Ўзбекистонда “ёрдам берувчи дафтарлар” сони яна биттага ортди

11.04.2022 16:11

Ўзбекистонда яна бир “ёрдам берувчи дафтар” — “Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари” жорий этилади. Бу ҳақда АОКАда жорий йил 11 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиева маълум қилди. Шунингдек, “Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари фаолиятини ташкил этиш” услубий қўлланмаси ишлаб чиқилгани ҳам айтиб ўтилган. 

Ҳозиргача Ўзбекистонда нечта “ёрдам берувчи дафтарлар” ишлаб чиқилди? 

  1. Темир дафтари
  2. Аёллар дафтари 
  3. Ёшлар дафтари 
  4. Меҳр дафтари
  5. Олтин дафтари 
  6. Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари

 

Албатта, ҳар бир дафтарнинг ўз ёрдам кўрсатадиган йўналиши бор.

  • Темир дафтар – ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар учун яратилган;
  • Ёшлар дафтари – ишсиз ёшлар учун;
  • Аёллар дафтари – ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар учун;
  • Меҳр дафтари – етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида;
  • Олтин дафтар – хориждаги ўзбекистонликлар учун; 
  • Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари эса ўз номидан низоли оилалар билан алоҳида ишлаш учун яратилмоқда.
     

Маълумот ўрнида, 2021 йил сентябрь ойида “Темир” ва Аёллар” дафтарига қанча фуқаролар киритилганининг статистик рақамлари очиқланган эди. Унга кўра, “Темир дафтар” рўйхатига деярли 600 минг оила киритилган. Таъкидланишича, аксариятининг мавжуд муаммолари бартараф этилгани боис 564 612 та оила ундан чиқарилган. “Аёллар дафтари”га эса жами 432 781 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг деярли барчасига амалий ёрдам кўрсатилганлиги айтилади. 

Эслатиб ўтамиз, бу “дафтарлар” Ўзбекистонда пандемия даврида (2019 охири – 2020 йил бошларида) муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш учун шакллантирилиб бошланган эди. Қарийб 3 йил ичида бу дафтарлар сони 6 тага етмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
12.04.2022 15:37
Бу дафтарларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ишсизликни ортиб боришидан далолат беради. Агар хукумат ишлаб чиқариш сохасини ривожлантиришни энг биринчи масала сифатида кўриб, бор кучини шу сохага йўналтирса, иш жойлари кескин кўпаяди ва ахолининг банджлиги таъминланиб бундай дафтарлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади.