ҳалол, лекин суянчиғи йўқ одамларни ҳимоя қиляпсиз. Ёзувчини амалдор ҳеч қачон яхши кўрган эмас. Машрабни осганлар, Фурқатни Ёркентга қувганлар. Бизнинг мансабдорлар ҳам шундай. Хафа бўлманг”, – деб далда берди.

У пайтлар республикамизда Усмонхўжаевнинг ҳукмронлик даври эди. Бу самимий, таскин сўзларни эса ўша пайтда дадил айта олган дўст – Карим Баҳриев бўлди…

Депутатликка номзод

Кейин йиллар ўтиб, Ўзбекистонда ҳукмдорлар бирин-кетин алмашди. Усмонхўжаевнинг ўрнига Нишонов, ундан кейин Каримов ҳокимиятга келди.

Парвоз ва инқироз, қувонч ва ташвишларимиз билан биргалашиб биз ҳам ўсиб, улғайдик.

Михаил Горбачёвнинг СССР раҳбарлигига келиши баробарида бепоён советлар юрти узра кеза бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик шабадалари бошқа республикалар қатори Ўзбекистонга ҳам кириб кела бошлади.

Шак-шубҳасиз Каримжон ҳам талантли йигит эди. Самарқанднинг Ургут туманида туғилиб ўсган бу ўткир ва ҳур фикрли журналистни ҳамюртлари ишонч билдириб Олий Кенгаш депутатлигига номзод қилиб кўрсатишди.

Негаки, унинг ўзбек матбуотида, айтиш мумкинки, сиёсатида ҳам ўз муносиб ўрни бор.

Лекин менга ўхшаб ғўрлиги, сиёсий жиҳатдан пишиб етилмагани боис узоқ йиллар қоқилиб юради.

Биз бугун истеъдодли журналистнинг ана шу жўшқин фаолияти, бир сўз билан айтганда унинг ўзбек матбуоти ва сиёсатида ўтган нурли ва бетакрор кунлари ҳақида баҳоли-қудрат ҳикоя қилишни ихтиёр этдик.

Карим Баҳриев Ўзбекистон ва унинг Мустақиллигига, Озодлик ва Демократияга содиқ йигит. Мулоҳазали ва талантли журналист.

Тўқсонинчи йилларда, унинг номзоди депутатликка қўйилганда, ўзининг айтишича, энг яхши мақолани мен ёзган эканман.

Мана ўша мақола…

ИШОНЧГА САЗОВОР ЖУРНАЛИСТ

Ёш, истеъдодли журналист Карим Баҳриев Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатилди

Биз журналистлар кўпинча дунёдан нолиб, жиғибийрон бўлиб юрамиз-да, сўнг: “Бизни ўзи ким ҳам тушунарди. Амалдорни инсофга чақирсанг, қулоқ солмаса, халқни уйғотмоқчи бўлсанг, уйғонмаса. Биров бизни билармиди?”, – деб қўл силтаб қўямиз.

Йўқ, халқ билар экан! Яқинда ургутликлар 327-Қўйи қишлоқ сайлов округидан Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига Карим Баҳриев номзодини кўрсатишди. Уни, айниқса, ёшлар қўллаб-қувватлашди. Чунки у ВЛКСМ аъзоси, жумҳурият Ёшлар ташкилоти Қўмитаси аъзоси, бевосита ёшларнинг дилидагини билади.

Тақдир тақозоси билан мен Каримжон билан бир газетада ишлаганман. 1987- йил эди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида шаҳрисабзлик ўн етти ёшли бокира қизгинанинг номусига тажовуз қилган бир гала жиноятчилар ҳақида “Номус ўғрилари” номли суд очерки эълон қилганимда, аксарият ҳамюртларим мендан “Юзимизни ерга қаратдинг” деб нолишди. Ҳамкасбларим орасида эса биринчи бўлиб мени самимий қутлаган ва муваффақият тилаган Карим Баҳриев бўлди.

Ўшанда у менга шундай деган эди: “Энг аввало ўз халқининг ютуғини ҳам, камчилигини ҳам (ҳеч ким фаришта эмас) ўша элнинг ўз вакили айтиши керак. Бунга унинг маънавий ҳаққи бор. Ўз туғилган ерингдаги ташвиш ва камчиликни кўра туриб сукут сақлаш бу икки баробар катта жиноятдир. Шу маънода мен Сизнинг қашқадарёлик бўла туриб Қашқадарёдаги қонунсизлик ва адолатсизликлар ҳақидаги мақолаларингизни қўллаб-қувватлайман…”

1988-йил. Биз Карим Баҳриев билан бирга бир гуруҳ ёш ижодкорлар сафида Германия ва Польшага сафар қилдик. Сафардошларимизнинг аксарияти асосий вақтларини хориж магазинларида ўтказганларида ҳам мен Каримжонни ўз фотоаппарати билан Веймардаги Гёте уй-музейида, Врослав ибодатхоналарида ёлғиз хаёл суриб юрганини кўп бор кузатганман.

Ўтган йили Шаҳрисабздаги Мироқи қишлоғида ўтказилган ёш ижодкорлар семинарига ҳам Каримжон билан бирга бордик. Бир куни мен уни Китобга – ота-онам уйига таклиф этдим. Ўшанда у менинг аксарият дўстларим ҳайиқиб, тортиниб турадиган – уруш сочларини жуда эрта оқартирган кекса отам билан тезда тил топишиб, то тонггача суҳбат қурганини эслаб ҳамон ҳайратланаман. Ундаги ўз ёшига нисбатан эрта уйғонган бу фазилат, бу фозиллик қаердан пайдо бўлган деб ўйлаб қоламан.

Кунларнинг бирида шунга ўхшаш фикрларимни адабиёт газетасида бизни кўпроқ “суяб” юрувчи Маҳмуд Саъдий билан Иброҳим Ғофуровларга айтганимда “У ҳам Москвада ўқиган” деб жавоб қилишган эди. Ахир, Москвада мен ҳам ўқиганман. Мен ҳам ўзимни унча-бунчадан кам ҳисобламаслигим мумкин. Лекин Каримжонни негадир барибир ўзимдан юқорироқ қўйгим келади. Унинг рус тилида ҳам хатосиз, эркин ёзишларини, оддий бир мақолани ҳам дилдан, самимий ва содда тилда ўқувчига етказа олишларини ўйлаб, уни ўзимдан устун қўйиб хато қилмаётганимга яна бир бор амин бўламан.

Мен масалани бу тарзда таҳлил этаётганим баъзилар учун эриш туюлиши мумкин. Негаки, Каримжон билан биз деярли тенгдошмиз. Икковимиз ҳам бирин-кетин Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битирдик. Бирин-кетин адабиёт газетасига ишга келдик. Бирин-кетин ўттиз ёшлилар сафига бориб қўшилдик.

Одатда ўттиз ёшли балоғат ва камолот пиллапоясидан туриб ўз тенгдошинг ижодини кузатсанг, кўпинча киши сезмаган ҳолда бировдан кўра ўзининг ютуқларини кўпроқ излаб қолади. Шунинг учун ҳам мен бугун шу пайтга қадар Карим Баҳриев ҳақида ўйлаб юрганларимни ҳеч бир бўёқсиз, қўшиб-чатмай, қандай бўлса шундайлигича қоғозга туширишга жазм этдим.

Токи бизнинг авлодимиз ҳам ўз сафидаги етук ва баркамол фикрловчи тенгдошларини , дўстларини ҳеч бир ҳадик ва ҳасадсиз тан оладиган бўлсин. Уларни жумҳурият олий органларига берашк-у, беҳасад чин дил билан йўллай олсин. Ахир “фалончи депутатликка ўтиб кетибди, менинг ундан қаерим кам” деб айюҳаннос солаётганлар, ўз манфаати йўлида қайта қуриш сиёсатини ҳам, партия обрўйини ҳам қурбон қилиб, ўзини “янги давр арбоби” дея эълон қилаётганлар озми сафимизда.

Мен яқинда “Московские новости” газетасида ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Аппарат ўйинлари” номли мақоласини ўқиб қолдим. Муаллиф фикрича гўё Ўзбекистонда бу йил ҳам ўтган йиллардагидек сайлов ўйинлари, партия ташкилотларининг лўттибозликлари давом этаётган эмиш. Бунга мисол қилиб Темур Пўлатов адабиёт, санъат ва илм-фан оламининг вакиллари ҳеч қаердан номзод қилиб кўрсатилмади, деган бемаъни ғояни илгари суради.

Темур Пўлатов нима мақсадда бундай бўҳтон сўзларни айтганини мен билмайман. Лекин мен Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Солиҳ, Шерали Жўраев, Пиримқул Қодиров, Абдусаид Кўчимов, Олмахон Ҳайитова, Турсуной Содиқова, Тошпўлат Аҳмедов, Жаҳонгир Маматов ва Карим Баҳриев каби неча ўнлаб шоир, ёзувчи, ҳофиз ва журналистларнинг Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига номзод қилиб рўйхатга олинганини яхши биламан.

Жумҳуриятимиз тарихида ҳеч бир даврда, ҳеч бир сайловда бу қадар кўп адабиёт ва санъат вакилларига депутат бўлиш учун эркинлик ва имконият яратилмаган эди. Биз буни тан олмасак нонкўрлик бўлади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, етмиш йилдан буён миллий классик қўшиқларимиз ижрочиларидан бирортаси ҳам жумҳурият олий органларига депутат қилиб кўрсатилмаган экан. Фақат Ҳалима Носировагина СССР Олий Советига депутат бўлган, холос. Темур Пўлатов айблаётган бу йилги сайловдаги халқчиллик ва адолат туфайли Шерали Жўраев номзоди жумҳурият халқ депутатлигига кўрсатилди ва рўйхатга олинди.

Биз ёзувчилар икки хил қаламга, икки хил сиёсатга ўрганмаслигимиз керак. Ҳамиша ўз бемаъни манфаатимизни халқ манфаатидан, жумҳурият манфаатидан устунлик қилишини жиловлаб туришимиз лозим.

Ёш ва умидли журналист Карим Баҳриев номзодининг Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига кўрсатилиши ва рўйхатга олиниши ҳам менинг назаримда қайта қуришнинг, жумҳурият партия Марказий Комитетига ишга келган янги ва одил раҳбариятнинг олиб бораётган оқил сиёсати натижасидир.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир! Авваллари шундай жасур ва журъатли журналистларни номзод қилишга қўйишармиди? Ургутликлар уни сайлашадими, йўқми, билмадим, лекин барибир номзод сифатида яхши одамни танлаганларидан хурсандман. Негаки, энди ясама, гўл депутатларнинг пайти ўтди. Бир дўстим бошлиқлар бева бир аёлни паранжисини олиб, ялиниб депутат қилганликларини, Тошкентга сессияга ҳар гал қайнотасидан ижозат сўраб зўрға олиб келганларини ҳикоя қилиб берган эди. Хайрият, одамлар бундай қўғирчоқ депутатлар керак эмаслигини бугун англаб етмоқдалар.

Мен бугун Карим Баҳриевнинг ўткир публицистик мақолаларини, матбуот саҳифаларидаги қатор дадил чиқишларини тилга олмадим. Мен унинг ҳақида ўзим ёнида юриб кузатган, хаёлимдан кечган фикр-ўйларимни қандоқ бўлса, шундайлигича ёзишга қарор қилдим, холос. Бу ихлос ва эҳтиромга мен табиийки унинг қадди қомати учун эмас, балки ёзганлари учун, адолатсевар ва курашчанлиги учун ихтиёр сездим.

Мен унда депутатликка муносиб нималарни кўраман? Биринчидан, унда уйғоқ қалб, фикрловчи тафаккур бор. Адабиёт газетасига бош уриб келган жабрдийда одамларнинг арзини олиб гоҳ Сурхондарёда, гоҳ Хоразмда, гоҳ Бухорода юради.

Бир куни ўғли армияда ҳалок бўлган ғаллаороллик отадан редакцияга хат келди. Бош муҳаррир уни “Карим ёки Исмат бориб келсин” деб хатлар бўлимига ўтказибди. Эрта борарман, индин борарман деган ўй билан хатни бир ҳафтага яқин столим устида сақлаб юрдим. Бир куни уни излаб тополмадим. Бўлим мудиримиз Муҳаббат Туробова хатни Карим олиб Ғаллаоролга жўнаб кетганини айтиб қолди. Рости, жаҳлим чиқди. Мавзу яхши эди. Кўпчиликнинг ичидаги дард эди. Ўзим ёзмоқчи эдим…

Уч кун ўтиб Каримжон қайтди. Очилиб сўрашмадим. Яна уч кун ўтиб қўлимга бир мақола тутқазди, кўриб беринг деб. Ҳам алам, ҳам носамимийлик билан ўқий бошладим. Ўқий бошладим-у, Каримни барибир ёмон кўра олмаслигимни, у мақолани мендан ҳам яхши ёза олишини беихтиёр тан олгим келди. Карим мақолани йиғлаб ёзган эди. Мен ҳам уни йиғлаб ўқидим. Уни, балки Сиз ҳам, муҳтарам дўст, йиғлаб ўқигандирсиз. У “Ой бориб омон қайтмаган болам” номли мақола эди…

Каримда иқтисодий билим бор – у “Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь” журналлари таҳрир ҳайъатининг аъзоси. Унинг жумҳуриятни хўжалик ҳисобига ўтказиш борасида ўз режалари борлигини яхши биламан. Самарқанд вилоятини мева-савзовотчиликка ихтисослаштиришга, Зарафшон дарёсининг тозалигини асраш учун Самарқанд-Навоий-Бухоро ҳаракати уюштиришга доир мулоҳазаларни излаб юрганидан хабардорман.

У бир куни менга дабдурустдан “Исмат ака, амалдорлар биз ёзган билан пора олишни бас қилмайдилар, келинг, халққа: “Одамлар, пора берманг!” дея мурожаат қилайлик” – деган эди. Агар депутат бўлса, энди бу борада ҳам аёвсиз курашиши аниқ.

Карим Баҳриев ҳар сафар Ургутга бориб келгач, “Халқ жуда сабрли-да, Испанзанинг ичкари йўлларидан бронетранспортёр ҳам юролмайди, Қуйи қишлоқда мактаб қуриш керак, Жайрада болалар боғчаси йўқ, ёшлар ишсиз – саноат корхоналари қуриш лозим, тамакининг аччиғини айтмайсизми?!

Ай, бу ургутликларни асраш керак”, деб фиғони фалакка чиқарди. Агар депутат бўлса, ўзи шу ишларни қилади, албатта. Ўзи ўша жойларда туғилган, билади…

Исмат ХУШЕВ,
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь” журналлари
Бош муҳаррири вазифасини бажарувчи.

“Ёш ленинчи” газетаси 1990-йил, 13- февраль, №30

Исмат Хушев Карим Баҳриев билан Тошкентда (2013 йил)
@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.07.2021 12:43
Дадахон Ёкубов ким эди?
05.02.2021 09:54
Карим Бахриевнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий таҳлиллари, халқпарварлиги ва ватанпарварлиги, оддий инсонийлиги мени ҳайратга солади. У, том маънода шерюракдир.